Демократия, сўз эркинлиги сарҳади торайган сари қарсакларнинг жаранги ортиб бораверади – Журналист Гулмира Мусажонова билан суҳбат


Сақлаш
22:07 / 18.07.2023 1246 0

Публицист Иқбол ҚЎШШАЕВА билан тележурналист Гулмира МУСАЖОНОВА суҳбати

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Гулмира опа, киношунос Ҳамидулла Акбаров отангиз, атоқли адиб Фарҳод Мусажоновни таърифлаб, “У телевидениега ҳақиқатни, рост сўзни олиб келди”, деган эди. Бугун сиз ҳам рост сўз учун курашаётган камёб журналистлар сафидасиз. Марказий телевидениеда эфирга узатилаётган кўрсатувларингизда аччиқ ҳақиқатлардан баҳс этасиз. Сизни маиший муаммолардан кўра ижтимоий-сиёсий воқелик кўпроқ қизиқтиришига аминман. Келинг, “Тафаккур” журнали минбар берганидан фойдаланиб, юракдан бир суҳбатлашайлик.

 

Евгений Евтушенконинг совет қўшини Чехословакияга киритилганига бағишланган шеърида бундай фикр бор: “Бас, дод солманг! “Рус ёзувчиси рус танки остида мажақланди”, деб ёзиб қўйинг, вассалом”. Чинакам зиёли ўзини мудом миллат ва мамлакат тақдирига масъул деб билади. Бугун бизнинг ойдинлар жавобгарлик туйғусидан маҳрумлиги боис жамиятдаги ўрнини бой бериб қўймадимикан? Ҳай-ҳай демасангиз, айрим қаламкашлар танкни “нажот қалъаси” деб алқамоққа тайёр! Ижод аҳлининг чекиниши, таъбир жоиз бўлса, ҳақдан юз ўгириши қачон, не сабаб рўй берди?

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Ёзувчи-шоир, олиму журналистларимизнинг “ҳоли табоҳ”и ҳақида кўп ўйлайман. Бир чеккада жим турса-ку майли, аммо айримлари риё ва мунофиқлик, маддоҳлик ва хушомадгўйликнинг кимўзар мусобақасида беллашаётгандек... Нега бу кўйга тушдик? Назаримда, сабаб иккита: қўрқоқлик ва нафсга қуллик!

 

Аслида, йўқотишларимиз чор Русияси мустамлакасидан бошланган. “Халоскор” ниқобини тутган шўро ҳукуматининг ёвузлиги  ундан-да ошиб тушди. Тоталитар тузумнинг асосий душмани –  мустақил фикрга эга шахслар. Ҳамма ягона ғоя теграсида бирлашиши, якранг фикрлаши, якка партия аъзоси бўлиши, ҳатто бир хил кийиниши керак! Зулм ва зўравонликка асосланган шўро давлати ҳам ҳурфикрлиликка қарши уруш очиб, миллат ойдинларини қатағон қилди.

 

Албатта, ҳамма ҳам жасорат бобида Абдулла Қодирий бўлолмайди. Хўш, Қодирий қўрқмаган, таҳликага тушмаганми? Менимча, қўрққан, таҳлика қилган. Бироқ халқ, жамият олдидаги масъулият туйғуси ёзувчига “ичидаги хоинни ўлдирмоқ”қа куч берган. Машъум ўттизинчи йилларда айрим шоир-ёзувчилар ширин жони ёки қорни учун эмас, яқинлари ҳаётини сақлаб қолиш учун эътиқоддан воз кечишга мажбур бўлган. Не тонгки, бу ҳозирги маънавий инқироз томон қўйилган илк қадам эди. “Қатағон машинаси”дан жисмонан омон қолганлар эса руҳан мажақланди. Пажмурда қалблар қандай қилиб катта адабиёт ярата олсин?! Лекин бугун бошқа тоифа истеъдодлар ҳам бор – уларга босим ўтказишнинг ҳеч ҳожати йўқ. Қул бор экан, қулдор топилади-да. Сираси, бир аср аввал қалам аҳли яқинларини ўйлаб туҳматномага имзо чеккан бўлса, бугун моддий манфаат, имтиёзу нуфуз виждонни жиддий синовдан ўтказаётир.

 

Дунёдаги энг инобатли танловларда ҳам баъзан сиёсат аралашаётганини сезиб-билиб турасиз. Еган оғиз уялар дейдилар, ҳукумат ёки бирон бир ташкилот сизни тақдирласа, уни танқид қилмоққа истиҳола этишингиз тайин. Ким билсин, сизни истеъдодингиз учун эмас, айнан оғзингизни ёпмоқ учун сийлагандирлар?! Хом сут эмган бандамиз-да, гоҳида эътибору эътирофнинг ўзи одамга ҳузур бағишлайди. Ўша ҳузурни такрор ва такрор туйиш истагида ижодкор унвону мукофотларга кўз тикиб қолиши ҳеч гапмас. Энди у ўз-ўзидан “билдирилган юксак ишонч”ни оқламоққа бел боғлайди, қўли кўксидан тушмайдиган бўлиб қолади.

 

Ҳар доим ҳам фикрловчи, исёнкор, виждонли зиёлилар халқни уйғотган, олға бошлаган. Энди тасаввур қилинг, киройи мансаб, шинам маркаб ва бошқа турли имтиёзлар домидаги одам Евтушенконинг адабий қаҳрамони сингари халққа қарата ўқ узишга шай турган танк остига ўзини ташлай оладими?!

 

Исёнсиз ижод – чин ижод эмас. Айрим қаламкашларнинг очиқчасига маддоҳлик қилаётганини кўриб ўйлаб қоламан: нима жин урди уни, боёқиш гапларига ўзи ишонармикан? Ленин ва Сталин номидаги давлат мукофоти соҳибларининг асарлари ҳозир ўқиляптими? Нега хулоса чиқармаймиз, ахир?! Китобхоннинг миллий адабиётдан узоқлашиб бораётганида шундай қаламкашларнинг ҳам айби бор деб ҳисоблайман.

 

Ҳаётда ҳар бир одамнинг ўз миссияси бўлади. Зиммага олинган ул мажбуриятни бажармоқ қарзу фарз! Шоир-ёзувчи эса миссиясидан, маслагидан чекинар экан, ўзигина эмас, халқни ҳам Ҳақдан йироқлаштиради. Унутмайликки, Худо кимга мўл истеъдод ато этса, сўроқ-саволи ҳам шунга яраша оғир бўлади.

 

Уйғониш-чи, нимадан бошланади у? Фикрдан! Фикрлашдан! Фикр уйғонса – ижод нашъу намо топади, кашфиётларга йўл очилади. Ижодкорда фикр билан бирга виждон ҳам бедор бўлмоғи лозим. У ўзи ва сўзи учун масъул эканини теран англамас экан, эркин фикр, адабий юксалиш ҳақидаги  гаплар қуруқ сафсатага айланади.

 

Албатта, адабиёт аҳлига кўмак кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш керак. Назаримда, бунинг энг тўғри йўли – рисоладагидек қалам ҳақи тизими йўлга қўйилиши керак. Ана шунда ижодкор тирикчилик учун ўзини ҳар кўчага урмайди.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Шоира Зулфиянинг “Она қалби оёққа турса, / Ўғлим, сира бўлмайди уруш!” деган мисраларида жон бордек. 2022 йилда икки биродар халқ ўртасида бошланган урушга европалик аёл сиёсатчи Урсула фон дер Ляйен биринчилардан бўлиб қарши чиқди. Ҳамон маслагида собит у. Ана шундай қалтис паллаларда аёллар таваккалчиликни дадил бўйнига олганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Сиёсий ўйинлар, қирғинбаротлар бир кун келиб тугар, лекин унгача замбарак ўқидан кўкси пора бўлган она замин нонкўр болаларидан ўч олмайдими?! Дунёнинг тинчлиги, сайёранинг омонлиги, борингки, инсониятнинг азоб-уқубатларини енгиллатмоқ учун ҳам аёллар сиёсат билан кўпроқ машғул бўлиши керакка ўхшайди...

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Баҳсталаб мавзуни қўзғадингиз. Ўтган йили қўшни ўлкага уруш очган шимолдаги давлат ўз армиясига “кўнгиллилар”ни мажбуран ёллади. Ўшанда аксар оналар фарзандларини фахр билан ўзга юртни талон этмоққа юборди. Лекин Расул Ҳамзатов ватани оналари ўғиллари қотил бўлишини истамади, аёл боши билан бу бедодликка қарши чиқди улар.

 

Илгарилари аёлнинг бир оғиз сўзи билан урушлар тугатилар, низолар барҳам топар эди. Аёллар эркакларга куч беради, уларни жасоратга чорлайди, илҳомлантиради. Лекин нега кўпинча ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётган паллада эркаклар иккиланади? Балки асосан мантиқ кучига таянгани боисдир? Бу ерда аёлнинг айнан она экани алоҳида аҳамиятга эга, назаримда. Она – яратувчи, тириклик тимсоли, ҳаёт дарахтининг илдизи. Туғиш-туғилиш қандай азоб эканини вужудида ҳис қилган минг бир жон эгаси “ўлим-ўлим” ўйинига томошабин бўлиб тура олмайди-да!

 

Аёлларнинг сиёсатда янада фаол бўлишини қўллайман. Улар мансабни  безовчи чиройли қўғирчоқ бўлиб қолмасин! “Биздаям сиёсатчи аёллар бор”, деб керилиш учунгина улардан фойдаланмайлик. Чунки дунёни аёлнинг ҳусни эмас, маъсум қалби қутқаради.

 

Хонаси келиб қолди, аёл қавми ҳам хос хилқат эмаслигини тушунишимга сабаб бўлган бир тарихий воқеани эслаб ўтсам.

 

1979 йилда совет қўшини Афғонистонга бостириб киради. Ўшанда таниқли академик, Нобель мукофоти соҳиби Андрей Сахаров бу ҳодисани қоралаб баёнот беради... 1989 йилда бўлиб ўтган СССР халқ депутатлари съездида эса ўзбекистонлик депутат аёл академик Сахаровнинг шаънига ҳақоратлар ёғдиргани ҳамон кўз олдимда. Билмадим – у ўз хоҳиши билан минбарга чиққанми ёки кимдир мажбур қилганми, лекин ўша дам юртдошимнинг, ҳамжинсимнинг қилмишидан ерга киргудек бўлганман...

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Дарвоқе, 1989 йилги тарихий съездда жаҳонга донғи кетган академикни “вайсақи чол” атаб, уни забун ҳолга солган яна бир ўзбекистонлик хоним бор. Машҳур балерина, халқ артисти! Лекин негадир кўпчилик уни эсламайди. Ҳолбуки, интернетда “Сахаров – съезд” дея қидирув берилса, нуқул у акс этган видеолавҳа чиқади.

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Балеринамизнинг чиқиши ҳам эсимда. Эҳтимол, андишанинг тоши оғирлиги важидан бу мавзуга кўпчилик дахл этмас... Алқисса, ўшанда депутат деган ном ҳамиша виждонли, савияси баланд зиёлини англатмаслигига иймон келтирганман. Гоҳида манфаатнинг умумий қозонида эркагу аёл, санъаткору сохтакор – ҳаммаси бир тусга кирар экан. Депутат хонимнинг оғиз кўпиртиришидан кейин залда янграган гулдурос қарсакларни эшитиб эса, чапаклар ҳар доим ҳам зўр фикр ёки ҳақиқат учун чалинмаслигини англаганман. Демократия, сўз эркинлиги сарҳади торайган сари қарсакларнинг жаранги ортиб бораверадими дейман...

 

Гоҳида кичик бир жуссада бутун инсониятнинг қайғуси мужассам бўлиши мумкин. 1982 йилда Саманта Смит исмли америкалик қизча СССР раҳбари Юрий Андроповга мактуб ёзиб, икки йирик давлат ўртасида ядро уруши бошланиб кетишидан хавотирда эканини баён қилади. “Сиз уруш тарафдоримисиз ёки унга қаршимисиз? Агар қарши бўлсангиз, унинг олдини олиш йўлини биласизми?” дея савол беради Саманта СССР раҳбарига. Ўн яшар қизалоқ уруш одамзодга кулфат келтиришини англаб етганини қаранг!

 

Ҳозир-чи? Уруш борасида позициянгиз қандай деб сўралса, айрим эркак ижодкорлар чучмалланиб турса, яна айримлари босқинчиликни оқламоққа уринса!.. Наҳотки, бировнинг заминига бостириб кириб, уни вайрон этиш мудҳиш жиноят эканини Навоий, Қодирий, Достоевский, Чехов, Ҳемингуэйларни ўқиган, Бергман, Феллинининг фильмларини кўрганлар тушунмаса?! Очиғи, шундай лаҳзаларда адабиёт ва санъатнинг халоскор кучига шубҳа билан қарай бошлайсиз. Санъат ёғдуси тафаккур ва  қалб зулматини ёриб ўтолмайдими?..

 

Сўз аёл ва сиёсат мавзусида кетар экан, бир замондошимизни ёдга олмасам бўлмайди. Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова нафақат бетакрор ижроси, сиёсату санъат бобидаги дадил фикрлари билан ҳам тилга тушган. Дилором опа “Биргаликда кўрамиз” теледастуримизнинг доимий иштирокчиларидан. Афсуски, фикрий якранглик телевидениемиз, жамиятимизга хос ҳолат. Тўғрисўз, заковатли актрисамизнинг фикрлари ана шу якрангликда бир парча оловдек кўзга ташланади.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Ўзим ҳали бир тўхтамга кела олмаган бир мавзуда ҳам фикрингизни билсам. Бугун ижтимоий тармоқларда мутаассиб диндорлар ва радикал феминистлар тўқнашувига тез-тез дуч келмоқдамиз. Очиғи, ниҳояси йўқ бу баҳсларга кўпинча эътибор бермайман. Чунки иккала томон фикр-қарашида ҳам теранликдан йироқ қайсарлик, ўрлик манаман деб туради. Мухтасар айтганда, инкорлар жанги! Назаримда, олтин ҳалқа – уйғунлик бузилаётир. Шахсан мен аёл фалсафасини кеча – бугун – эрта бирлигида, қадриятлар, тириклик ва тараққиёт муштараклигида кўраман. Сизнингча, феминизм аёлга имтиёзми ё жазо? Шахс ва аёллик чегараси, уйғунлиги қай жиҳатларда намоён бўлади?

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Ҳамма нарсада меъёр бўлгани, олтин ўрталик топилгани яхши. Феминизм ҳам меъёрдан ошса имтиёздан жазога айланади. Бундан нафақат аёл, балки жамият ҳам жабр кўради. Умуман, табиатда уйғунлик, мутаносиблик йўқолса, муқаррар ҳалокат юз беради. Инсон аввало ўзига, табиатига қарши бормаслиги керак. У ботинида қандай туйғулар кечаётгани, кўнгли нимани истаётганини яхши англайди. Аёл феминистликни ҳаёт мазмуни деб биляптими, уни синдириш керак эмас, атрофдагиларга зиён келтирмаса бўлгани. Аммо феминизм бизнинг жамиятда имтиёз саналишига ҳали анча бордек. Чунки бизда бу таълимотга ижобий, ҳатто бетараф муносабатда бўладиганлар сафи сийрак. Турғун тасаввур ва қарашлар ҳукмрон бўлгани боис феминизм аёл учун жазога айланиши ҳеч гапмас. Аммо аёл ботиний талаб-эҳтиёжга кўра эмас, бу тушунча расм-русумга айланиб, дунёда кенг қулоч ёяётгани учунгина уни байроқ қилса, бу ҳол ўзига кулфат келтиради. Замон шиддатига ҳамқадам бўламан деб инсоннинг ўз табиатига қарши бориши ҳамиша фожиа билан тугайди.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Сиз болаликдан кино дунёси билан ҳамнафас ўсгансиз, бугун ҳам унга бегона эмассиз. “Биргаликда кўрамиз” теледастуридан асосан жаҳон киносига мойиллигингиз сезилади. Ҳатто ўзаро суҳбатларда ҳам кейинги йиллар ўзбек киноси ҳақида лом-мим демайсиз. Биламан, “афсонавий” деб сифатланадиган кинорежиссёрларимиз ижодига мухлислик мақомидан аллақачон ўтгансиз. Лекин барибир қизиқ-да, сукутингизнинг боиси не?

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Ўзбек киноси мен учун дардли мавзу. Сиз назарда тутган устоз режиссёрларнинг аксари шўро тузуми даврида ижод қилган, уларнинг аксар фильмлари ҳам ўша мафкура маҳсули. Киночилар ўз ижодий ишларини  фарзандим дейишни яхши кўради. Лекин мен баъзи фильмларни ўзбекнинг ўгай боласига ўхшатаман, юрагимда уларга нисбатан илиқлик йўқ. Чунки бу фильмлар томошабинда меҳр уйғотмайди. Ўткинчи ғоя тарғиб қилинган кинокартиналарда халқимизга ҳамдардлик, яқинлик туймайсиз. Ўзбекнинг исми бор-у, ўзи йўқ...

 

Бугун миллатга кўзгу бўла оладиган ҳаққоний киноасарлар керак. Юксалишнинг йўли фақат шу! Бунинг учун режиссёр аввало шахс бўлмоғи даркор. Бизда эса аксар киночиларимиз ё “тепа”, ё оммага ёқиш илинжида фильм суратга олади. Сўнгги йилларда буюртма фильмларга ружу қўйилаётир. Давлат буюртмасини биров иқтидори даражасида дуруст бажараётгани, яна биров ҳаминқадар фильм олиб ҳам, уялмай уни кўз-кўз қилиб юрганининг гувоҳи бўляпмиз. Боз устига, юзаки ёндашув, жўн талқин, бачканалик... томошабин умидини пучга чиқармоқда. Ижод ва буюртма бир-бирига зид тушунчалар, асли. Ҳар қанча доҳиёна истеъдод соҳиби бўлмасин, ижодкор анчайин ижрочига айланса, яхши картина ярата олмайди. Чунки ўлик руҳдан фақат ўлик асар туғилади.

 

Миллий кино равнақига фикр саёзлиги, ижодкор дардининг маҳдудлиги, шахсият майдалиги ҳам тўғаноқ бўлаётир. Катта қалб эгаси бўлмиш ижодкор бошқа миллатлар дардини ҳам ҳис қилади, ўзини сайёра граждани деб билади. Профессионализм-чи, деб сўрашингиз мумкин. Агар ижодкор – шахси бутун, фикри теран бўлса, профессионализм ҳам албатта бўй кўрсатади.

 

Жаҳон санъатининг юксак мезонларини қўятуринг, ҳозир суратга олинаётган кинокартиналаримиз ўзбек томошабинининг камтарона талабига жавоб беряптими? Назаримда, фильмларимиз на санъат даражасига чиқа оляпти, на саноат ўлароқ даромад келтиряпти. Кинога масъул даргоҳни ҳам ижодхона, ҳам корхона деб аташ мумкин. Демак, ижод аҳлини тушуниб, уни ҳимоя қила оладиган, шу билан бирга, корхона ишини ҳалол юритадиган кадрлар керак.

 

Кино санъати вакиллари – режиссёр, сценарийнависларимизни қандай ўйлар ўртаяпти? Улар бизга, дунёга қандай саволлар билан мурожаат этяпти? Умуман, бугунги ўзбек киноси замондошларимиз тафаккури, қалбини нима билан озиқлантиряпти?..

 

Бугунги кунда Эрон режиссёрлари нафақат ўз халқи, балки бутун инсониятга кўзгу тутиб, таҳлил-тафтишга ундаяпти. Форс жамиятидаги каби дард-изтироблар бизда йўқми? Агар ижодкор кўнгли саркаш саволлардан бедор бўлмас экан, фильми ҳам дардсиз чиқиши аниқ. Дейлик, Юсуф Розиқов, Собир Назармуҳаммедов, Жаҳонгир Қосимов, Аюб Шаҳобиддиновда фикр бор, дард бор, лекин уларга ҳам недир халал бераётгандек.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: “Мен билган ҳақиқатлар” кўрсатувингиз узоқ вақт суратга олинади. Қаҳрамонингиздан керакли гапни суғуриб олмагунча уни экранга чиқаргингиз келмайди. Кўнглингиз тўлмаган ҳолатлар ҳам бўлиб туради деб эшитаман. Суҳбатдошингиздан кўпроқ журъат кутасизми ё фикр? Сиз учун шахсият муҳимми ё тафаккур?

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Хотиржамроқ ишлашимиз рост. Бошқа бир “айб”имни ҳам бўйнимга олсам – қаҳрамонимга асосан ўзимга тинчлик бермаётган саволларни бераман. Сираси, кўрсатувни руҳий кечинмаларимга кўра тайёрлайман, шунга мос қаҳрамон – дарддош қидираман. Эҳтимол, бу унчалик тўғри эмасдир, кўрсатувда қаҳрамонни томошабинга яқиндан танитиш асосий мақсад бўлмоғи лозимдир. Лекин барибир ўзингиз учун тўғри жавоб, мақбул йўл топмоқ учун закий одамларнинг ҳам фикр-муносабатини билишни истаркансиз.

 

“Журъатми ё фикр” масаласига келсак, суҳбатдошнинг журъати мўл-у, фикри саёз бўлса-чи? Ёки фикри қувватли-ю, журъати заиф бўлса? Хуллас, иккисиям муҳим.  Одамнинг маслаги кучли бўлса, унда фикр ҳам, журъат ҳам пойдор келади. Бутун одамдеганимиз ҳам асли шу. Ҳозирга қадар фикрсиз ёки журъатсизларни экранга олиб чиқмадик деган умиддаман. Тўғри қайд этдингиз, фикр ва журъат оби-тобига етмагунича, саволларим  пухта бўлмади, ўзимдан кўнглим тўлмади, деб қайта-қайта суҳбатга таклиф қилавераман. Афсуски, шахсияти майда ижодкорлар ҳам учрайди. Кўп китоб ўқиган, ақлли, дунёқараши кенг, аммо шахсияти кемтик. Ўзи билан курашда мағлуб бўлган бундай одамларга ҳам раҳмингиз, ҳам ҳайфингиз келади.   

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: “Ватан хоини”, “хорижий агент” каби тушунчалар бирёқлама гап, асл душманлик ичкарида ҳам кечади. Масалан, бизда нодир бисот – архивга муносабатни миллатга хиёнат деб баҳолагингиз келади. МТРКнинг “олтин фонди”да кўплаб спектакллар, портрет-кўрсатувлар сақланиб қолмаган. Назаримда, уч сабабга кўра халқ хотирасига зиён етказилган: шахсий хусумат важидан, “техника танқислиги” баҳонаcи билан ноёб тасвирлар ўчириб ташланган; бефарқлик ва қўрқоқлик. Ҳозир ҳам аллақандай қора рўйхат” сабаб айрим адабиёт ва маданият арбоблари  суҳбатларини тасмага муҳрлашга журъат этмаяпмиз. Бу борада ўзингизни ҳам айбдор  ҳис қиласизми? Тарозининг бир палласига турли бунёдкорлик ишларию Ўзбекистон байроғининг олимпиадаларда ҳилпираб туришини, иккинчи паллага номатлуб номлару ОАВ ва кинодаги цензурани қўйинг – қай бирининг тоши оғир келади?

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Жавобни ўзимни айбдор ҳис қилишни тан олмоқдан бошласам. Ўйлаб қўйган бир лойиҳамни дангасалигим сабаб бир йилдан бери амалга оширолмай юрибман. Ҳолбуки, ҳозир хусусий студиялар кўп, техникани ижарага олиб, номи “рўйхат”га тиркалган мўътабар шахслар билан келажак учун бемалол суҳбат қилиб қўйса бўлади.

 

Сир эмас, илм-фан, маданият аҳли хўрланган, таъқибга учраган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Ҳур фикр, эркин сўз бўғилган, зиёлилари узлатга чекинишга мажбур бўлган жамият наинки маънавий, иқтисодий таназзулга ҳам юз тутади.

 

Сиз эсга олган “қора рўйхат” бизга большевиклардан мерос қолган бало, қанчалар жоҳил эканимизни тасдиқловчи “васиқа”! Мустақил бўлганимизга ўттиз икки йил бўляпти, аммо ҳануз мустабид тузумнинг айрим иллатларидан воз кечолмаяпмиз. Шундай рўйхатнинг бўлишидан бировлар манфаатдормикан деган хаёлга бораман. Ҳарқалай, улар миллат савияси, халқ келажаги ҳақида қайғурмаётгани аниқ. Хўш, унда мақсад-муддао не? Қўрқув, таҳлика муҳитини сақлаб қолишми? Абулқосим  Фирдавсий “Ҳақиқат – кучлилигимиздан далолат, ёлғон – заифликни кўрсатар фақат”, деб ёзган эди. Демак, кучли бўлиш учун ҳам шармандали рўйхатларни йўқ қилишга ирода топмоқ лозим!

 

Миллий телерадиокомпаниямиз адабиёт, фан арбоблари, умуман, миллат ойдинларини тасвирга муҳрлашни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблаши керак. Бу хайрли юмушга бефарқлик ярамайди. Телерадиокомпания фондида шундай кўрсатув, видеоматериаллар сақланиши шарт. Таассуфки, истеъдодлиларнинг тақдири гоҳида истеъдодсизларнинг қўлида бўлади. Рус тилида “порядочность” деган сўз бор. Ор-номус, инсоф-диёнат дегани. Ана шу сифат бизда камёб бўлиб кетяпти. Зиёли фақат билими, тафаккури кенглиги билан эмас, ор-номуси, инсоф-диёнати билан том маънода зиёлидир.

 

Чинакам демократик давлат қуришни истаган жамиятда авваламбор оммавий ахборот воситалари эркин бўлади. Демак, соҳа раҳбарларидан ҳам шахсий жасорат, сиёсий ирода кўрсатмоқ талаб этилади.

 

Спортчиларимизнинг ғалабалари билан фахрланаман, Ўзбекистоннинг довруғини дунёга ёйишда уларнинг хизмати катта. Зафарларга эришиш йўлидаги меҳнату машаққатларини эътироф этган ҳолда бир нарсани айтишим шарт: жисмонан кучли, лекин илм-фан, адабиёт, маданият, санъатга ихлосcиз одамни расо демоққа тилим бормайди. Қолаверса, мақтанишга арзигулик ютуқлар фақат спорт билан чекланса, бошқа соҳаларда тараққиётни кутиш фойдасиз.

 

Иқтисоди ҳаминқадар бўлган мамлакатларда ҳам айрим спорт турлари ривожланар экан. Таълим тизими қолоқ жамият ёшлари учун спорт пул топиш, дунё кўришнинг ягона йўлига айланади. Мутараққий, ўзига тўқ давлатларда эса одамлар спорт билан шахсий камолотини кўзлаб шуғулланади. Медаль олмаса, бундан фожиа ясамайди. Мусобақада ғалаба қозонса, ҳукумат уй ҳам, машина ҳам бермайди. Зотан, яхши ўқиса, муносиб меҳнат қилса, барига ўз кучи билан эришиши мумкин.

 

Бизда ҳам таълим муаммолари ҳал қилинса, кўп масалалар ўз-ўзидан ечим топади. Ҳатто пойтахт Тошкентда мақтанишга арзийдиган мактаблар саноқли, уларда ҳам асосан ҳукумат аъзолари, сенатор, депутат ва пулдорларнинг фарзандлари таълим олади. Имкони борлар эса болаларини четда ўқитади. Бундай катта-кичик мансабдорлар ўзи, фарзандлари келажагини Ўзбекистонда кўрсагина чинакам ривожланиш бўлади.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида суратга олинган бир неча япон фильмини томоша қилдим. Бирида муҳаббат мотиви орқали япон жамиятидаги сиёсий вазият, ижтимоий ҳаёт акс эттирилган. Халқ билан бир чақалик иши йўқ партиянинг номи – “Халқ бирдамлиги”! Ҳолбуки, у уч-тўрттагина одам манфаатига хизмат қилувчи тўда, холос. Яна бир фильмда анъанавий кабуки театридан кейин замонавий саҳна санъати, ижодий новаторлик қандай машаққат билан  вужудга келгани ҳикоя қилинган. Томоша асносида кино санъати япон уйғониши, миллий тафаккурга қанчалик таъсир этгани ҳақида ўйладим. Ўз-ўзидан  бугунги ўзбек жамияти кўз олдимга келди: халқи – сиёсатчисига нисбатан ватанпарвар, шоир-ёзувчисидан кўра зиёли, ҳокимидан маърифатли, маънавиятчисидан маънили, санъаткоридан илғор, журналистидан дадил жамият. Албатта, бу ўта субъектив кузатув...

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Мулоҳазаларингизни тинглаяпман-у, “жамиятимиз хаста” деган ўжар фикр келмоқда хаёлимга. Эътибор берганмисиз, халқнинг ҳаққини ейишга ружу қўйган, учига чиққан порахўрлар ватанпарварлик, инсоф-диёнат ҳақида кўп гапиради. Эҳтимол, шу боис ҳам ёшлар бизга ишонмай қўйгандир. Гапимиз билан амалимиз бошқа-бошқа-да! Катталар мудом ёшларнинг тарбиясизлиги, билими пастлигидан нолийди. Улар шундай эканига аввало ўзимиз айбдормиз-ку! Ёшлар ҳамма масалада катталардан андаза олади, ахир.

 

Иқтидорли, билимли ёшларимиз ўз келажагини Ўзбекистон билан боғлашни истамаётгани – жиддий муаммо. Бу ҳақда бош қотиряпмизми? Коррупция, кўзбўямачилик илдиз отган, қонун олдида ҳамма тенглиги тўлиқ таъмин этилмаган муҳитда яшашни истамагани учун ёшларни айблаш тўғрими?..

 

Жамиятимизга чинакам шахслар зарур деб такрорлашдан чарчамайман! Шахс – ҳар бир масалада мустақил фикрга эга инсон. Ҳатто кийинишида ҳам у шахс экани билиниб туради. Раҳматли режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев санъат ва маданият институти талабаларига оқ кўйлак, қора шим шарт эмас, улар  “мен”и, ички дунёси, индивидуаллигини кўрсатувчи кийимда юргани маъқул, деб айтарди. Чиндан ҳам, бўлажак ижодкор жиллақурса кийинишда эркин бўлиши керак-ку!

 

Дунё эврилишга юз тутяпти. Буни охирги вақтларда янада яққол ҳис қиляпман. Жадал тараққиётга монанд одимламасак, ҳолимизни ўзгартирмасак, қолоқликдан қутула олмаймиз.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА: Гулмира опа, гоҳида “қайта қуриш” йилларида бошқа миллат адибларининг ғаладонидан қўлёзмалар топилди, лекин биздан ҳеч нарса чиқмади,  деган маънодаги надомат қулоққа чалиниб қолади. Бу бўшлиқнинг сабабини энди тушунгандекман. Қайси бир машҳур шоирнинг аёли азбаройи эрига “яхши бўлиши учун” шеърларига қалам урган, яна бир атоқли адибимизнинг рафиқаси турмуш ўртоғи вафот этгандан кейин унинг қўлёзмаларини ўқиб, даҳшатга тушганидан ёқиб юборган, деган гаплар юради. “Отаси,  қўйинг, бунақа қалтис шеъру мақола ёзманг,  бизни ўйланг” қабилидаги гаплар ҳур фикрга мойил ижодкорларнинг оиласида тез-тез такрорланади. Ёки яна бир катта шоирамизнинг турмуш ўртоғи унинг ҳар бир сатрини сиёсатчи цензор кўзойнаги билан ўқиб чиқарди. “Ҳаётимни маҳв этгани етмаганидек, хаёлларим, ўй-фикримни ҳам таҳрир қилади”, деб ёзғирган дамлари ҳам бўлган...

 

Адабиётимизнинг яқин тарихидаги маънавий мағлубиятлар, бугунги ютқизиқлар илдизини таҳлил қилатуриб, ўйлаб қолдим: агарда “Итюрак”, “Уста ва Маргарита”, “Доктор Живаго” каби романларни ёзиш саодати ўзбек ёзувчиларининг чекига тушганида бу ноёб асарлар хонадон остонасидан ҳатлаб чиқармиди? Ёки қўлёзмалар фақат оила ўчоғининг корига ярармиди? Ҳақрост, ижодкорнинг вафодор аёли, болаларининг меҳрибон онаси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайдиган толе, оғир  ва шарафли имтиҳон! Лекин садоқат туйғуси маиший биқиқликдан юксалиб, ижтимоийлашуви буткул бошқа масала. Масалан, Маргаританинг прототипи бўлмиш Елена Булгакова зиддиятлироқ сиймодир, бироқ айнан унинг шарофати билан ёзувчининг қўлёзмаси “ёнмади”, дарди ва ҳаёти таҳрирга учрамади-да...

 

 

Гулмира МУСАЖОНОВА: Шоир Осип Мандельштамнинг рафиқаси Надеждани  ҳам фаришта деб бўлмасди, аммо эри ҳибсга олингач, унинг ижодий меросини сақлаб қолди. НКВД ходимлари қўлига тушса йўқ қилинишини билган аёл турмуш ўртоғининг нафақат шеърлари, балки насрий асарларини ҳам ёдлаб олган экан. Кейинчалик уларни бирон сўз, бирон сатрига хиёнат қилмай чоп этди. Шу аёлнинг матонати сабаб Мандельштам асарлари бизгача етиб келди.

 

Умр йўлдошининг ижодига умуман қизиқмайдиган, бирор асарини ўқимаган аёллар ҳам бор. Тўғриси, аралашиб, ижодига халал бергандан кўра билмагани, ўқимагани ҳам яхши. Бироқ ўзини доно,  сиёсий ҳушёр, маънавиятнинг ишончли қўриқчиси деб ҳисобласа – ана унда урди Худо! Бундай аёл ўзининг тангу тор, даққи қарашлардан иборат дунёчасига эрини эгиб-букиб сиғдиришга ҳаракат қилади. Оқибатда не-не асарлар дунёга келибоқ бўғилади, ё туғилмасдан ўлади.

 

Бордию аёли шон-шуҳрат,  моддият, ялтироқ нарсаларга ўч бўлса-чи? Ва эрини замонасозлик қилиш, ёлғон ёзишга ундаса-чи?.. Ҳар жабҳада ижодкорни тушунадиган, ҳамдард-ҳамфикр бўладиган, қўллаб-қувватлайдиган инсонни топиш қандай саодат!

 

Ижодкорга ҳамнафаслик юкини ҳамма ҳам кўтара олмайди. Айнан шу икки одамнинг бир-бирига муносабати кези келганда миллат адабиётининг тақдирини  ҳал қилади. “Бошқа чоранг қолмаса, дод сол! Сукут сақлаш – инсониятга нисбатан жиноятдир”, деб ёзган эди Надежда Мандельштам “Эсдаликлар”ида. Тўғри, сукут сақлаш – донолик аломати, ҳарҳолда, ёлғон сўзлаш, тилёғмалик қилишдан кўра афзал. Аммо ҳаётда жим туриш нораво, баралла гапириш шарт бўлган ҳолатлар ҳам бор. Сукутимиз сабаб адолатсизлик тантана қилмаслиги учун ҳам қўрқувни енгишимиз керак.

 

Суҳбат давомида бу туйғу ҳақида қайта-қайта гапирдим, а? Чунки менга ҳам қўрқув бегона эмас. Қани эди, уни буткул енга олсам!..

 

Tafakkur журнали, 2023 йил 2-сон.

“Андишанинг тоши оғир” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси