Секундомер: Бўстонлиқ тумани ўқув семинарида ўтаётган муҳим дақиқалар


Сақлаш
15:07 / 18.07.2023 707 0

Биринчи кун

 

Айни дамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ва ҳудудий бўлим ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларининг 250 нафар раҳбар ва ходимлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар  оромгоҳи”да жамланишган. “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусидаги ўқув-семинарнинг биринчи куни ўтди. Энг қизғин таассуротларни секундомерга жойлаштирамиз. Қани, кетдик.

 

12.15

Ҳамма ўз корпусига жойлашиш билан банд. Қизиғи, турли вилоятлардан келган “маънавиятчилар” орасида юк сумкалардан ташқари кимдир гилам, кимдир бешик, кимдир кўргазмали воситаларни кўтариб олган. Семинар иштирокчилари нафақат ўқув жараёнларига, балки маданий тадбирларга ҳам жиддий тайёрланганини сезиш мумкин.

 

 

13.20

Семинар иштирокчиларини тушлик дастурхонида кўрамиз. Бу ўқув семинари илк маротаба ўтказилаётгани боис тизимдагиларнинг аксарияти бир-бирини биринчи маротаба кўриб турибди. Ошхонада суҳбатларнинг тахминий мазмуни:

– Ҳа, сиз ўшами?

– Эслайсизми, сиз билан телеграм орқали гаплашгандик?

– Фаолиятингизни кузатаман, энди ўзингизни ҳам кўрдим…

– Нуқул телефонда гаплашардик, мана ниҳоят учрашдик!

 

14.32

Ҳамма оромгоҳнинг амфитеатрида. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматовнинг шахсан ўзлари ўқув семинаридаги муҳим қоидалар билан таништирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири Абдуҳалил Маврулов эса кириш сўзини давом эттирди:

– Очиқ табиат қўйнидаги бу ўқув семинари ҳам ёқимли, ҳам фойдали бўлишини хоҳлаймиз…

 

 

15.22

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов “Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ва уларни бундай ҳолатдан қутқариш технологиялари” мавзусида машғулот олиб бормоқда. Машғулот давомида бугунги кундаги маданий ва диний таҳдидлар, уларнинг сабаб ҳамда оқибатлари хусусида фикр алмашилди. Ментор бугунги куннинг долзарб ва баҳсли масаласи юзасидан ҳам фикр билдирди:

– Битта нашид (диний қўшиқ) учун қамалди, деган турли талқиндаги муносабатларни ҳаммамиз эшитяпмиз. Лекин бу ерда эътиборни қўшиқ маъносига қаратиш лозим. Бир қарашда безарар кўриниши мумкин, лекин қўшиқ орқали ёт ғоялар тарғиб қилинган. Орада “Жума муборак” мазмунидаги табриклар тақиқлангани хусусида ҳам турли масхараомус фикрлар билдирилди. Масалан, юртдошларимиз томонидан қўлланилган “Пайшанба ва шанба орасидаги кун муборак” деган ибораларни ҳам эшитдик. Бу ерда тақиқ табрикка эмас, баъзи табриклар остида кўтарилган қора байроқ ғояларига нисбатан эди. Адаштириш керак эмас.

 

 

16.08

Медиасаводхонлик бўйича мутахассис Дилфуза Мирзаҳмедова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Умаров Тоҳир ёрдамида ўзининг интерактив машғулотларини ўтказмоқда. Машғулот давомида қатнашувчилар медиасаводхонликка оид қизиқарли маълумотлар, таҳлиллар, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар билан танишдилар. Айниқса, сунъий интеллект тизимига оид экспериментлар ҳамда Quiz тестлари ҳаммани бирдек қизиқтирди. Машғулотда Дилфуза томонидан қизиқ маълумотлар тақдим этилди:

– Сўнгги йиллардаги тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ўзбеклар учун ишончли ахборот ресурслари рейтингида биринчи ўринда қариндош-уруғ ва таниш билишларнинг гап-сўзи турар экан...

 

17.18

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи Лола Саодатова “Ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишларини ташкил этиш ва уни расмийлаштириш” мавзусида машғулот олиб бормоқда. Ўз тажрибалари билан ўртоқлашган, жонкуяр мутахассис камтарлик қилди:

– Сизларга ақл ўргатмоқчи эмасман, шунчаки тажрибамни бўлишдим...

 

 

17.50

“Туман/шаҳарларда Маънавият ва маърифат маскани фаолиятини ташкил этиш ва унинг натижадорлигини ошириш” мавзусидаги машғулот Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими бошлиғи Мусахон Аппаков томонидан олиб бориляпти. Тақдимотдан маълум бўлдики, вилоятдаги Маънавият масканларидаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада. Менторимиз ҳар бир шароитни ҳозирлаш жараёнлари билан ўртоқлашди.

 

18.05

Охирги машғулот Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси бошлиғи Айша Матниязова томонидан олиб борилмоқда. Семинар иштирокчилари бироз чарчаган бўлса ҳам барча машғулотларда фаол қатнашишди. Маънавият масканлари мавзусида давом этаётган машғулотда менторимиз муҳим масалани ўртага ташладилар:

– Маънавият масканларига юридик мақом бериш керак. Ўз ҳуқуқларимизга тўлақонли эга бўлсак, янада ривожланамиз...

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов бу таклифни қўллаб-қувватлади. Шу ўринда ҳудуд раҳбарининг “раҳбарлик методикаси”ни ижобий баҳолади:

“Кўраяпсизлар-а, гап орасида менга шарт қўяяптилар, мана раҳбар қандай бўлиши керак...”

 

20.02

“Заковат” интеллектуал клуби аъзолари Жобир Аҳмедов ҳамда Бобур Ёқубов томонидан олиб борилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг қизғин баҳслари ниҳоясига етди. Биринчиликни олган Бухоро вилояти, иккинчи ўриндаги Наманган ва Қашқадарё вилоятлари, учинчи ўринни қўлга киритган Тошкент шаҳри ва “Марказдагилар” жамоалари эсдалик совғалари билан тақдирланди. Куннинг энг позитив ва энергияга бой воқеасидан сўнг семинар иштирокчилари кечки овқатга кузатилди.

 

 

21.15

Семинар иштирокчилари бир-бири билан яқиндан танишмоқдалар. Кимдир маданий концерт дастурида рақс тушаяпти, кимдир дилдан суҳбатлашаяпти, кимдир эртанги кун режалари хусусида бош қотираяпти...

Хуллас, ёқимли ва фойдали семинарнинг биринчи куни мана шундай таассуротлар билан якунланди.

 

Кейинги кунларни ҳам кузатиб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси