Миллионлаб кўчат экиш ва саратон чилласида қуритиш “анъана”сига қачон чек қўйилади?


Сақлаш
23:07 / 10.07.2023 491 0

Кўпгина ташаббусларнинг жуда тезкор, “урҳо-ур” билан бошланишию, айтарли самара бермасдан тўхташи ёки сусайиши бизда одатий ҳол. Бунга хоҳлаганча мисоллар келтириш мумкин. 2021 йил ноябрь ойида республикамиз, айниқса, Тошкент шаҳрида бўлган чанг-тўзон бўрони эсимизда. Ўшанда зудлик билан “Яшил макон” умуммиллий дастури эълон қилинди. Ҳокиму вазирдан тортиб мактаб ўқувчисию боғча тарбияланувчисигача кўчат экиш кампаниясини бошлаб юбордик. Ҳа, бунақанги кампаниявозлик қон-қонимизга шу қадар сингиб кетган.

 

Хуллас,”Яшил макон” дастурига кўра, истиқболдаги 5 йилликда мамлакатда 1 млрд. туп кўчат экиш, 2021 йил ноябр-декабр ҳамда 2022 феврал-май ойларида 200 млн. туп ниҳол экиш мўлжалланган эди. Бир қараганда ҳаммаси ортиғи билан уддаланди, яъни 213 млн. дона кўчат экилди. Ҳисоботлар берилди, якуний натижага келганда эса ишлар кўзбўямачилик билан қилингани маълум Кўчатларнинг аксарияти суғориш имкони бўлмаган жойларга экилган, устига-устак қўшиб ёзишлар туфайли ёзнинг чилласига бориб бормай 12 млн. 400 минг туп кўчат қуриб нобуд бўлди. Кимга қандай билмадиму, аммо юқоридаги рақам одамни чуқур мулоҳазага даъват этади. Эсиз шунча меҳнат, шунча маблағ! Кўкламда минг-минглаб кўчат экиш, “приписка” қилиш ҳамда айниқса, саратон чилласида қуритишдек бу “анъана” узоқ йиллардан буён давом этиб келаётгани эса ҳақиқий фожиа. Мабодо, ўтган 20 ёки 30 йилда экилган ниҳоллар тўлиғича тутиб кетганда борми, бугун Ўзбекистон дунёдаги энг сердарахт, улкан боғ-роғлар мамлакатига айланмасмиди?

 

Республика Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида ўтган давр мобайнида 2 миллиондан ортиқ кўчатлар ҳисоботга “экилди” деб қўшиб ёзилгани таъкидланди. Шунингдек, 7,3 млн. туп кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга ўтқазилган. Экилган 1,8 млн. туп кўчатни парваришлаш учун эса бирон бир масъул (эга) белгиланмаган. Навоий вилоятида 3,2 млн, Тошкент вилоятида 1,9 млн, Сурхондарёда 404 минг, Хоразмда 338 минг, Қашқадарёда 336 минг, Қорақалпоғистонда 283 минг ва Тошкент шаҳрида 247 минг туп кўчатлар қуриб қолди. Хўжасизлик дегани шу-да! Вазирнинг айтишича, жазо чораси сифатида 753 нафардан ортиқ ҳуқуқбузарларга нисбатан 1млрд. 156 млн сўм миқдорида жарима қўлланилган. Мунтазам равишда кимгадир жарима қўллаш, ҳайфсан берилишига қарамай ушбу ҳолат(иллат) йиллаб, керак бўлса, ўн йиллаб давом этиб келаётганига нима дейиш мумкин?

 

Вазирлик ҳам бу жараённинг боши-кети йўқлигини англаган чоғи, эндиликда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахтларни экишни пудратчи ташкилотга топширишни кўзда тутмоқда. Яъни кўчат экувчи компаниялар тендер орқали танлаб олинади ва 3 йил давомида дарахтлар парвариши ҳам уларга юклатилади. Қаерга ва қанақа дарахт ёки кўчатларни экишни эса “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти белгилаб беради. Мазкур режалар иш бериб, шояд яқин йилларда юртимиз ҳудудлари яшилликдан гуллаб-гуркираб кетса!

 

ФАОнинг хавотирли ҳисоботи

 

Бундан 2 йилча аввал БМТнинг Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти (ФАО) экспертлари ҳисоботларида Ўзбекистон ўз сув захираларининг169 фоизидан, Туркманистон 144 фоизидан фойдаланаётганини қайд этган эди. Минтақадаги Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам ичимлик суви сарфи жаҳон меъёрларидан анча юқорилиги таъкидланган. Исрофгарчиликни камайтириш йўли, сув захираларини янада самарали бошқариш ва қишлоқ хўжалигини модернизациялаш юзасидан тавсиялар ҳам берилган эди. Айни кунда глобал исиш жаҳон қишлоқ хўжалиги тизимини сув билан таъминланишига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Кўпгина минтақалардаги каби Марказий Осиёда ҳам ёғингарчилик йилдан йилга камайиб, қурғоқчилик, чўллашиш тобора кучаймоқда. Бу кетишда 2050 йилга бориб,Ўзбекистонда 7 млрд кубометр сув етишмаслиги юзага келиб, у дунёдаги 33 та сув тақчил мамлакатлар қаторидан жой олиши мумкин. ФАО хулосасига кўра, жаҳон бўйича ичимлик сувининг 72 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги, 16 фоизи саноат ишлаб чиқариши ва 12 фоизи маиший хизмат соҳасига сарфланмоқда. Айни вазиятда жаҳон аҳлининг учдан бир қисми – 2,3 млрд. аҳоли ичимлик суви етишмайдиган мамлакатларда, 733 млн. аҳоли эса сув ўта тақчил ўлкаларда истиқомат қилаётир.

 

Тошкент аҳолиси энг кўп сув ичади(ми)?

 

Қўшни давлатда Қўштепа каналининг ишга тушиши, тоғли минтақаларда абадий музликларнинг эриб бораётгани, қурғоқчилик фонида сувдан тежамли фойдаланиш масаласи кун тартибида биринчи ўринга кўтарилди. Олий Мажлис Сенатининг 42-ялпи мажлисида Борий Алихонов пойтахтда сув сарфи аҳоли жон бошига суткасига 400 литрни ташкил этаётганини таъкидлади. Мутахассис дунё шаҳарларини Тошкентга таққослаб, аҳоли жон бошига суткалик сув сарфи Берлинда 124 литр, Амстердамда 156 литр, Лондонда 165 ва Москвада 249 литрни ташкил этишидан бизларни огоҳ этди. Маҳаллаларда, кўчаларда дарахтлар ёки гулларни шлангда суғораётган шахсларга нисбатан жарималар қўлланилаётгани ҳақида гаплар тарқалмоқда.

 

Қишлоқ хўжалигига эса ичимлик сувининг қарийб 90 фоизини (дунё бўйича ўртача 65 фоиз) сарфламоқдамиз. Коммунал соҳага 4,5 фоиз, саноат ва энергетикага 4,3 фоиз ҳамда балиқчиликка 1,2 фоиз. Аниқроғи, қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи бизда айрим мамлакатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказишдаги йўқотишларнинг эса сабаблари талай: ирригация тизимларидаги носозликлар, иқтисодий тармоқлар ва ижтимоий объектлар, айрим ҳолларда эса аграр соҳада сувдан фойдаланишда эскирган усул ва воситаларни қўллаш ва ҳоказо.

 

Шу ўринда айрим ижобий фактларни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Хусусан, мамлакатда сув сарфи ўтган аср 90 йилларига нисбатан 64 млрд. кубометрдан ҳозирда 51 млрд. кубометрга, 1 гектар суғориладиган майдонга сув сарфи эса ўтган даврда ўртача 16 минг кубометрдан 10 минг кубометрга пасайган. Бундан келиб чиқадики, бизда сувни янада тежаш, ҳар томчисидан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳали етарлича бор.

 

Кескин таклифлар тайёрланяпти

 

Шу йил 14 июн куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ҳисобот даврида 1 млн. 600 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминлангани, 3,4 млн. аҳолининг эса ичимлик суви таъминоти яхшиланганини маълум қилди. Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига 172 та лойиҳа учун 2,1 трлн. сўм ажратилиб 1800 км. ичимлик суви 50 км. оқова сув қувурлари ўтказилган. Чекка қишлоқларга ичимлик суви етказиш бугун ОАВ ва телеканалларнинг кундалик мавзусига айланган. Шубҳасиз, ушбу чоралар кўплаб ҳудудларда сув муаммосини анча енгиллаштиради. Шу йиғинда вазир ҳукумат сувни сарфлаш маданияти ва уни ўлчаш, етказиб бериш бўйича жуда кескин таклифларни тайёрлаётганини таъкидлади. Нима бўлганда ҳам ишқилиб, сувни тежай олсак бўлди.

 

Хорижда қандай?

 

Дарвоқе, тоза ичимлик суви тақчил мамлакатлар дунёда анчагина. Аммо уларнинг аксарияти бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланиш йўлларини қидириб топиб, амалиётга изчил жорий этмоқда. Эндиликда биронта ҳам оқар дарёси бўлмаган Саудия Арабистони, БАА, Қатар давлатлари ёки Саҳройи Кабир ҳудудидаги ўлкаларнинг сувдан тежамкор фойдаланиш тажрибасини ўрганишимизга тўғри келади. Исроилда ҳам бу борада катта тажриба тўпланган. Томчилатиб суғориш усули билан бу мамлакат пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик зироатларидан юқори ҳосил олмоқда. Мамлакатда илғор технологияга асосланган “Микорот” компанияси аҳолига 90 фоиз ичимлик сувини етказиб беради. Компаниянинг шўъба корхоналари сув ишларини режалаштириш, керакли ускуналарни ўрнатиш, синовдан ўтказиш, оқава сувларни тозалаш, шўрсизлантириш ва ҳоказолар билан шуғулланади.

 

Яна нима қилмоқ керак?

 

Шунда ҳам қанчадан-қанча кўчатлар қурғоқчиликдан нобуд бўлаётган пайтда ҳисоблагич (счётчик) бўйича тўлови қилиб борилаётган ичимлик суви билан дарахтларни суғораётган шахсларни жаримага тортиш масаланинг тўғри ечими эмас, албатта. Ичимлик сувини ишлаб чиқариш қимматга тушаётгани важ қилинадиган бўлса, экинларни суғориш ҳамда унитазларда фойдаланиш учун истеъмолчига техник сувни етказиб бериш вақти келди. Чунки дунёнинг кўплаб мамлакатлари аллақачон бу йўлга ўтган. Қолаверса, сувни тежаш юзасидан мутахасисларнинг қуйидаги тавсияларини билиб қўйшимиз ҳам фойдадан холи эмас:

 

– Қишлоқ хўжалиги суғоришида сувдан фойдаланиш коэффициентини 90-95 фоизга етказиш, анъанавий суғориш усулларидан воз кечиб, томчилаб ва бошқа сув тежовчи технологияларни қўллаш, нисбатан кам сув талаб қиладиган экинларни экиш;

 

– сув тақчиллиги шароитида аҳолини сувдан оқилона фойдаланишга ўргатиш, ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;

 

– ҳудудлар кесимида ерости сув ресурсларини таҳлилий аниқлаш ҳамда муқобил сув манбаларини (булоқ,қудуқ,ҳовуз,ерости сувлари) қайта рўйхатдан ўтказиш,уларнинг захиралари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;

 

– ишлаб чиқариш, саноат ва коммунал объектларида тегишли бирламчи механик ва биокимёвий локал оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш;

 

– ичимлик сувдан фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш, маиший-техник эҳтиёжлар учун алоҳида сув тармоқларини жорий этиш.

 

Асл муддао сувни тежаб-тергаш экан, сув энг кўп сарф этиладиган соҳаларда, айниқса, қишлоқ хўжалигида унинг ҳисоб-китобини қатъий олиб боришимиз лозим. Сўзимизни эса ўтган ойда Ўзбекистонга келган ХВЖ директори Кристалина Георгиеванинг мамлакатда сув танқислиги мавзусига тўхталиб, айтган ушбу фикрлари билан якунлаймиз: “Истеъмолчиларни сувни тежашга ўргатиш учун сувнинг бозор нархини белгилаш зарур. Агар биз сувга қадрлашимиз шарт бўлмаган нарса деб қарасак, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади.”

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси