Президентликка номзодларнинг дастурларидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар – ким нималарни ваъда қиляпти?


Сақлаш
21:06 / 27.06.2023 530 0

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди кампанияси давом этмоқда. Мамлакатнинг келгуси етти йиллик ҳаётини белгилайдиган сайловолди дастурларини солиштириб ўқиркансиз, фавқулодда ўзига хосликни учратмайсиз. Тўғри, ҳар бир партиянинг йўналишидан келиб чиқиб қайсидир соҳага кўпроқ эътибор қаратилган, аммо қолган жабҳаларда асосан умумий, ўхшаш таклифлар берилгани кўринади. O‘zLiDeP номзодидан бошқа ҳеч бир номзод ўзи илгари сураётган чора-тадбирларга керакли маблағларни очиқ рақамларда келтирмаган. Баъзи партияларнинг бу йилги сайловолди дастури 2021 йилдагисини ёдга солаётгандек…

 

Айтайлик, Ўзбекистон халқ демократик партиясининг 2023 йилдаги президентликка номзоди Улуғбек Иноятов илгари сурган сайловолди дастуридаги биринчи йўналиш 2021 йилги номзод Мақсуда Ворисованинг худди шу йўналишдаги таклифларига жуда яқин ёки айнан олинган. Қиёсан кўриб чиқамиз:

 

- ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш (2021 йил); ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш (2023 йил);

 

- пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш (2021 йил); пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришиш (2023 йил);

 

 

- кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш (2021 йил); кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш (2023 йил);

 

- миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси тамойиллари ва меъёрларига тўла мувофиқлаштириш (2021 йил); миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш (2023 йил);

 

Икки ҳужжатда бунақа эгизак жумлаларга тез-тез дуч келдик. Ҳаммасини бир-бир келтириб, вақтингизни олиш ниятимиз йўқ. Демак, партия ўтган давр мобайнида ушбу йўналишларда умуман бош қотирмаган ёки бир фикрда турғун деганими бу? Наҳот, ушбу таклифларни ўзгартирадиган, кучайтирадиган бирор воқелик содир бўлмади ҳаётимизда ва ёки қўшимча таклиф ўйланмади? Ёки номзодлар шу қадар ўхшаш фикрлайдими?

 

Шу саволлар билан навбатдаги партия – “Адолат” социал-демократик партиясининг 2021 ва 2023 йилдаги номзодлари: Баҳром Абдуҳалимов ва Рабохон Маҳмудованинг дастурларини кўздан кечирдик.

 

2021 йили Баҳром Абдуҳалимов “Маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини амалиётга татбиқ этиш ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раислари лавозимини ҳоким лавозимига боғлиқ бўлмаган ҳолда алоҳида жорий этиш”ни партиянинг асосий мақсадига айлантирган бўлса, айни вақтдаги номзод Рабохон Маҳмудова “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун, биринчи галда, судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу мақсадда судьяларнинг халқ депутатлари кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш”ни илгари суради.

 

 

Баъзи йўналишларда Рабохон Маҳмудова дастурида ҳам аввалги номзоддан нусха кўчиришларга кўзингиз тушади:

 

- Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз (2021 йил); Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўлларсиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз (2023 йил);

 

- Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир. Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз (2021 йил); Конституциямизга кўра ҳар бир инсон уй-жойли бўлишга ҳақли. Ушбу конституциявий қоидани таъминлаш учун биз ўз даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш чораларини кўрамиз (2023 йил);

 

- Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббускори бўламиз (2021 йил); Биз педагог ходимларнинг обрў-эътиборини ошириш ҳамда юксак мақомини белгилаш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган ташкилий чораларни кўрамиз. Бу мақсадда ўқитувчининг мақомига оид қонунни тезроқ қабул қилинишини устувор масала сифатида кўрамиз
(2023 йил).

 

Шунингдек, Адолат социал партиясининг 2021 ва 2023 йиллардаги сайловолди дастурларида ўзгаришларни ҳам кўрамиз. Масалан, таълим йўналишида бу йилги номзод масалага бошқача ёндашади:

 

- Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз (2021 йил); 2025 йилдан бошлаб бакалавриатга кириш учун инглиз тилини билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш тартибини жорий этиш чораларини кўрамиз
(2023 йил);

 

- Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз (2021 йил); Биз мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида изчил ислоҳ қилиш тарафдоримиз (2023 йил).

 

Айтиш керакки, 2021 йилдаги президентлик сайловида партия номзоди Баҳром Абдуҳалимов рақиблари орасида энг кам – 3,39 фоиз овоз тўплаган эди. Балки партия бундан хулоса қилган, дастур устида ишлаган ёки номзоднинг позицияси, фикрлари сабаб ўзгартиришлар киритилгандир. Нима бўлгандаям бу партиядаги янгиликлар борлиги, ўзгачалик эътиборга арзирли.

 

O‘zLiDeP номзоди Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури 2021 йилдаги ҳужжат йўналишларини деярли такрорлаган, аммо ҳар бир жабҳада янги муаммолар тилга олиниб, уларга ечимлар тақдим этилган. Аввалги дастурда ваъда қилинган ишлар бу галги дастурда бажарилганини рақамларда кўриш мумкин. Ёки аксинча… Масалан, 2021 йили мактабгача таълим қамрови 80 фоизга етказилиши айтилган бўлса, 2023 йилги дастурда айни вақтда қамров 27 фоиздан 72 фоизга чиққани қайд этилган.

 

 

2021 йили Шавкат Мирзиёевнинг дастурида бирламчи вазифа қилиб, иқтисодиётни ривожлантириш белгиланган бўлса, бу йил энг аввал таълим йўналишига урғу берилган.

 

- Янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш ва таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, амалда жорий этилади
(2021 йил); Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади. Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар қуришни кенг жорий этамиз. Эҳтиёжманд оилада тарбия топаётган болаларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун зарур чораларни кўрамиз. Шу сабабли 2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод – интилиш – истиқбол” деб номланадиган мактаб-интернатлар ташкил этилади. Уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароит яратилади ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилади (2023 йил);

 

- “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ёшларни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўзда тутилган (2021 йил); Биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшларимизни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборамиз. Бунинг учун 200 миллион доллар йўналтирамиз (2023 йил);

 

O‘zLiDeP номзодининг дастурида иқтисодиётни ривожлантириш учун, бошқа номзодлардан фарқли равишда, аниқ рақамлар, фактларга асосланган таклифлар илгари сурилган:

 

- Келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилади ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратилади (2021 йил); 2030 йилга бориб иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга етказамиз. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширамиз. Бунинг натижасида Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига албатта киради (2023 йил);

 

 

- Мис саноати кластерини ташкил этиш орқали келгуси беш йилда мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 марта кўпаяди ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади (2021 йил); Тарихимизда илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Хусусан, 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш йиллик ҳажми ҳозирги 350 мингдан – 1 миллион донага етказилади. Бунда йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади
(2023 йил);

 

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастурида сув ресурси билан боғлиқ жараёнлар, таклифлар алоҳида йўналиш бўлиб киргани эътиборли. 2021 йил номзод дастурида бу вазифалар ҳудудларни ривожлантириш йўналиши ичида бўлиб, бир неча банд шаклидагина тилга олинган. Айни кунларда иқлим ўзгаришини ўз танамизда ҳис қиларканмиз, экологияни яхшилаш учун тезкор чоралар кўриш кераклигини яхши тушуняпмиз. Номзод сайловолди дастурида ҳам айни шу истак намоён бўлгандек.

 

Энг ёш партия – Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Абдушукур Хамзаевнинг сайловолди дастурини ўрганар эканмиз, унда урғу экологик масалаларга қаратилгани ёки йўналишлардаги муаммоларнинг фақат экологик томонлари ҳисобга олингани кўзга ташланди. “Ўз номи билан Экопартия бўлса, дастур экологик муаммолар ҳақда бўлиши табиий”, дейиш мумкин. Аммо бу номзод Президентликка даъвогарлик қилаётганини ва у ғалаба қозонса, мамлакатнинг келгуси етти йиллик тақдири, йўриғи шу тамойиллар асосида бўлишини ҳисобга олсак, муносабат бироз ўзгаради. Албатта, сўнгги йилларда иқлим муаммоси глобал масалага айланяпти, атмосферамиз ифлосланиши, сув, табиий ресурсларнинг тақчиллиги, қирилиб кетаётган жониворлар, аёвсиз кесилаётган дарахтлар, йўқолаётган ўсимликлар ҳар биримизни жиддий ташвишга солмоқда. Бунга қарши курашиш керак, табиийки. Аммо бу бутун мамлакатнинг иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, таълимини шу мақсадга бўйсундиришни оқламайди, асосламайди.

 

 

Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Абдушукур Хамзаевнинг “Яшил тараққиёт учун!” шиори остидаги дастурининг асосий мақсади – мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишини жадаллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш каби масалаларни қамраб олади.

 

Сайловлар мамлакат, халқ ҳаётидаги муҳим жараён. Инсонлар давлат етакчисини танларкан, унинг келгуси йилларда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардан хабардорлиги, таклиф қилаётган ечимларини ва ўз ҳаёти қай даражада ўзгаришини ҳисобга олади. Замон ўзгаргани каби дастурлар ўзгариши керак, чунки муаммоларга айтилган аниқ ечимлар ва матонат билан олға босилган қадамларгина, сайловчини ортидан эргаштира олади. Номзодлар майдонга кираркан, ўтган галги сайловнинг натижаларидан хулоса қилиши, партиядоши йўл қўйган хатоларни такрорламаслиги, ютқизиқ сабабларини ўрганиши сайловларнинг янада манфаатли ўтишига хизмат қилади.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси