Ўсмондаги болалар 4! Самарқандда кўп қаватли уй деразасидан тушиб кетган қизалоқни қутқариб қолган йигитлар ижтимоий тармоқ юлдузларига айланди


Сақлаш
17:06 / 08.06.2023 708 0

Самарқандда тўрт нафар мактаб битирувчиси тўртинчи қаватдаги деразадан тушиб кетган қизни қутқариб қолди ҳамда ижтимоий тармоқ юлдузларига айланди. Эътиборлиси, ҳолат 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида содир бўлган. Қизалоқ пешонасидан кичик жароҳат олган, айни вақтда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Воқеа ҳақида дастлаб вилоят ИИБ хабар берди ва ёшларга миннатдорчилик билдирди.

 

ИИБга кўра воқеа қуйидагича бўлган: 2023 йил 1 июнь куни Самарқанддаги мактаблардан бирининг 11-синфини битираётган Ш.Бобораҳимов, М.Саидалимов, О.Ўткиров ва Ж.Эшназаров сайр қилиб юришганда кўп қаватли уйнинг 4-қаватида боши панжара орасига тиқилиб, танаси ҳавода осилиб турган кичкина қизчани кўриб қолган. Ўқувчилардан бири дарҳол қизалоқнинг ота-онасига хабар бериш учун квартира томон югурган, қолганлари қизалоқ осилиб қолган балкон остида қўлларини чўзиб, тирик қутқарув панжарасини ясашган.Йигитлардан бири зинапоядан югуриб чиқаётган пайтда, қизалоқ пастга қулаб тушган. Йигитлар уни тутиб олишган.

 

Аниқланишича, онаси уй ишлари билан овора бўлган пайтда қизча балконга чиқиб қолган.

 

Самарқанд вилояти ИИБ юз берган ҳолатга бефарқ бўлмаган ёшларга миннатдорчилик билдиргани ёзилган хабар яшин тезлигида ижтимоий тармоқларда тарқалди ва тармоқ фойдаланувчилари жонкуяр ёшларни мақтов, илиқ сўзлар, миннатдорчилик изоҳлари билан сийлади.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги йигитларнинг ҳаракати учун мамнунлигини билдирар экан, вилоят масъуллари томонидан битирувчилар билан учрашув ташкил этилганини маълум қилди. Учрашувда Шоҳрух Бобораҳимов, Мурод Саидалов, Озод Ўткиров ва Жасур Эшназаров қилган эзгу амали, мардлиги алоҳида эътироф этилиб, вилоят бошқармаси томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

 

Ёшлар ишлари агентлиги ҳам ёшларга миннатдорчилик билдирди. Агентлик жамоаси 4та ноутбук ва ўқишга киришда қўшимча дарслар ҳамда хорижий тилларни ўрганишдаги харажатларини қоплаб берадиган бўлди.

 

«Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир!», дея ёзди Агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаев.

 

Йигитлар Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактабининг 11-синф битирувчилари бўлиб, улар саноқли соатлар ичида медиа, журналистлар эътибор марказига тушди, янгиликларнинг асосий қаҳрамонларига айланди.

 

«Қизалоқ тушиб кетган кўп қаватли уйда ўртоғимиз ҳам яшайди. Ўша куни мактабда имтиҳонларни топшириб, уй яқинида дўстимизни кутиб тургандик. Тасодифан юқорида осилиб турган қизчага кўзимиз тушди. Бир синфдошимиз қизалоқнинг яқинларига хабар бериш учун югурди. Биз, уч киши бўлиб қизчани тутиб олишга интилдик. Пастдан туриб қизчага бироз сабр қил, қўйиб юборма, деб бақирдик. У бизни эшитди, лекин кучи етмай пастга қулади. Пастки қаватдаги тунукага урилиб, ҳавода икки метрча узоқлаб кетди. Ўзимни орқага олиб қўлимни тутдим, дўстларим ҳам тезда ёрдамга ошиқишди. Худога шукур, қизча қўлимизга тушди ва омон қолди», – деди Kun.uz нашрига интервью берган Шоҳрух Бобораҳимов.

 

Қизча деразага ўрнатилган темир тўсиқ орасида маълум муддат боши билан осилиб қолгани боис бош қисми бироз жароҳат олган. Йигитлар уни тутиб олгач, тезлик билан унга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага олиб кетилган.

 

Қизалоқнинг онаси йигитларга миннатдорчилик билдираркан, ушбу ҳолатни Аллоҳнинг мўъжизаси, деб атади.

 

Hudud24 нашри ҳам қаҳрамонлар билан боғланиб, воқеа тафсилотлари ва келажак режалари ҳақида сўради. «Бугун эрталабдан бери менга қўнғироқ қилган минг биринчи одам бўласиз, ҳеч муболағасиз. Очиғи, биз бундай шов-шувни кутмагандик. Ўзи воқеани ҳеч кимга айтмагандик ҳам. Қизчанинг онаси ва қўшнилари гувоҳ бўлишган эди, улар бошқаларга айтишган, шу билан тарқаб кетди», деган Шоҳрух Бобораҳимов журналист билан суҳбатда.

 

Маълум бўлишича, қутқарилган қизалоқнинг исми Шукрона ва у 4 ёшда.

 

«Яхши иш қилганимиздан, ҳаммаси яхшилик билан тугаганидан хурсандмиз. Тенгдошларимизга айтаманки, одамгарчиликни тарк этишмасин. Масалан, биз ҳам балконда осилиб турган қизчани кўриб индамай кетишимиз ё қўрқиб қочиб қолишимиз мумкин эди. Лекин кейин биз қандай яшардик? Ўша пайтда қўлимиздан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилганимиз яхши бўлди. Агар доим ҳамма шунақа қилса, қочмаса, бефарқ бўлмаса, ҳаракат қилиб кўрса, атрофимиз, ҳаётимиз нақадар бошқача, тоза ва тўғри бўлишини англадик», дейди йигитлардан бири Шоҳрух Бобораҳимов.

 

Ижтимоий тармоқда мазкур воқеалар ҳақида ёзилган хабарлар остида йигитларга миннатдорчилик изҳорлари тўлиб-тошди. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

 

Шаҳноза Исмоилова: «Ота-онасига раҳмат, шу қора кўзларни».

 

Манзура Тожиева: «Вояга етказиб тарбия берган ота -оналарига раҳмат шундай меҳрли, қўлидан келадиган ишга жонини беришга тайёр бўладиган фарзандни тарбиялагани учун. Яшасин, йигитлар, соғ бўлинглар».

 

Бахтиёр Темирбоев: «Бизда ҳали ўтюрак йигитлар бор, офарин!»

 

Шоира Қосимова: «Ёш бўлишсаям ўзини йўқотиб қўйишмабди,ота онасига раҳмат. Бир оилани мусибатдан қутқаришибди. Оллоҳ рози бўлсин ҳаммасидан».

 

Мафтун Холматова: «Гап йўқ йигитларга, йигитлар энди сизларни тутинган синглингиз бор, бу дунёда у дунёда сизлар учун дуо қиладиган, сизларга яхшилик тилайдиган ҳамда қийин кунларда қаҳрамон акаларим бор деб умид боғлайдиган синглингиз бор. Қизалоқ сенга ҳавасим келяпти 4 аканг бор энди 4 суянган тоғинг бор. Шу акаларинг учун ҳам яхши ўқиб, яхши инсон бўлиб улғайгин, балки келажакда архитектор бўларсан».

 

Нигора Ҳамроева: «Мана сизга, ҳалол бўлсин мард йигитлар! «Осмондаги болалар — 4!» Соғ бўлишсин йигитлар!»

 

Аслиддин Мавлонов: «Баракалла йигитлар! Ҳар қалай баъзи бировларга ўхшаб съёмка қилиб томоша қилиб турмабсизлар. Ота-онангизга раҳмат!»

 

Гулбаҳор Мирзалиева: «Жуда муносиб жавоб бўлибди, қолган ёшларга хам ўрнак бўладиган бўлди.Офарин йигитлар!»

 

Назар Воҳидов: «Болалар ўша оилани бахтини сақлаб қолишди».

 

Дилрабо Баҳронова: «Хайриятки яхши хабарлар ҳам бор!»

 

Баҳор Каримова: «Одам интернетни ёқишга ҳам «қўрқиб» қолган эди яна қандайдир кўнгилсизлик чиқиб келишидан. Кечадан бери бу болалар қилган ишни ўқиб қалбимда қандайдир таскин пайдо бўлди, демак ҳаммаси ҳали тугамабди инсонийлик ҳали ўлмабди. Суҳбатдаги энг ёққан жумлалар; «Агар доим ҳамма шунақа қилса, қочмаса, бефарқ бўлмаса, ҳаракат қилиб кўрса, атрофимиз, ҳаётимиз нақадар бошқача, тоза ва тўғри бўлишини англадик». Ҳақиқатда ҳам бефарқлик қўрқоқлик кўп муаммоларимизнинг сабабчиси».

 

Ижтимоий тармоқда юқоридаги мазмундаги минглаб изоҳлар, постлар қолдирилди. Уларни ҳаммасини битта материалга сиғдириш имконсиз. Қисқа қилиб айтганда, йигитларнинг ушбу ҳаракатини барча бирдек олқишлади, атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлмаслик лозимлигини яна бир бор англади. Кунлик негатив хабарлардан чарчаган медиа ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари позитив хабарни катта қувонч билан қаршилади.

 

Мафтуна АБДУШУКУРОВА тайёрлади.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси