Ҳокимиятни илоҳийлаштириш, утопик орзулар ва ижтимоий афсоналарга ишониб яшаш – оломон жамияти аломатлари


Сақлаш
12:05 / 23.05.2023 604 0

Ривожланган ўлкалар юксалиш марраларига миллий қадриятларига суянган ҳолда етиб борганини яхши биламиз. Албатта, бу йўллар равон кечмайди. Бу жараённи сўнгсиз машаққат, изтиробларга тўла, ғалаба ва аламли таназзулларни бошдан кечирган, яна қайта қад кўтарган иродали элларнинг кураши тарихи деб атамоқ мумкин. Эллар улусдан халққа, сўнг миллатга дўниб, ўз давлатини барпо этади. Миллий ғурур ва ор-номус халқнинг мавжудлик тимсолига айланади. Иймон-эътиқод, садоқат ва муҳаббат каби эзгу фазилатлар қадимий илдизларга туташади. Маънавий илдизлари бақувват миллатлар тараққиёт йўлида собитқадамлиги билан бошқаларда ҳавас уйғотади. Дунёда тан олинган аксар тараққиёт моделлари замирида миллий маънавият – етакловчи куч экани бежиз эмас.

 

Аслида, тараққиёт қонуниятлари барча халқларга бирдек хос бўлиб, биров улардан сабоқ олиб, ривожланиш истиқболларини таъминласа, бошқалар ўз қадриятларидан мосуво қолиб, турғунлик гирдобига ботади. Миллат тафаккури ва руҳиятидаги ҳолатларни ўрганиш, халқнинг ижтимоий саъй-ҳаракатлари, маънавий мўлжаллари, эркинликка майли, шунингдек, жамият табиатига таъсир кўрсатувчи иллатлар, ижтимоий омилларни тадқиқ этиш тараққиёт истиқболларини олдиндан белгилаб олиш имконини беради. Бундай илмий тажриба фан доирасида аллақачон тадқиқот объектига айланиб улгурган. Зотан, инсоннинг ҳис-ҳаяжони, ғазаб-нафрати, сабр-қаноати, севги-муҳаббати, садоқат-вафоси, ғайрат-шижоати, иймон-эътиқоди, жасорат-мардлиги, илм-маърифати жамиятнинг ахлоқий қиёфасини белгилаб бергувчи унсурлар экани сир эмас. Маънавий асослари мустаҳкам бўлган жамият ҳар қандай ислоҳотни рўёбга чиқаришга қодир кучга айланади. Инсон ижтимоий мавжудот ўлароқ жамиятда муайян функцияларни бажарувчи ва тарғиб этувчи субъект сифатида давлат ва унинг сиёсатига бевосита таъсир ўтказади. Бу таъсирнинг ижобийлиги ҳам юқорида санаб ўтилган фазилатлар даражасига боғлиқ. Бу ‒ масаланинг бир томони. Иккинчи тарафдан, инсоннинг руҳий соғломлиги жамиятда шаклланган ва қарор топган ижтимоий муносабатлар билан ҳам уйқаш-туташ келади. Соғлом жамият асослари яхшини – ёмондан, фойдани ‒ зиёндан, ҳалолни – ҳаромдан, эзгуликни – ёвузликдан, дўстни ‒ душмандан фарқлаш салоҳияти билан ажралиб туради. Демак, аввало қуйидаги долзарб саволларга жавоб топиш керак:

 

Жамиятда қандай қадриятлар устувор?

 

Фуқароларни қандай манфаатлар бирлаштиради?

 

Давлат сиёсати инсон эҳтиёж-талаблари билан уйғунми?

 

Адолат тарозисининг посангиси тўғрими?

 

Одамлар маърифий интилишларда якдил­ҳамжиҳатми?..

 

Бу саволларга жавоблар жамиятнинг умумтафаккури, маънавиятини ифода этиб, ижтимоий психологик муҳитни ташкил қилади. Инчунин, давлат тирик мавжудот янглиғ миллий маърифатдан тўйинади, уни қайта ишлаб бойитади, жамиятга татбиқ этади – бу эса жамият ривожига хизмат қилади. Бошқача айтганда, ҳокимият адолатли-ю, халқ маърифатсиз бўлса ёки халқ маърифатли-ю, ҳокимият адолатсиз бўлса, ижтимоий мувозанат бузилади.

 

Абу Наср Форобий бобомиз жамиятнинг маънавий хасталигига нопоклик ва мустамлакачиликни сабаб қилиб кўрсатган (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Тошкент, “Халқ мероси”, 1993. 29-бет). Шу маънода, ҳаётда давлат ‒ золим, халқ ‒ жабрдийда бўлмайди. Эртаклардагина шундай тасвирланади. Аслида, халқ қандай бўлса, давлати ҳам унга муносиб келади.

 

Миллий-ахлоқий қадриятлар турғун ёхуд тўлиқ шаклланмаган жамиятда фуқароларнинг муқим ижтимоий позицияси ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Маънавий илдизларидан узилган жамоа кўпроқ ташқаридан киритилган ёхуд яратилган “қадриятлар” итоатида яшайди ва бирлашади. Маънавий илдизидан узилган жамият – у баъзан ҳатто замонавий ном ила “демократик” деб сифатланса-да – оломонликка кўпроқ мос келади. Бундай жамиятда инсонлар утопик орзулар ва ижтимоий афсоналарга ишониб яшайди. Турли чалғитувчи мавзу-масалалар кундалик онгда соғлом фикрни сиқиб чиқаради. Омма реал воқеликка интилмайди, рўёларга асир бўлади. Улар, сиртдан қараганда, беозор мифлар бўлиб кўринса-да, оломонни улуғлаш, ҳокимиятни илоҳийлаштириш жамиятнинг етакчи мафкурасига айланади (Арендт Х. Вирус тоталитаризма // Новое время, 1991, № 11).

 

Оммавий психология индивидуал психологияни қабул қилмайди. Демак, бундай жамиятда шахслар яшай олмайди, жон сақлаб қолганлари ҳам вақт ўтиб умумий оқимга қўшилишга мажбур бўлади. Файласуф Саъдулла Отамуродов таърифига кўра, инсонларнинг муайян миллатга мансуб эканини оммавий тарзда англаб етмаслиги, англашни истамаслиги ёхуд миллатга мансубликдан воз кечиши охир-оқибатда улуғ қадриятлардан маҳрум бўлган оломонни юзага келтиради. Оломон – миллий ҳис-туйғулар, маънавий гўзаллик, улуғвор мақсадлар атрофида уюшиш иштиёқи, миллий-маънавий жозиба, куч-қудрат ва илҳом бағишловчи олижаноб туйғулар, севги-муҳаббат, ҳамкорлик, оғир вазиятда ғамхўрлик, қўллаб-қувватлаш, биродарлик ва ўзликдан маҳрум, пароканда ҳолда ҳаёт кечиришга маҳкум инсонлардир (Отамуродов С. Глобаллашув: миллатни асраш масъулияти. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2018. 7-бет). Тўғри, оломон ҳодисаси бу – жараён эмас, оломонлаштиришга қаратилган мақсаддир. Унда инсонни ўзлигидан маҳрум этишга қаратилган кўплаб омиллар ва “мутахассис”лар иштирок этади. Устоз файласуф бу масалага глобал муаммо сифатида қарайди ва айни чоқда, бунга олиб бориши мумкин бўлган маънавий-миллий қусурларга эътибор қаратади. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов хушомадгўйлик ва мақтов, лаганбардорлик ва дабдабабозлик қон-қонимизга сингиб кетгани, “суяк сурадиган” ижтимоий касалликка айлангани, XXI асрнинг дастлабки икки ўнйиллигини босиб ўтган бўлсак ҳам қуллик ва мутелик психологиясидан тўлиқ халос бўла олмаганимиз ҳақида куюниб ёзади (Ражабов Қ. Назир Ражабов. Тошкент, 2021. 3-бет). Демак, оқил ҳамда закий миллат ўлароқ ўзимизни вақти-вақти билан тафтиш этиб туришимиз лозим ва лобид.

 

Дунёдаги жараёнларни кузатсак, маънавий иллатларни ижтимоий кучга айлантирган “фуқаровий таълимот” замирида яширин катта сиёсат мавжуд эканига амин бўламиз. Уларнинг сиёсий, иқтисодий ҳамда жамоавий бошқарув мурватлари аллақачон шакллантирилган ва маънавияти заиф жамиятларга татбиқ этилаётир. Форобий бобомиз кўп асрлар олдин айтган башорат бугун ҳам долзарб эканини янги замоннинг ўзи тасдиқлаб турибди.

Оломон одами доимо ўзидан кўра заифларни итоат эттиришу ўзидан кучлилар исканжасига тушмасликка интилади, чорасиз қолганда эса дарҳол тобелик изҳор этади. Бундай руҳиятда барчанинг устидан ҳукмдорлик қилишга интилиш ёки қулликка итоатда бўлиш ҳамда фурсат кутиш хусусияти устун келади (Гегель Г. Работы разных лет. В 2-х т. Т. 1. Мос­ква, “Мысль”, 1970. Стр. 214). Мазкур хусусият фанда “садомазохизм” деб аталади. Садизм хасталиги бошқаларни ўзига тобе қилиб, улар устидан ҳукмронлик қилишдан лаззатланиш бўлса, мазохизм азоблардан таскин истамоқдир. Аммо бундай шахсларнинг хатти-ҳаракати аксар ҳолларда турли эзгу ғоялар билан ниқобланади.

 

Мутлақ ҳокимиятга эришган шахсларда садизм хасталигига чалиниш хавфи юзага келади. Ҳокимият – ваколатларнинг кўплиги, таъсир кучининг чексизлиги, истакларнинг зумда муҳайё этилиши билан ўзига ром қилади. Албатта, соғлом фикрли одам ҳокимиятнинг масъулиятини, фуқаролар олдидаги жавобгарлигини теран ҳис этади. Садистга эса бундай масъулият бегона. У – руҳий майллар қурбони, “ҳаётбахш” оғу асири. Шу маънода ҳокимиятпарастлик замирида, аслида, куч эмас, балки инсоннинг руҳий заифлиги ётади. Ироданинг заифлиги ҳокимият кучига суяниш истагини янада оширади. Психологик жиҳатдан олиб қараганда, ҳокимият қудрати шахснинг кучини эмас, унинг заифлигини намоён этади. Демак, психологик жиҳатдан, куч-қудрат билан ҳукмронлик қилиш ўртасида умумийлик йўқ. У кўпроқ қобилият ва салоҳиятга суянади. “Ожиз одам” деганда биз ўз ҳаётини идора этишга қурби етмаган инсонни кўзда тутамиз. Шу сабабдан, ҳокимият ва куч, ҳукмронлик ва салоҳият – бир-бирига зид ҳамда турли-турли тушунчалар. Бошқача қилиб айтганда, заиф инсоннинг борлиғи ҳокимият ресурсларига боғлиқ, кучли ирода соҳиблари эса ҳокимиятни ўзлари яратади (Фромм Э. Бегство от свободы. Мос­ква, “Прогресс”, 1990. Стр. 161). Шахснинг индивидуал тарзда мустақил яшаш кўникмаси, қарама-қаршиликларга жавоб бера олиш ҳамда ўз фаолиятини ташкил эта олиш салоҳияти унинг табиий ҳокимиятини ифодалайди.

 

Дунё тажрибасидан маълумки, маънавий хасталикка чалинган сиёсий етакчиларда ҳақиқий вазиятни англаш, муаммоларни тан олиш, айниқса, камчилик ва нуқсонларни эътироф этиш ниҳоятда оғир кечади; айримлари танқид ёхуд янгиликни қабул қилиш хусусиятидан маҳрум бўлади. Олқишлар, ҳамду сано, юксак илтифотлар, амривожиблик – булар нарциссизмни чуқурлаштира боради. Шу важдан унинг атрофида лаганбардор, лаббайгўй, маддоҳ-риёкорлар тўпланади. Устига-устак, ана шу хасталик оғриқларини қолдириш учун пропаганда машинаси ‒ матбуот, ёзувчи-шоирлар навбатчилик билан “шифокорлик” қилади. Бироқ бу “шифокорлар”нинг “бемор”га тақдим этаётган муолажаси вақтинчалик малҳам бўлади, холос.

 

Маънавий хасталик оломон жамиятини ташкил этувчи жамоатчилик, ижтимоий институтлар орасида чуқур илдиз отади. Улар бир-бирига суянади, бир-биридан “илҳом” олади ва ўзаро “умид” ришталарини боғлайди. Қонунларнинг бемалол бузилиши ёки ижро этилмаслиги, коррупцион гуруҳларнинг кучайиши, ошна-оғайнигарчилик, тарафкашлик билан шахсий манфаатларни қондириш “маданияти” оломон жамиятининг фалсафасини ташкил қилади. Унга кўра, фуқаро ўз тобелигини маҳорат билан намоён эта олиши лозим. Маънавий тубанлик ҳеч кимни таажжубга солмайди. Оломон жамияти “қадрият”ларига садоқат эса муваффақият кафолати демакдир. Бу хасталикка дучор бўлган “бемор” учун масъулият, виждон, ор-номус, бурч, садоқат, муҳаббат каби ахлоқий туйғулар ‒ ортиқча. Нафс бош ўринда бўлган оломон жамиятида ажиб бир қоида ҳукм суради: ўғри ўғри эмас, қўлга тушган ‒ ўғри! Қўлга тушганлар эса ишонч ва садоқатни суистеъмол қилган ландовурлар сифатида сафдан чиқарилади.

 

Оломон жамиятининг олий мезони   бу  ‒ садоқат! Имтиёзу мукофотлар ҳаётнинг мазмунига айланади. Уларга эришиш илинжида ҳар қандай тубанликка тайёр бўлган омма ‒ мазкур жамият яратган “ахлоқ”нинг қулидир. Жамиятнинг бу тоифаси вакилларида ғоявий замин бўлмайди. Улар учун қизил байроқ, кўк байроқ, мовий байроқ, қора байроқнинг фарқи йўқ. “Кўтар!” дейилса бас. Улар шу қадар ожизки, ҳатто душманнинг ҳам фарқига бормайди. Бу эса интеллектни ўлдиради. Машъум хасталик асрлар давомида ирсиятга ўтиб, тузалмас моховга айланади.

 

Oломон жамияти давлат бошқарув органларини фалаж ҳолатига олиб келувчи энг асосий иллатлар бу – ҳисоботбозлик, мажлисбозлик ва улкан назорат тизими. Булар хизматчиларни масаланинг моҳиятига кириб бориш ва ўрганиш имконидан маҳрум этади. Мутахассислик маҳорати, малака ва тажриба ҳисобга олинмайди. Инсон ижрочи, унинг фикри, ташаббус ва ғайрати ортиқча, у – шу талаблар қурбони. Самарасиз йўқотилган вақт оломон фалсафасининг моҳиятини ташкил қилади. Шу тариқа одамлар асосий мақсаддан чалғитилади, кераксиз машварату маънисиз топшириқлар билан уларнинг силласи қуритилади. Бундай жамиятда келиб турган неъматлардан маҳрум бўлмаслик илинжида тобеликка муккасидан кетилади.

 

Оломон жамиятида оддий инсонлар доимо қўрқув ва таҳликада яшайди.  Шундай бўлиши керак, деб қаралади. Зарур бўлса қўрқув муҳити атайин яратилади. Зеро, ташқи ва ички душманларнинг қиёфаси жамоавий тартиботларни жипслаштиришга хизмат қилади. Эртанги кунидан маҳрум бўлган, ўз меҳнати билан қадр топмаган инсонлар ижтимоий мақсадлар мўлжалини йўқотади, бегоналашув, муаммолар олдида ёлғизлик, аламзадалик кайфияти ортиб боради. Оломон жамиятини тарк эта олмаганлар тажовузкорлик, худбинлик, инкорчилик каби руҳий хасталик исканжасида ўз ватанларини йўқотади. Улар шу тарзда тузумга нисбатан нафратини намоён этади. Бундай “исён” ёшлар ўртасида кенг қулоч ёйиб боради. Эрих Фромм буларни “некрофил аломатлари” деб атайди. (“Бегство от свободы”, 159-бет). “Некрофил” атамаси ижтимоий-сиёсий жараёнлардан узилган, қизиқиш ва интилиши қолмаган, умид ва иштиёқлари сўнган, руҳияти ва маънавий олами реал воқеликни қабул қилмайдиган, иложсиз ва аросатда қолган ожиз тоифаларга нисбатан ишлатилади.

 

Хасталикнинг иккинчи, замонавий белгиси шундан иборатки, вужуд қулликдан қутулади, аммо руҳ ундан чиқиб кета олмайди. Яъни одам ўзини ўзи таъминлай олади, мақсадларини мустақил белгилайди, маънавий оламини ҳам англаш даражасига етиб қолган, аммо нафс ва иймон ўртасида мувозанат бузилади. Эътиқоддан кўра манфаат афзал кўрилади. Моддий эркинликни ҳис этган нафс янада кучли иштиёқ билан “исён”га берилади.

 

Жамиятда тузумлар ўзгарганда ҳам қизиқ ҳол кузатилади. Шу вақтгача ахлоқ ва реал ҳаёт талаблари танловида “қовурилиб” келган инсон ‒ энди озод! Жамият неъматларига эгалик қилишнинг ҳуқуқий имкониятлари кенг. Ўтган тузум мафкуравий тазйиқларидан омон қолган кемтик, хаста кўнгиллар эркин иқтисодий муносабатлардан нажот топадигандек гўё. Янги давр талабларига осонгина мослашган тоифалар янги аристократияга айланади. Улар учун энг муҳими – сиёсий элита доирасига кириб олиш, ғайриахлоқий саъй-ҳаракатларни машруълаштириш. “Марҳамат”лардан бебаҳра қолмаслик учун ор-номус бир четга сурилади. Ташқи кўриниши, неъматлар, сиёсий мавқеи... – у эришган омонат ютуқларини кўз-кўз қилади, ўзгалардан устун бўлишга уринади, кибр домига ботади, ҳавойи орзуларга берилади. У энди ҳар қандай “мусиқа” садолари остида ўйнашга шай – дирижёр, оҳанг, ритм ёки жанрнинг аҳамияти йўқ.

 

Телбалар оламига мослашмоқ, эътирофу неъматлардан бебаҳра қолмаслик иштиёқи одамни тобелик сиртмоғида сақлайди. Ваҳоланки, унда бу қобиқдан чиқиш иштиёқи ҳам бўлмайди. Қул вужуди ва руҳи билан қул эканини англаб, берганига шукр қилган бўлса, эндиги замонавий қул типининг қаноат чегараси ‒ кўриб турганимиздек, анча чексиз. У эртага оч қолишдан, мартаба ва обрўдан маҳрум бўлишдан, ундан-да навқирон ва ғайратли “йиртқичлар” улғаяётганидан мудом ташвишда яшайди. Хасталик ваҳимаси ҳар сония уни худди соядек қувиб юради. Шу изтироблардан ҳимояланиш учун ҳар қандай ғирром ва қабиҳ ишдан тап тортмайди. Кези келганда жиноят ва разиллик унинг руҳиятига сокинлик олиб келадиган нажотбахш муолажага айланади.

 

Энди имкониятлар ‒ катта, кўнгил тусаган ишларни қилиб, “одамлардек яшаш” мумкин. Унинг учун шукр, инсоф, меъёр, диёнат ‒ омилик замонлари сарқити. Идеал ҳаёт намунаси сифатидаги орзулар оломон жамиятининг кино ва санъатида тарғиб қилинади. Матбуот ва телевидение маиший, кўнгилочар материаллар билан оломон иштиёқини қондиради, ижтимоий вазифалар юкидан халос этади. Миллий маданиятдан кўра оммавий маданиятга интилиш хаста қалбларга малҳам беради. Руҳиятда улғайган шайтоний иштиёқни қондириш янги-янги дозаларни талаб қилади. Мусиқий нолалар қанчалик ажнабий бўлса, руҳий парвозлар шунчалик юксак бўлади. Унда кўнгил иштиёқлари “тор” миллий қолипдан кенгроқ, “оммавий” даражаларга кўтарилади. Бундай мусиқа шаҳвоний ҳирсларни жунбушга келтиради, мавҳум ғояларни сингдиради, оломонлик фалсафасини мустаҳкамлайди. Ҳамма нарса ана шу “фалсафа” тантанаси учун!

 

Маънавий хаста жамият аъзолари ўз иерархиясини яратади, унга кириш учун мустақил фикрдан воз кечмоқ лозим.  Хабаркашлик оломон жамиятининг муҳим талабларидан саналади. У хўжайиннинг амалини, орттирган неъматини ҳимоя қилиш, ўзга хавф-хатардан доимо огоҳ бўлиш имкониятларини беради. Шунга хусусийлашган “мутахассислар” армияси шакллантирилади. Бундай ҳамкорликнинг икки тарафлама манфаатдорлиги бор. Қул учун юқори иерархияга чиқиш шарт-шароитлари юзага келади. Хўжайин эса “рақиб”ларнинг белини синдиради, йўллар “тозаланади”. Яна: таниш-билишчилик ҳам ўткир ҳимоя воситасига айланади. Иерархия бегона фикр ва қараш вакилларини даврасига киритмаслик, улардан огоҳ бўлиш, уларни ўз вақтида аниқлаш, тегишли ташкилий чора-тадбирларни жорий этиши лозим бўлади. Бош масала шундан иборатки, оломон жамияти ичидан шахслар чиқмаслиги лозим. Шахслар оломон жамиятининг барқарорлиги ва яхлитлигига путур етказади.

 

Оломон жамиятида ижтимоий табақалар бўлмайди. Уларнинг барчаси ‒ тенг. Отаси ‒ боласига, шогирди ‒ устозига рақиб. Отасининг устига, устозининг ўрнига чиқиб олиш муайян ижтимоий тизим орқали рағбатлантирилади. Раҳбар ўз атрофига ўзи кабиларни тўплайди. Қарабсизки, жамият абгор ҳолга тушиб, бир-бирини сотиш ва маҳв этиш билан овора бўлиб қолади. Шу сабабдан оломон жамиятидан чиққан ва уни сақлаб туришдан манфаатдор “янги қатлам” жамият ривожидан баҳраманд бўлмайди. Ривожланиш бу ‒ тақсимлаш, баҳам кўриш, демакдир. Бундай ёндашув оломон жамияти фалсафасига зид. Шу сабабдан, аввало таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, хўжалик соҳалари пароканда турмоғи лозим. Мулклар “эшмат”лар тасарруфидан асло чиқарилмайди, “тошмат”ларнинг уни тортиб олишга эса қурби етмайди.

 

Mаънавий хасталикка гирифтор жамият исканжасидан чиқа олмай юрган учинчи тоифа бу ‒ зиёлилар. “Аросатда қолганлар” тоифасига мансуб бўлмиш зиёлилар ҳам бир қанча ички тоифаларга бўлинади. Улар жамиятнинг ўзлигини англаган, илм-маърифатли, аммо эътиқодини ютиб яшайдиган, иродасига қарши аросатда юрган, оқни “қора” деб тасдиқлашга мажбур бўлган, ожиз ва ёлғиз қолган аъзолари ҳисобланади. Нарциссизм ижодкор-зиёлилар ўртасида ҳам кенг тарқалган хасталик бўлиб қолади. Оломон эътирофи, имтиёзу амаллар ‒ аслида истеъдод олдида ҳеч нарса. Моддий манфаат илинжида маддоҳлик қилиш айб эмас. У ўзи ҳақли бўлган нарсаларни даъво қилади, холос. Бироқ уларнинг истак-майллари ‒ турли-турли, айни чоқда, бир-бирига қарама-қарши ва ўзаро зиддиятли ҳамдир.

 

Бу тоифанинг иккинчи гуруҳи ўжарлик, қайсарлик ва муросасизлик хислатлари билан ажралиб туради. Улар ‒ ўз адолати ва ҳақиқатлари билан танҳо. Бу тоифадаги “бемор”лар кичик бир ғоя учун ўзини қурбон қилишга тайёр, эътиқодининг  қули. Улар учун мавжудлигига хиёнат қилиш ‒ ўлим билан баробар. Озчиликни ташкил қилса-да, улар хаста жамият учун шубҳали тоифаларга киради; улар Чеховнинг “Олтинчи палата”си доимий мижозларига айланади; “беўхшов” қарашлари ва “мавридсиз” ғоялари билан жамият қолипига сиғмай қолади. Ҳолбуки, айни шу зиёлилар жамият руҳиятини муолажа қилиши мумкин бўлган бирдан-бир шифокорлар ҳисобланади. Лекин “саратон” хасталигига чалинган жамият руҳияти ҳеч қандай маърифий муолажага тортилмайди.

 

Таниқли ахлоқшунос олим ва шоир Абдулла Шер биз “халқ” деб атайдиган турли табақага мансуб аҳолини ахлоқий жиҳатдан уч тоифага бўлади: 1) эзгулик билан иш кўрувчи юксак ва мустаҳкам ахлоқ эгалари, улар аҳоли ичида тахминан 15 фоизни ташкил этади; 2) эзгуликнинг устидан куладиган, ёвузликка мойил одамлар ‒ ўртача 25 %; 3) аҳолининг катта қисми, улар кам деганда 60 фоизни ташкил этади – ана шулар ахлоқийлик билан ахлоқсизлик ўртасидаги симобга ўхшаш ўйнамол феълли одамлар бўлиб, уларнинг қайси томонга ўтиши мамлакату миллат тақдирини ҳал қилади. Агар улар эзгулик томонига ўтса, мамлакат юксалади, аксинча, агар ёвузлик томонидагиларга қўшилса, юрт хароб бўлади (“Шояд, тафаккур қилсак...” // “Тафаккур” журнали. 2019 йил, 1-сон). Оломон жамиятида айнан ана шу катта қатламнинг 15 фоизга эргашиб кетмаслиги учун барча чора-тадбирлар кўрилади. Маърифатсизлик, саводсизлик, ночорлик шароитини сақлаб туришнинг барча усуллари қўлланади ва бу оломон жамияти барқарорлигини таъминловчи бирдан-бир имконият ҳисобланади.

 

Ўзбек жамиятига келсак, охирги  йилларда маънавий хасталикнинг халқимизни асрлар давомида таназзул гирдобига тортиб келаётган иллат ўлароқ идрок этилаётгани миллий руҳиятни поклаш иштиёқидан нишона бермоқда. Бугун одамлар илгаригиларга ўхшамайди: улар айтганни қилиб, берганга кўниб ўтирадиганлардан эмас. Энг муҳими, ижтимоий тафаккур уйғонмоқда. Бош масала ‒ ўша иштиёқни маърифат ва илм билан тўлдирмоқдан иборат. Шундай экан, жамиятда миллий қадриятларнинг ижтимоий асосларини жорий этиш, давлат ва жамият мақсадлари ахлоқийлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларига қаратилган ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, салоҳият ва иқтидор устуворлигини белгилаш, самарали ҳокимият тизимини такомиллаштириш, адолатли қонунлар ва сўзсиз ижро механизмларини мустаҳкамлаш, замонавий таълим тизими, энг муҳими, эзгу амаллар ривожини рағбатлантириб бориш соғлом жамият асосларини яратишга хизмат қилади. Шу тариқа жамиятда манфаатларни ҳалол йўл билан қондирмоқнинг маърифий имкониятлари пайдо бўлади. Бирликка интилиш аҳолининг бурчига айланади, фуқароларда оммавий масъулият туйғуси шаклланади. Инсоннинг қадр-қимматига бўлган ишонч ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиб ўтишга ундайди. Ирода, ор-номус, бурч ва масъулият туйғулари миллий эътиқодни мустаҳкамлайди. Бунинг учун эса жамиятга соғлом шахслар керак бўлади.

 

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ

 

“Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.

“Оломон жамияти аломатлари” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси