Педофилларга хос айрим хусусиятлар, жарроҳлик ва кимёвий кастрация… – болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан курашишнинг хориж тажрибаси


Сақлаш
16:05 / 17.05.2023 708 1

Яқинда кетма-кетликда рўй берган ҳолатлар: Тошкентда ўн икки ёшли қизнинг фожиали ўлими, Хоразмдаги  воқеалар вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик мавзусидаги муҳокамаларнинг салмоқли кўпайишига олиб келди. Оммада талай хато қарашлар, фикрлар кузатилди, иккала ҳолатга ҳам бир нуқтадан қаралди. Жамиятда бу масалада билимнинг етишмаслиги кўринди, натижада муаммо билан курашишда тўсиқлар вужудга келиши мумкин. Ойина.уз колумнисти ушбу мавзунинг кўпчиликка ноаниқ, хато тушуниладиган ва эътибордан четда қоладиган томонлари ҳақида бош қотирди.

 

Тарихда педофилия деярли доим мавжуд бўлган эсада, унга жиддий эътибор ва тадқиқотлар 1980 йиллардан бошланди ва асосий изланишлар АҚШда амалга оширилмоқда. Шунинг учун матнда фойдаланилган маълумотлар ҳам асосан ушбу давлатда ўтказилган тадқиқотлар ва ҳисоботларга доир. Педофилларнинг умумий тарқалиши номаълум, бироқ тахминларга кўра ушбу кўрсаткич умумий аҳоли сонинг 5 фоизини ташкил этиши мумкин. Албатта, бу ўз номи билан тахмин, асл миқдор бундан кўпроқ бўлиши мумкин. Бир ҳисоботда маълум қилинишича педофиллар содир этган жиноятларнинг атиги 29 фоизи қўлга олинган. Бунга бир неча сабаб бўлиши мумкин: атрофдагилар муносабатидан хавфсираш, қаттиқ қўрқув ёки жиноятчининг яширинишга муваффақ бўлиши.

 

Педофил деганда хаёлимизга бизда кўпчилик танийдиган Чикатило каби маньяклар келади. Бироқ педофиллар фақатгина боланинг мактабдан чиқишини пойлаб ўтирадиган турқи совуқ чол ёки жиннихонадан қочган жинсий зўравон эмас. Педофил қариндошингиз, дўстингиз, ҳамкасбингиз, мактаб ёки боғча боғбони, обрўли мансабдор, ишбилармон тадбиркор ва шу каби бошқа оддий, гумондан ташқари тоифа инсон бўлиши ҳам мумкин. Қариндошлар ва таниш кимсалар томонидан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик алоҳида ўрганиш ва таҳлилларни талаб қилади. АҚШда эълон қилинган бир ҳисоботга кўра, 5 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий зўравонликларнинг 48,6 фоизини қариндошлар содир этади. Бундай зўравонликнинг 6-11 ёш оралиғидаги болаларга нисбатан содир этилган миқдорида 42,4 фоизи, 12-17 ёш оралиқдагиларга нисбатан эса 24,3 фоизи қариндошлар томонидан амалга оширилади. Оиланинг ёки боланинг танишлари томонидан содир этилган жинсий зўравонликнинг ёш тоифаларига кўра тақсимоти эса бундай, 5 ёшгача 48,3 фоиз, 6-11 ёшда 52,9 фоиз, 12-17 ёшлиларда эса 66 фоиз.

 

Педофиллар таркиби масаласида ҳам бизда айрим янглиш фикрлар мавжуд, масалан педофил деганда деярли барчанинг кўз олдига қандай кўринишидан холи равишда эркак киши гавдаланади. Албатта, бундай фикрнинг келиб чиқиши табиий ҳол, яъни, аниқланган ҳолатларнинг деярли барчаси эркаклар томонидан содир этилган. Бироқ ишониш мумкинки аёллар орасида ҳам педофиллар учрайди, ҳатто ўйлаганимиздан кўпроқ даражада. АҚШнинг жинсий жиноятлар бўйича федерал маълумотларига кўра балоғатга етмаган болаларга қилинган тажовузларнинг 6 фоизи аёллар томонидан содир этилган. Бироқ бу алдамчи рақам бўлиши мумкин, жамиятдаги стигмалар ва «ўғил болача» қарашлар кўп ҳолларда аёл педофилларни аниқланмай қолишига сабаб бўлади. Бундан ташқари педофиллар гомосексуал ёки бисексуал бўлиши ҳам мумкин, ёш болага жинсий тажовуз қиладиган катта ёшли эркаклар ҳам учрайди, бир неча тадқиқотларга кўра ўз жинсидаги балоғатга етмаган болаларга тажовуз қилувчи катта ёшли одамларнинг умумий педофилиядаги улуши 9-40 фоиз оралиғида бўлган. Бу катталар ўртасидаги бесоқолбозликдан 10 бараварлаб кўп дегани. Педофилга жамиятда илиқ қаралмаслиги табиий ҳол, унинг гомосексуаллиги эса нафратни янада ошириши ҳам маълум. Бундай жинсий ориентациядагиларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий педофил бўлмаслиги эҳтимол, ўзининг жисмоний кучи ва дадиллиги етадиган қурбонни излаш ортидан болаларга тажовуз қилишлари мумкин.

 

Яна бир муҳим нарса бу педофилиянинг касаллик эканлигидир, жаҳон психиатриясида тан олинадиган касаллик. Шунчаки шахсий фикр ёки тасаввур ортидан боладаги жинсий жозибага интилиш эмас бу. Шунинг учун болага жинсий зўравонлик ва педофилия ўртасидаги фарқни билиш муҳим. Маълумки бола деб халқаро ҳуқуқда ҳам, миллий қонунчилигимизда ҳам 18 ёшга тўлмаган шахсга айтилади. Ана энди педофилия диагностикаси учун эътиборга олинадиган белгилар (Руҳий касалликлар диагностик ва статистик қўлланмасининг бешинчи нашрига кўра) ҳақида:

 

        13 ёшгача бўлган болаларга нисбатан кучли жинсий истак, тасаввурлар;

        Педофилликнинг минимал ёш чегараси 16 ёш, унинг ҳаракатлари йўналган шахс эса ундан камида 5 ёш кичик бўлиши керак;

        Педофилик истаклар, тасаввурлар ва ҳатти-ҳаракатлар камида 6 ой давом этиши керак;

 

Юқоридаги белгилардан аниқ бўладики, масалан катта ёшли эркакнинг 15 ёшли қиз билан ишқий муносабати, бунинг ортиқдан жинсий яқинлик қилиши ёки унга жинсий зўравонлик қилиши педофилия эмас, қонун ва ахлоқ нормаларининг бузилиши. Биздаги қонунларга кўра 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш тақиқланади хоҳ ихтиёрий, хоҳ зўравонлик билан бўлсин. Педофилия эса ички руҳий бузилиш, худди шахсият бузилишлари каби. Умуман олганда педофилия шахсда бошқа руҳий бузилишлар ва оғишлар билан кўпроқ учрайди. Тадқиқотларга кўра, педофилларнинг тахминан 43 фоизида C кластердаги, 33 фоизида Б кластердаги ва 18 фоизида А кластердаги шахсият бузилишлари аниқланган. Буларнинг бари педофилияга қарши курашиш ва уни даволашдаги тўсиқлардан бири, чунки худди шахсият бузилишларида бўлгани сингари педофиллар ҳам ўзларини касал ёки тамойилларни бузувчи сифатида кўрмайди, ўзини руҳий соғлом баҳолайди. Бундай фикрдаги инсон учун эса шифокорга мурожаат қилиш учун ҳожат йўқдай кўринади.

 

Педофилнинг профили (намунаси)га оид конкрет хусусиятлар ҳозиргача аниқ эмас. Шундай бўлсада, истисно ҳолатларини ҳисобга олиб катта ёшли  педофилларга хос айрим хусусиятларни келтириш мумкин:

 

        Улар болаларни жуда яхши кўришади, катталарга нисбатан кўпроқ болалар билан бирга бўлишга интилишади;

        Болалар билан бирга иложи борича кўздан ҳоли, пана жойларда бўлишга ҳаракат қилишади;

        Айтарли зарурат бўлмаган ҳолларда ҳам болаларга совғалар беришади;

        Сезиларли даражада кўп болалар билан жисмоний контактга интилишади;

 

Яна бир эътиборли жиҳат педофилнинг ҳатти-ҳаракатлари умуман зўравонлик кўринишида бўлмаслиги ҳам мумкин. Бунда бир-биридан фарқ қилувчи ҳолатлар мавжуд, хусусан педофил шахс ўз истагини қондиришда фақат жинсий йўллардан фойдаланмайди. Ёш бола жинсий зоналарига тегиниш, уни қучоқлаш, кийимларини ечиш, яланғоч ҳолида тикилиш ўпиш билан ҳам қаноатланиши мумкин. Бу, албатта, шахсни ўзининг ҳаракатларини назорат қила олишига, истакларнинг кўриниши ва кучига боғлиқ бўлади. Бу ишлар меҳрибончилик, қайғуриш ниқоби остида амалга оширилади одатда. АҚШ Адлия вазирлигининг бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлари асосида ишлаб чиқилган қўлланмасида (1992) келтирилишича қўлга олинган педофиллар ўзларининг жинсий алоқагача етиб бормаган қилмишлари учун ҳимоя сифатида ушбу усулларни ишлатишади:

 

        Ўз ҳатти-ҳаракатларини ноқонуний ёки ахлоқсизлигини инкор этишади, масалан «болани қучоқлаш ёмонми?»

        Ўз ҳаракатларини минималлаштиришади, яъни «бу фақат бир марта содир бўлди»

        Асослашга ҳаракат қилишади – «Мен ўғил болани севадиган одамман, уларнинг зўравони эмас»

        Чўпчак тўқишади, масалан «ҳаракатларим илмий изланишлар зарурати туфайли эди»

        Эҳтимолий тажовуздан ҳимоя, турли қўрқинчли ҳолатлардан пана қилиш.

 

Бошқа бир вазиятларда педофил ва бола ўртасидаги яқин муносабат ўрнатилиши кузатилиши мумкин. Катта шахс ўзини сирдош, дўст ёки ёр сифатида намоён қилади. Бунда бирга ўтказилган вақтларда, ўйинлар давомида педофил ўз мақсадларини амалга ошириши мумкин.

 

Педофил аёлларнинг 13 ёш ёки ундан кичик болалар билан бундай муносабатлари эса янада сезилмас ва мураккабдир. Оналик инстинкти ва/ёки кўпчиликка маълум бошқа сабаблар фонида болани ўпиши, қучоқлаши, чўмилтириши мутлақо соғлом ва табиий воқелик бўлиб кўринади кўзимизга.

 

Педофилиянинг сабаблари ва шаклланиши ҳам жиддий мунозараларга тўла нуқта бўлиб қолмоқда. У ирсийми ёки атроф-муҳит таъсирида вужудга келадими, тайинли келишувга эришилмаган. Ирциятнинг боғлиқлиги бошқа қариндошлардан мерос бўлиб ўтувчи касалликлар сингари айнан педофил генини ташиб ўтилиши билан тушунтирилмайди. Ота-онадаги гиёҳвандлик, руҳий ва шахсият бузилишларининг таъсири ҳақидагина бир қанча фикрлар бор. Клиник жиҳатдан асослар топилиши учун қўлга олинган педофилларда бир қатор нейропсихиатрик текширувлар олиб борилган. Томография ёрдамида ўтказилган ўрганишлар педофилларда оқ ва кулранг моддаларнинг соғлом одамларга нисбатан сезиларли фарқланишларини кўрсатган. Шунингдек, мияда ҳам бир қанча ўзгаришлар аниқланган, бироқ бу ўзгаришлар миянинг табиий ривожланиши ёки атроф-муҳит таъсири натижасими буниси маълум эмас. Яна 30-55 фоиз педофилларда импульсив бузилишлар (масалан пиромания, клептомания) билан боғлиқлик аниқланган. Тадқиқотларнинг айримлари педофилларда ақлий кўрсаткичларнинг пастлигини кўрсатса бошқалари нормал кўрсаткичларни қайд этади.

 

Бошқа бир изланишлар якунида қизиқ ҳолат аниқланди, гап шундаки педофил қанчалик ақлий жиҳатдан паст бўлса унинг қилмиши қурбони бўлган боланинг ёши ҳам шунча кичик бўлган. Мия билан боғлиқ бундай анормалликларнинг педофилларда қандай вужудга келиши ҳам чигал масала бўлиб, бу масаладаги қарама-қарши фикрлар турлича. Бошқа бир тадқиқотларда қўлга олинган педофилларнинг деярли ҳаммаси болалигида жинсий зўравонликка учраганини даъво қилишади. Бир томондан ушбу ҳисоботларда ҳақиқат бордай кўринади, аммо чуқурроқ ўйланса ушбу кўрсатувлар шубҳа остига ҳам олиниши мумкин. Қайси айбдор ўзини оқлашга, ўзига нисбатан атрофдагиларнинг нафрати ва берилиши керак бўлган жазони юмшатишга уринмайди?

 

Педофилияни даволаш ва унинг ижтимоий оқибатларини олдини олиш йўлидаги ишлар ҳам муҳимдир. Аввало даволаш ҳақида, бу масалада энг асосий ва бош фикр шундайки бу бузуқликни даволаб бўлмайди. Турли руҳий, когнитив терапиялар ва бошқа тиббий амалиётлар ёрдам бериши мумкинлиги айтилаётган бўлсада, бундан ташқари бу фикр айрим ўринларда ўз тасдиғини топаётганига қарамай ҳеч қандай кафолат йўқ. Яна бир тадқиқотда бир йиллик икки ёқлама терапиядан кейин ҳам педофиллар орасида болаларга жинсий иштиёқ билдирувчилар кўп бўлган. Педофилиядан даволаш учун психотерапия, фармокологик терапия (кимёвий кастрация) ва жарроҳлик кастрацияси қўлланилиши мумкин.

 

Психотерапия ўз-ўзидан маълум, асосан суҳбатлар орқали олиб борилади ва бузилиш мавжуд одамда фикр, турли методлар ёрдамида ўзгаришга эришиш умид қилинади. Жисмоний кастрация (бичиш) жарроҳлик йўли билан амалга оширилади, бироқ бугунга келиб қўлга олинган педофилларга мажбурий жазо сифатида қўлланилмайди. Фақатгина АҚШнинг айрим (Техас, Луизиана, Калифорния) штатларида ва бошқа саноқли давлатларда балоғатга етмаган болаларга жинсий тажовуз қилган жиноятчиларга қамоқ жазосига муқобил танлов сифатида таклиф этилади. Кастрациянинг бу тури энг самарали усул ҳисобланади, бироқ камдан-кам бўлсада ундан кейин педофиллар турли дорилар ёрдамида ўзларининг кастрация орқали чекланган гормонларини қайта тиклаб олишга уринишлар ҳақида айрим маълумотлар бор. Кимёвий кастрация ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси учун альтернатива сифатида таклиф этилади ва кўп давлатларда қўлланилади. Бунда ишлатиладиган кимёвий воситалар ҳам танада ишлаб чиқариладиган тестостерон ва эстроген гормонини бостириши орқали натижага эришилади, шунингдек жисмоний кастрацияга нисбатан ножўя таъсирлари кам. Бироқ ушбу усул вақтинчалик бўлиб мунтазам равишда кўрикдан ўтиб ҳар йили янги инъекцияни олишни талаб этади ҳамда давлат учун ортиқча харажат бўлиши мумкин. Битта педофил учун йиллик харажат бир неча мингдан йигирма минг АҚШ долларигача етиши мумкин.

 

Ижтимоий оқибатларни олдини олишга келганда эса асосий чора жазоларни кучайтириш, педофилияга қарши самарали курашнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, ривожланган давлатларда аниқланган педофилларни рўйхатини шакллантириш бўлиб қолмоқда. Масалан АҚШнинг кўплаб штатларида Жесика қонуни амал қилади унга кўра 12 ёшга тўлмаган болага жинсий зўравонлик қилган шахс умрбод қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. Қўшма штатларда яна бир – меган қонуни мавжуд бўлиб, ушбу қонун жазони назарда тутмайди. Унга кўра ушбу қонун амалда бўлган штатларда аниқланган педофил шахсига оид маълумотларни турли йўллар билан оммавий тарқатиши керак. Ушбу норма 1994 йилда 33 ёшли қўшниси томонидан зўрлаб ўлдирилган 7 ёшли Меган Канка номига қўйилган, қизнинг ота-онаси, яқинлари ва ижтимоий фаоллар педофил маълумотларининг тарқатилишига қаратилган қонун қабул қилинишига эришиш учун ҳаракат қилишган. Бироқ ушбу усулнинг самараси ҳақидаги ҳисоботларда турли чигалликлар мавжуд, шунингдек айрим ижтимоий фаоллар бугунда ҳам қонуннинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ эканлигини таъкидлашади.

 

Ўзбекистон шароитида ушбу бузуқлик билан курашиш ҳам ижтимоий, ҳам психиатрик жиҳатдан янада қийин ва чигал муаммо. Бизда ушбу йўналишда турли илмий тадқиқотлар амалга ошириш учун шароитлар етарли эмас. Юқорида келтирилганимиз турли изланишлар ва тадқиқотларнинг деярли ҳаммаси АҚШда олиб борилган. Ҳатто бизда педофиллар жуда кам деган хаёллар ҳам бор. Чунки кўп ҳолатлар ошкор қилинмайди, ўрганилмайди. АҚШ ва Европа каби ривожланган жамиятларда ҳам болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ёки бузуқ ҳаракатлар қилинганини хабар қилишдан тортиниш ҳолатлари учрайди, ўзимиздаги ҳолатни тасаввур қилавериш мумкин. «Гап-сўз» тушунчаси бизда қанчалик кучли эканлиги ҳаммамизга маълум. Педофилнинг болаларга хуружи жиддий оқибатга олиб келмаса бу воқеа ҳатто ота-она томонидан ҳам кўп ҳолларда очиқланмайди. Тошкентдаги 12 ёшли қизнинг ўлимига сабабчи ўша воқеа бўлмаганида, педофил ўз ҳаракатларини енгилроқ кўринишда (қучоқлаш, ўпиш, баданига тегиниш, ечинтириш) амалга оширганда ҳеч ким бундан хабар топмасди, эҳтимол. Оила бу воқеани атрофдагиларнинг муносабатидан қўрқиб бирор жойга шикоят қилмасмиди?

 

Яна бир жиҳати бизда ашаддий зўравон бўлмаган педофилларни аниқлаш қийин кечиши мумкин. Юқорида айтилганидек педофиллар болаларни жуда яхши кўради, улар билан эҳтиёткор ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлади. Бизнинг жамиятда эса болани яхши кўрмайдиган унга меҳрибончилик қилмайдиган одамлар кам. Бу эса бир қанча мураккаблик туғдиради, агар шахсда педофилия антиижтимоийлик ва садизм билан қоришиб ўткир кўринишга кирмаган бўлса бу янада қийин. Шунинг учун ота-оналардан қаттиқ диққат-эътибор, болани назоратсиз қолдирмаслик, сергак бўлиш талаб этилади.

 

Педофилнинг ҳаракатлари болага жисмонан зарар етказмаслиги мумкиндир, лекин руҳий таъсир ўтказиш эҳтимоли катта. Енгил ҳаракатлар бўлса ва ҳеч қандай зарар бўлмаган тақдирда ҳам, ўша шахс ҳақида ахборот етказиш лозим. Бу билан келгусида бошқалар билан юз бериши мумкин бўлган ёмон оқибатларнинг олди олиниши мумкин. Ҳуқуқий томонига келсак бизда ( Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кўра) вояга етмаган болага жинсий тажовуз ёки ихтиёрий жинсий алоқага нисбатан берилиши мумкин бўлган энг оғир жазо 14 ёш нуқтасида. Яъни бу чизиқдан паст ёшдаги болаларга қилинган жинсий ёки бузуқ ҳаракатлар алоҳида кўриб чиқилмайди.

 

Якунда айтиш керак бўлган энг муҳим фикр шуки, педофилия билан курашда ҳиссиётларга берилиш ва вақтинчалик чоралар кўриш деярли фойдасиз. Бундай бузуқликдан эҳтиёткорликни ҳамда унга нисбатан бўладиган ҳар қандай ёмон муносабатни хотиржамлик билан барқарор ушлаб туриш керак, педофилияга қарши курашиш унинг фожиали оқибат келтириб чиқариши ёки назарга илинадиган бирор воқеа содир бўлмагандаям давом этиши керак. Инсон ўз диққати ва жунбушга келган ҳиссиётларини катта концентрацияда узоқ муддат ушлаб туриши қийин, 12 ёшли қизнинг ўлимидан сўнг одамлар қандай эдию, ҳозир қандайлигининг ўзи катта бир муҳокамага арзийди. Педофилия эса доим мавжуд бўлиб келган, кеча, бугун ва эртага ҳам, у билан боғлиқ кўнгилсиз воқеани ўқисангиз ҳам ўқимасангиз ҳам содир бўлмоқда. Диққатлироқ, ҳушёрроқ, мунтазам равишда қатъийроқ бўлиш лозим. Болаларни иложи борича назоратсиз қолдирмаслик керак, айниқса уйингиздан узоқроққа кетаётганида.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ.

Oyina.uz

1 Изоҳ

baxtiyor

06:01 / 01.01.1970

Ассалому алайкум хурматли Жавоҳир Эргашев. Сиз айтган барча фикрлар тўғри. Жуда эътиборга молик мақола ёзибсиз ва бу мақолангиз билан ўйлайманки, жуда кўпчиллик ота-оналарнинг болаларига нисбатан бўлган диққат-эътиборларининг ортишига сабаб бўлдингиз. Бунинг учун Сизга ташаккур, Аллоҳ ишингизга ривож берсин, қаламингиз тебранишдан тўхтамасин. Саломат бўлинг!!!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси