“Миллат бир бор йўқолса абадий йўқолади, уни қайта тирилтириш имконсиз ва чорасиз ишдир” – Хуршид Даврон миллий бирлик ҳақида


Сақлаш
17:05 / 11.05.2023 836 0

– Хуршид ака, аввало маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз...

 

– Сиз ўзбек халқи, юртимиздаги кўплаб қардош миллатлар, уларнинг турмуши, ўй-фикрлари, топгани-ю йўқотганлари, бу юрт, ундаги одамларнинг ҳаёти, ҳаётики, рисоладагидек ҳаёти ҳақида бир оғиз сўз билан изоҳ беришимни айтаяпсиз. Яъни, иложсиз нарсани сўраяпсиз... Менга қарата “Хуршид ака, исмингиз нима эди, касбингиз қанақа касб?” деган билан баробар мураккаб савол бу...

 

Чунки маънавият инсоннинг, Оллоҳ азиз қилган яратиқнинг бору йўғи, инсон танасини тутиб турувчи суяклар ва пайлар қандай ҳақ-рост бўлса, инсоний қиёфани тутиб турувчи нарса ҳам шу маънавият!

 

Оноре де Балзак “ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуб”ида Руссонинг бир ҳайқириғини келтиради: “Маънавият! Маънавият! Маънавият!”. Уйғониш даврининг улуғ овози эди бу!

 

Буни эслашдан муддао шуки, маънавият сўзи, тушунчаси қачон энг қиммат, энг қадрли бойликка айланса, қаерда унинг нуфузи ўз ўрнига қўйилса, шу замон ва шу маконда худо хоҳлаган, бандаси орзу қилган муҳит яралади. Одам орзу қилган нарсасига доим етолмаганидек, соф маънавий муҳит ҳукмрон бўлган даврлар ҳам доим барқарор бўлавермайди.

 

Маънавият, умрни маъно билан тўлдириш, сермазмун қилишдир. Шу йўлдаги заҳматли завқдир. Маъно инсон онгу шуурида, тафаккурида энг аввало суяк суради, сўнгра болаликдан бошланган ҳаёт сабоқлари, тажрибалари ва ундан кейин адабиёт, санъат, илму фан воситасида пайдо бўлади. Болалигида эзгулик ва ёмонлик ҳақида шаклланган илк тушунчаси инсон маънавий дунёсининг пойдевори бўлиб қолади. Демак, болалигимизда оилавий тарбия ва мактабда қандай муаллимлардан сабоқ олишимиз жуда муҳим омил эканини теран англашимиз керак.

 

Эътибор берган бўлсангиз, халқимиз айрим кишилар ҳақида гап кетганда, уни “бемаъни” деб атайди, яъни умрининг маъноси, ору номуси, аниқ кўз қараши йўқ, “менга бари бир” деган тушунча билан яшайдиган эссиз киши демоқчи бўлади.

 

– Сиз туманда ёки ҳозирги кунда ўрта таълим мактабларида ташкил этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида ишласангиз қандай услубни йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?

 

– Мактаблардаги маънавият тарғиботчиси, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, энг аввало педагогика ақидаларидан, асрлар давомида шаклланган миллий ахлоқий тушунчалару тузуклардан яхши хабардор бўлиши шарт. У яхши ёзувчи ёки истеъдодли адабиётшунос деб маънавият тарғиботчиси лавозимига тавсия қилиш хато бўлади. Менимча, кимни тавсия қилмайлик, у албатта айни шу фаолият учун зарур тушунчаларни берадиган қисқа ўқув курсини ўташи керак. Фақат ана шундагина у фарзандларимизнинг тарбияси ва саводи жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Мен маънавият тарғиботчиси бўлсам...

 

Биласизми, мактаб ўқувчисининг олдидаги жавобгарлик келажакнинг олдидаги жавобгарлик. Унинг қаршисида ҳар бир зиёли киши аввало покиза ният билан туриши керак. Мен биринчи навбатда мактаб ўқувчисининг китобхонлик даражаси билан қизиққан бўлардим. Чунки ҳар бир боланинг савияси унинг берадиган саволи билан ўлчанади. Саволи йўқ одамнинг умиди ҳам йўқ. Китобхон боланинг қалби эса тўғридир-нотўғридир саволга тўла бўлади. Китобхон болагина нимагадир қизиқади, сиздан нимадир ундиришга интилади.

 

Бундан ташқари, болаларни бугун қизиқтираётган, уларни ўзига тортаётган нарсалардан хабардорлик муҳим. Бугун ахборот технологиялари соҳасига қизиқадиган болага дабдурустдан Навоий ғазалиётидан маъруза қилиш мумкин эмас. Бу билан болаларни биз Навоийдан бездирамиз. Дейлик, ўша ахборот технологиясига қизиқадиган болага Навоий ғазалларини видеофайл шаклида ўқиш, тайёрлашни топшириб кўрсак-чи... Бола ўзи учун ҳам бу ишни қизиқиб бажаради. Муҳими, “Навоий ким?” деган саволга айрим ғарбпараст болалар каби “вилоят номи” деб гангиб турмайди. Билъакс, улуғ шоирни, буюк аждодни билиб ўсади. Ва ҳоказо...

 

– “Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор!”. Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос нималардан иборат, уни биз бугун қандай истифода этаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?

 

– Халқимизнинг бой маънавий мероси борлигини дунёнинг ойдин қисми тан олган ва бу меросни бутун инсоният бойлиги сифатида қабул қилган. Аммо кўпчилик ҳамма вақт ҳам ота-она қадрини, уларнинг ўгитлари заруратини англамаганидек, халқимизнинг аксар қисми бу бой мерос борлигидан, унинг тириклигимиз учун аҳамияти нечоғли эканидан тўлиқ хабардор десам, ёлғон айтган бўламан. Нима учунлигиям маълум.

 

Бир скандинав филмида кўрганим бор: фарзанд отасидан “Ватан нима?” деб сўрайди. Ота индамай, кафти билан ўғлининг оғиз-бурнини маҳкам қисади, яъни унинг нафас олишига имкон бермайди. Ўғил оғир аҳволга тушиб, типирчилаб қолгандагина ота кафтини олади. Бу билан ота “Ватан бу ҳаводай тириклигинг манбаи, усиз мушкул аҳволга тушишинг мумкин. Ватан кўз илғамас ҳаводай қадрли” деган жуда бир ҳаётий ўгитни айтишга уринади.

 

Бизнинг ана шу ҳаводай қимматли ватан равнақи учун шонли тарихимиз, беназир меросимиз бор деб юришимиз камлик қилади. Биз бугун эмас, эрта эмас, кеча англашимиз лозим бўлган ҳақиқат шундаки, навқирон давлатчилигимиз тараққиёти янада юксалишини истасак, бугун – ҳар соату ҳар дақиқада зарурлиги сезилаётган миллий ғоя – мафкурамиз ва идеал – камоли матлубимиз нимадан иборат эканлигини, ҳар бир инсон, энг аввало сафларимизга қўшилган насллар учун аниқ-равшан кўрсатишимиз шарт.

 

Бу нима учун керак? Бу шунинг учун ҳам керакки, зиммамизга тарих юклаган вазифани ва бугунги тараққиёт йўлимизни белгиламоғи, яъни биз бу мафкура, бу камоли матлуб асосида яшамоғимиз, фарзанд тарбияламоғимиз, қонунлар тузмоғимиз, ташкилотлар қурмоғимиз, истиқбол шукуҳини кўнглимизда ўстириб, авайлаб-асраб келажак авлодларимизга етказмоғимиз лозим.

 

Ўтган йиллар давомида биз кўп ўзгаришларга эришдик. Аммо юксак тараққиёт орзуси юртдошларимиз руҳиятида, онгу тафаккурида ўзгариш бўлишини талаб қилмоқда. Бу руҳият вақт талаб қилаётган ислоҳотсиз қолар экан, янгиланаётган давлат ва жамият учун зарур ислоҳотлар ҳам суст боради. Руҳият ислоҳотини муайян ғоя белгилайди ва у халқ онгини ҳаракатга келтиради. Биз ана шу ғояга қараб интилмоғимиз ва ҳар бир қадамимиз, ҳаракатимизни миллий мафкура ва камоли матлуб мезонига мосламоғимиз керак.

 

Миллат деганда ҳам, жамият деганда ҳам аввало одамларни тушунамиз. Уларнинг фазилатлари, камчиликлари-ю ютуқлари, кўнглида нималар борлиги миллат ва жамият ҳаётини белгилаб туради. Шундай экан, миллий тараққиётимизнинг бугунги муҳим палласида ўзбек жамияти ҳаётининг ички, айни шу маънавий-маърифий оламига кўпроқ диққат қилишимиз лозим.

 

– Халқимиз сизни аввало катта шоир сифатида билади. Шоирнинг битганлари барча учун, жумладан, маънавият ходими учун ҳам захира, қувват манбаи. Демак, шоир ҳам, ёзувчи ҳам биринчи ўриндаги маънавиятчи экан-да...

 

– Бутун ижодий фаолиятим давомида мен фақат шеърият билангина эмас, тарихимиз, маънавиятимиз муаммоларига бағишланган публицистика билан ҳам машғул бўлдим. Ўша мақола ва эсселарни йиғсам, салмоқли китоб бўлади. Бу билан эски маънавиятчи эканимни айтмоқчиман. Узоқ йиллар бурун Маънавият ва маърифат марказини тузишда фаол иштирок этганим, бир неча йил бу ташкилотда ишлаганим бежиз эмас.

 

Шоирликка келсак, бошқаларни билмадим-у, мен шеърнинг, сўзнинг миллат ва ватан борлиги учун нечоғли аҳамиятлилигини англаган ўсмирлик чоғимдан маъносиз, миллий туйғусиз сатрлар битмоқдан сақланганман. Ҳатто ўша баттол совет тузуми пайтида биздан талаб қилинган мавзуларда шеър ёзганимда ҳам албатта тарихимизга бўлган меҳр туйғуси, миллат озодлигига даъватларни акс эттиришга уринганман.

 

Шеър ҳамиша маънавий пойдеворга эга бўлгандагина таъсирга эга бўлади. Шеър юракдаги туйғулар тафсиридир. Бекорга “адабиёт” атамаси “одоб” сўзидан, тушунчалари ва маъносидан пайдо бўлмаган. Фақат шу ҳикматни англаган ижодкор ижоди, сиз айтгандек, қувват манбаи бўлиб хизмат қилади. Фақат шу масъулиятни англаган адибгина миллий ва умуминсоний маънавият хизматчисига, унинг тарғиботчисига айланади.

 

– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?

 

– Кимда миллий ғурур бўлади? Ўзининг кимлигини билган, миллат олдида масъулиятини теран англаган одамда бўлади. Ўзининг ичидан бехабар, демак, оқ ва қорадан бехабар, оиласи, болалари, ватани олдида масъулиятини умуман ҳис этмайдиган одамнинг нимадандир ғурурланишини тасаввур қилолмайман.

 

Ҳар қандай халқ вакилининг миллий ғурури энг аввало ўзи мансуб халқнинг шонли ўтмиши билангина эмас, бугунги равнақи, иқтисодий қудрати, ўзи яшаб турган замону макондаги маънавий муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Тарихимиз шонли, бу тарихда ўз ижодий кашфиётлари билан илмда, адабиётда ёрқин из қолдирган донишманд боболаримиз номлари инсониятнинг тафаккур хазинаси зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлса-да, агар бугунги тараққиётимизда оқсаш сезилса, миллатнинг энг бирламчи тимсоли бўлмиш она тилимизга муносабат пажмурда аҳволда бўлса, йигит-қизлар, оила бошлиқлари тирикчилик учун чет элларда ишласа, ўз юртида эмас, ёт ўлкаларда саргардон юрса, миллий ғурур туйғуси ич-ичимиздан чиқишга, баралла ҳайқиришга уялса керак.

 

Миллий ғурурни болаликдан тарбиялаш зарур. Мактаб дарсликларини айни шу туйғуни шакллантириш воситаси деб биламан. Фақат адабиёт ва тарихимизга оид дарсликлар эмас, арифметика-ю математика, физика-ю кимё, география ва биология дарсликлари орқали оқилона тарзда ёш авлодга миллий ғурур туйғусини сингдириш мумкин деб ўйлайман.

 

– Хуршид ака, ўзбекнинг феъл-атвори, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарга эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?

 

– Жаҳондаги барча халқларнинг ўзига хос феъл-атвори, яъни миллий сажияси, турмуш тарзи, ҳаётий ақидалари мавжуд. Бу уларнинг диний эътиқоди, тили, маънавий бойликлари, турмуш тажрибаси, табиати, тарихи, урф-одати, анъаналари ва яна бир қатор миллий хосликлар билан боғлиқ. Буларнинг барчаси занжир бўлиб бир-бирига шундай қаттиқ боғланганки, битта зулфи узилса барчаси заифлашади, ҳар қандай салбий таъсир уларни осонликча пароканда қилади.

 

Ўйлашимча, миллий атворимиз хусусида яхлит, илмий асосга эга асардан олдин биз адабиётимизда ва илму фанимизда шу хислат акс этган, уни тадқиқ этган асарлардан олинган иқтибослар тўпланган мажмуани яратишимиз керак.

 

Сиз назарда тутган ўзбекнинг феъл-атвори, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарни яратиш биргина шахснинг иши эмас деб ўйлайман. Бу катта жамоанинг меҳнати ва ўзбек зиёлиларининг салоҳияти билан юзага келиши мумкин.

 

– Ўзбекнинг феъл-атворига бегона бўлган ишлар ҳам содир бўлиб турибди. Маиший ҳаётимизда ҳам, ташқи дунёмизда ҳам буни кўриш мумкин. Маънавият ва қадриятларга, анъаналарга таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу борада нима ишлар қилишни зарурат деб ҳисоблайсиз?

 

– Бу таҳдид сусаймайди, аксинча, баттар кучаяди. Ёвуз кучларнинг фақат бизга эмас, бутун аҳли башарга, энг аввало ёшларга бўлган маънавий тазйиқи кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Дунёни маънавий қашшоқликка етаклаб бораётган, фикрловчи инсонни эмас, томоша ва маишатга ўч истеъмолчилар қавмини шакллантириш жараёни салкам бир асрдан буён давом этмоқда.

 

Бундан етмиш йилча аввал америкалик адиб Эйн Рэнд хоним “Давлат табиати” фалсафий бадиасида бугун дунёни ўргимчак тўридай қамраб олаётган бу тажовузкор кучлар ҳақида шундай ёзган эди: “Уларнинг мақсади инсонни фикрсиз қулга айлантириш ёки унинг меҳнати самарасини тортиб олиш, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этиш ёки ақлга зид ҳаракатларга ундашдан иборат. Уларнинг мақсади ўзлари яратган қонунлар билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқаришдан иборат. Уларнинг мақсади жиноятчилар тўдаси бошқарадиган ёки оломон ҳукмрон бўлган жамиятлар яратиш ва уларни ўзларининг ғаразли режаларига хизмат қилдириш. Барча инсоний қадриятларни нобуд қиладиган, одамларни роботга айлантирадиган бундай жамиятлар фаолияти алал оқибат инсониятни ҳам нобуд этади”.

 

Яна такрорлайман, бу таҳдид сусаймайди, у ҳам ташқарида, ҳам ичкарида баттар кучаяди. Биз фақат ва фақат бугунги суҳбатимизнинг ўқ томири бўлган миллий қадриятлар тушунчаси, бу тушунчалар пойдевор бўлиб хизмат қилган миллий тарбия иморатини қанчалик мустаҳкамласак, қанчалик ҳимоя қилсак, ташқи ва ички тажовузкор таъсирлардан шунчалик ўзимизни сақлаган бўламиз.

 

Юқоридаги миллий ғоя – мафкурамиз ва идеал – камоли матлубимиз ҳақидаги гапларимга бир қўшимча қилиб айтсам, уларнинг ҳар иккиси шаклланишига таъсир этувчи энг муҳим омил ахлоқдир. Бу – миллий тафаккурнинг бош мезони. Миллий фикрнинг заифлашуви, бошқа мафкура қаршисида ожизлиги маънавий-ахлоқий соҳанинг таназзули туфайли юз беради. Жамиятнинг барқарорлиги ҳам ахлоқий камолот самарасидир.

 

– Халқнинг якдиллиги ҳаммасидан муҳим. Шундай эмасми? Унинг бутунлигини нималарда кўрасиз? Бугун шу бутунлик бизда мавжудми, қониқарлими?

 

– Ўтмишда бир тилда сўзлашган ёки тил жиҳатидан бир-бирига яқин қавмлардан иборат давлатлар ҳукм сурганини биламиз. Улар нечоғли улкан ва қудратли бўлмасин, охири таназзулга юз тутган. Нега? Уларни ҳалокатга олиб келган сабаблардан бири – ўша давлатлардаги элатларнинг ягона миллат тарзида шаклланмаганидир. Илло, давлат тузиш иши қанчалик мураккаб бўлса, миллатнинг шаклланиши ундан-да оғир ва қийин жараёндир. Миллат шундай мукаммал бирлик – уюшма, иттифоқки, у узоқ тарихий жараён натижасида юзага келади. Аммо таниқли файласуф Иван Ильин таъкидлаганидек, миллатни таркиб топтириш мураккаб иш бўлса-да, унинг тараққий этишига имкон яратиш ёки аксинча – бунга йўл қўймаслик, ҳатто уни йўқотиш чоралари кўп ва хилма-хилдир. Миллат бир бор йўқолса абадий йўқолади, уни қайта тирилтириш имконсиз ва чорасиз ишдир.

 

Шу кунларда тез-тез, турли сабаблар билан “Бобурнома”да битилган бир воқеа ёдимга тушади. Мирзо Бобур сарсонлик кезларини тасвирлар экан, бир гал довон ошиш маҳалида кучли қор бўронига дуч келганини тасвирлайди: “Бир ҳафтага ёвуқ қор тепиб, кунда бир шаръий-бир ярим шаръийдан ортиқ кўчулмас эди. Қор тепар (яъни қорни тепиб йўл очадиган) киши мен эдим, ўн-ўн беш ички била ва Қосимбек эди, икки ўғли – Тангриберди ва Қанбар Али билан, яна икки-уч навкари ҳам бор эди. Ушбу мазкур бўлғонлар яёқ юриб, қор тепар эдук, ҳар киши етти-ўн қадам илгари юруб қор тепар эди. Ҳар қадам қўйғонида белигача, кўксигача бота-бота қор тепар эди... Ўзга тамом ўбдон-ўбдон йигитлар ва бек отонғонлар отлардин ҳам тушмай, тайёр тепилган ва босилғон йўлга кириб, бошларини қуйи солиб келурлар эди. Маҳал ул эмас эдиким, кишига таклиф ва зўре қилилғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса, бундоқ ишларни ўзи тилаб қилур...”.

 

Аслида бу қадим воқеани эслашимга бугунги ташвишли кунларимизда кечаётган ҳодисалару жараёнлар сабабчи. Яна таъкидлаш жоиз, бу ёдлов узоқ йиллик истибдод сиқуви туфайли жаҳолат ботқоғига ботган одамларни янги йўлга олиб чиқиш учун қилинаётган машаққатли ва улуғвор саъй-ҳаракатлар билан ҳам боғлиқ. Биз қалин қор босган довондан ўтмоқдамиз. Не-не азамат инсонлар фароғатни унутиб, “қор тепиб” ортдагилар учун йўл очиб бормоқда. Бу синов довонида ҳар биримиздан, миллатимиз ва насл-насабимиздан қатъи назар, ҳамжиҳат ва ҳаммаслак бўлиб ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳар биримиз онгимизга мурожаат қилайлик, биз она ватанимиз учун ҳал қилувчи паллада қай жабҳада турибмиз: қалин қорни тепиб йўл очаётганлар орасидамизми ёки бу юрт ташвишларидан холи кимсалардек тайёр тепилган ва босилган йўлдан бошимизни қуйи солиб бормоқдамизми? Бугун ҳам Мирзо Бобур ёзганидек, маҳал ул эмаским, “кишига таклиф ва зўре қилилғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса бундоқ ишларни ўзи тилаб қилур”.

 

Халқнинг якдиллиги ҳақидаги саволингизга жавоб беришдан олдин шунча гапни айтишимнинг сабаби битта: халқ ва миллатни фақатгина кучли, комил шахслар бирлаштира олади. Буюк бобомиз ҳазрат Мир Алишер Навоий “Элга қўшулғон эш топти” деб насиҳат айтган. Демак, ҳаммаслак бўлган халқ яшаган юрт равнақ топади ва келажаги порлоқ бўлади.

 

Шодмонқул САЛОМ суҳбатлашди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 1-сон.

“Умрни маънога тўлдирмоқ завқи” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси