Йўқолиш арафасидаги касблар, жиноятчилик воситасига айланаётган сунъий онг, келажакда бизни кутаётган ютуқ ва хавфлар ҳақида Сунъий интеллект кенгаши раиси Бобур Раҳимов билан суҳбат


Сақлаш
15:04 / 28.04.2023 683 0

ХХI аср технологиялар асри. Эндиликда нафақат технологиялар, балки сунъий онг ҳам ривожланиб бормоқда. Бу аксарият экспертларни хавотирга солса, айрим соҳа вакилларини ҳушёрликка чақирмоқда. Хўш, сунъий интеллект сабаб ҳақиқатан айрим касблар йўқолиб кетадими? Нега бундай дастурларнинг аксарияти Ўзбекистонда ишламайди? Муаммо нимада? Шу ва бошқа саволлар билан виртуал реаллик технологияларига асосланган НАззАР лойиҳасини асосчиси ҳамда Сунъий интеллект маслаҳат кенгаши раҳбари Бобур РАҲИМОВга мурожаат қилдик.

 

– Сунъий интеллект кундан кунга ақлли бўлиб бормоқда. Бунга мисол сифатида ChatGPTни келтириш мумкин. Ушбу универсал чатбот энди одам билан зукколик ва мулоқот қобилиятлари бўйича рақобатлаша олади. Хўш, келажакда у инсон ўрнини эгаллаши мумкинми?

 

– Агар тарихга чуқурроқ қарасак, ҳар бир технологик инновация жамиятда қўрқувга сабаб бўлган. Бу янги ихтироларни кўрган одамларнинг одатий муносабати. Физиологик жиҳатдан бизнинг миямиз шундай қурилган, у янги нарсага ўрганмаганлиги сабабли унга хавф сифатида қарайди. Тарихдан маълумки, тинч йўналишда қўлланилган деярли барча ихтиролар у ёки бу тарзда қулайлик ва ҳаёт сифатини оширган.

 

Шунинг учун агар сунъий интеллектга ҳеч қандай инсоний фазилатлар берилмаса, унга ҳақиқатан ҳам керакли восита сифатида муносабатда бўлинса, ҳаммаси ўз жойига тушади. Ишончим комил, сунъий онгдан мазмунли ва оқилона фойдаланилса, мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшиши мумкин.

 

Аналитик агентликларининг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект глобал иқтисодиётга бир неча триллион доллар фойда келтиради. Мутахассисларга кўра, ўсишнинг ярмидан кўпи меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига, қолган фойда эса сунъий интеллект орқали товарларни такомиллаштириш ҳисобига истеъмол талабини оширишдан олинади. Бизнинг вазифамиз – Ўзбекистон бу жараёндан ортда қолмаслигига эришиш, мамлакатда сунъий интеллектни жорий этишга тайёргарлик даражасини ошириш бўйича ишларни давом эттириш муҳим.

 

 

ChatGPT’дан Ўзбекистонда фойдаланиб бўлмайди. Бу аксарият ўзбекистонликларга қийинчиликлар туғдирмоқда. Фойдаланиш имконияти нималар билан белгиланади?

 

– Билишимча, ChatGPT’ни ўз ичига олган OpenAI маҳсулотларининг бутун дунё бўйлаб фойдаланиш имконияти икки омил билан белгиланади. Бу компаниянинг ички сиёсати, мамлакатлар бўйича босқичма-босқич фойдаланиш имконияти очилмоқда ва бу жараён давом эттирилмоқда. Бошқа томондан OpenAI маҳсулотларидан фойдаланишга тақиқ киритаётган давлатлар ҳам йўқ эмас. Буларга Хитой, Италия каби мамлакатларни мисол қилиш мумкин. 

 

– Ўзбекистонда нега шу каби ижтимоий тармоқлар, дастурлар яратилмаяпти? Муаммо нимада?

 

– Кўпчилик ChatGPT қисқа муддатларда яратилган дея хато ўйлайди. ЧатГПТ ортида турган OpenAI компанияси 8 йилдан ортиқ вақт давомида сунъий интеллект бўйича тадқиқотлар олиб борган. ChatGPT GPT-3.5 архитектурасидан фойдаланган ҳолда яратилган. 2018 йилда Трансформер архитектураси асосида биринчи GPT (Generative Pre-trained Transformer) ишлаб чиқарилди. 2019 йилда GPT-2 тақдим этилди. У инсонга ўхшаш сифатли матн яратишга қодир биринчи модель эди. Кейин 2020 йилда сунъий интеллект оламидаги энг катта ва мураккаб модель ҳисобланадиган GPT-3 чиқарилди.

 

ChatGPT’ни яратиш учун тажрибали сунъий интеллект мутахассислари жалб қилинган, илмий-тадқиқотлар ва ишлаб чиқишга катта сармоя киритилган. Масалан, Миcрософт корпорацияси OpenAI компаниясига 1 млрд долларга яқин инвестиция киритган. Бундан ташқари, моделни ўқитиш учун катта ҳажмдаги маълумотлар ишлатилган, бу ҳам кўп вақт ва маблағни талаб қилади.

 

Ўзбекистон ҳозирда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириб, юқори малакали кадрлар тайёрламоқда. Соҳадаги сезиларли ютуқларга қарамай, ChatGPT’га ўхшаш маҳсулотларни яратиш учун бизга ҳали бироз вақт керак бўлади.

 

Мамлакатимизда бу йўналишда иқтидорлар эндигина шаклланмоқда. Кучли кадрлар етишиб чиқиб ўзларини дунё даражасида эътироф этилишига эришса, бу каби гигант лойиҳаларни амалга ошириши учун инвестициялар ҳам келади.

 

– Сунъий интеллект ривожланиши сабаб келажакда кимлар ўз касбини йўқотиши ёки ўзгартириши мумкин?

 

– Кўплаб касб эгаларининг ишини йўқотиши мумкинлиги бўйича прогнозларни янгиликларда ўқиш мумкин. Ҳақиқатдан, келажакда сунъий интеллектнинг ривожланиши турли касбларда ўзгаришларга олиб келиши, баъзиларига талаб камайиши, бошқалари эса ўзгариши ёки муҳимроқ бўлиши мумкин.

 

Монотон бажариладиган, креативлик талаб этилмайдиган ва автоматлаштиришга мойил иш ўринлари секин-аста ўзгариши мумкин. Масалан, сунъий интеллектга асосланган овозли чат-ботлар телефон операторларининг, матн генерациясига йўналтирилган тизимлар копирайтер ва матнли контент яратувчи маркетологларнинг, тасвирлар генерация қилувчи тизимлар баъзи график дизайнерлар ўринларини эгаллаши мумкин. Ҳайдовчисиз бошқариладиган транспортлар ривожланиши ҳайдовчи касбига бўлган талабни йўқотар, эҳтимол. Шунга қарамай, нейротармоқлар билан ишловчи операторлар, ушбу тизимларни қўллаб-қувватлаш хизмати мутахассислари ва бошқа кўплаб янги касблар ҳам пайдо бўлиши мумкин.

 

Бундан ташқари, машинавий ўқитиш, нейрон тармоқлар ва табиий тилларни таҳлил қилиш каби сунъий интеллект восита ҳамда усулларидан фойдалана оладиган мутахассисларга талаб ортишда давом этади деб ўйлайман.

 

– Статистикага кўра, дунё бўйлаб ҳар ўн сонияда киберҳужум содир бўлади. Сизнингча бу каби жиноятларга ҳам сунъий интеллект дастурлари сабаб эмасми?

 

– Сунъий интеллект соҳасидаги эришилган ютуқлардан киберҳужумларни амалга оширишда восита сифатида фойдаланиш ҳолатлари сўнгги йилларда кўпаймоқда. Масалан, шахс овозини клонлаштириш, юз тасвирини қалбакилаштириш(DeepFace) каби технологиялардан биометрик аутентификация ҳимоясини бузиб ўтишда восита сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд. Лекин, сунъий интеллект бундай, киберҳужумлар ва бошқа жиноятлар учун жавобгар бўлмайди, чунки у шунчаки восита. Жиноят содир этиш учун сунъий интеллектдан фойдаланган шахслар жавобгар бўлади.

 

Аммо шуни унутмаслик керакки, сунъий онг тараққиёти киберхавфсизлик ривожига ҳам олиб келади. Сунъий интеллект дастурлари киберҳужумларни аниқлаш ва олдини олиш учун ишлатилиши мумкин. Бу эса катта ҳажмдаги маълумотларни тезда таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса тармоқни мониторинг қилиш, киберҳужумни англатувчи аномал хатти-ҳаракатларни аниқлаш, бузғунчиларни блоклаш ва маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олиш учун хизмат қилиши мумкин.

 

Қисқаси, сунъий интеллект ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатларга эга.

 

– Сиз 10 йилдан сўнг сунъий интеллект яна қандай натижаларга эришади деб ўйлайсиз.

 

– 2030 йилга келиб сунъий интеллект технологиялари сезиларли даражада ривожланади ва турли соҳаларда кенг қўлланилади. Жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш, оптималлаштиришга эришилади. Бу ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, харажатларни камайтиради. Сунъий онг касалликларга ташхис қўйиш, янги дори воситаларини ишлаб чиқиш каби тиббиёт ёъналишларида фаол қўлланилади.

 

Сунъий интеллект таълимда ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга оладиган мослашувчан тизимларни яратишга ёрдам беради. Транспорт соҳасида ҳаракатни осонлаштирадиган, ЙТҲ хавфини камайтирадиган, ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиль ва юк машиналари ривожланади.

 

Бироқ, соҳадаги ютуқлар билан бирга автоматлаштириш туфайли иш ўринларини йўқотиш, киберҳужумларнинг кучайиши туфайли шахсий хавфсизлик таҳдиди каби маълум хавфлар ҳам коъпаяди. Салбий оқибатларни минималлаштириш, инсон ҳаётига фойдали таъсирни таъминлаш учун ҳам тизимли ишлар амалга оширилади.

 

 

– Атрофдагиларга сунъий интеллект дастурларидан фойдаланиш бўйича қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

 

Ҳозирги кунда сунъий интеллект технологиялари асосида муайян масалаларни ҳал қилишда фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб илова ва онлайн хизматлар ишлаб чиқилган. Масалан, сўров бўйича матн ёки тасвирларни шакллантиришга ёрдам бериш, таҳрирлаш, ҳужжатларни таҳлил қилиш ва бошқалар. Лекин бирон бир ечимни тавсия этиш тўғри деб ўйламайман.

 

– Илон Маск ва мингдан ортиқ экспертлар сунъий интеллект бўйича тажрибаларни тўхтатишга чақирмоқда. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

 

Ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли. Экспертлар, жумладан, Илон Маск ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича айрим хавотирларга эга. Илон Маск сунъий онгга нисбатан хавотирини биринчи марта билдираётгани йўқ. Агар унинг аввалги фикрларига ҳам эътибор берсак, у кўпроқ сунъий умумий интеллект (Artificial General Intelligence - AGI), яъни инсон интеллектини ўрганиб, ўз-ўзини бойитиш, янгиликларга мослашиш қобилиятига эга бўлган интеллект яратилиши ва уни назорат қилинишидан хавотирда эканлигини тушуниш мумкин. Бироқ Илон Маскнинг ўзи яқинда сунъий интеллект соҳасида фаолият олиб борувчи янги Х.АIrp. компаниясига асос солди. Бундан ташқари у OpenAI компанияси асосчиларидан бири бўлган. Унинг Тesla компанияси ва Neuralink лойиҳасида ҳам сунъий интеллект бўйича тадқиқотлар олиб борилади.

 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мен сунъий интеллектни ривожи, соҳадаги тажрибаларни тўхтатиш тўғри қарор эмас деб ҳисоблайман. Чунки у ҳаётимизни яхшилаш, кўплаб мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун улкан салоҳиятга эга.

 

Ярим йўлда тўхтаб қолмасдан, потенциал хавфларни англаган ҳолда, сунъий интеллектни ривожлантиришни давом эттиришимиз ҳамда ушбу хавфларни юмшатиш учун чоралар кўришимиз керак. Мисол учун, сунъий онгдан фойдаланишнинг салбий оқибатларини минималлаштириш учун этика тамойиллари ва стандартларни ишлаб чиқишимиз мумкин. Бундан ташқари, келажакда атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳалар билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун сунъий онгдан фойдаланишимиз мумкин.

 

Масалан, Ўзбекистонда ҳам 2025 йилга бориб таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда сунъий онг технологияларига асосланган бир нечта ечимларни жорий қилишни режалаштирганмиз.

 

Улардан бири Рақамли тютор/мураббий бу сунъий интеллектга асосланган тизим бўлиб, у ўқув жараёни самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Бундай тизимни яратиш фойдаланувчилар ва билимлар ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш, бирлаштириш ҳамда нормаллаштиришни талаб қилади. Лойиҳанинг асосий қисмлари билимлар базалари ҳисобланиб, у илмий жамоатчилик ва методистлар томонидан ишлаб чиқилган ўқитишнинг турли йўналишларини ўз ичига олади.

 

Сунъий интеллект технологияларига асосланган сурдо таржима тизими таълимда инклюзивликни таъминлашдаги муҳим қадам бўлади. Сурдо таржима тизимлари табиий тильдаги нутқни имо-ишора тилига, матн ёки нутққа айлантиришни ўз ичига олади. Бу талабалар учун таълим ресурсларидан тенг фойдаланишни таъминлайди.

 

Бундан ташқари кўришда муаммоси бор талабалар учун матнли ўқув материалларини нутққа ўтказиш (text-to-spech) технологияларини жорий қилиш режалаштирилган.

 

Бунда биз Сунъий интеллект маслаҳат кенгаши жамиятимизда сунъий онгдан самарали ва хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда фойдаланишда муҳим роль бажаради. Мазкур кенгаш 2022 йил августда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг таркибига 8 нафар хорижий экспертлар (Ҳиндистон, Хитой, Эрон, БАА, Россия, Жанубий Корея, Тожикистон) ва 44 нафар маҳаллий мутахассислар киради. Улар ичида вазирликлар, саноат корхоналари, банклар, стартаплар, илмий ва эксперт доиралар, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда таниқли жамоат арбоблари мавжуд. Кенгашимизнинг устувор йўналишларидан бири жамиятимизнинг ўзига хос томонларини инобатга олган ҳолда Сунъий интеллект этикаси учун таклифлар ишлаб чиқишдир. Шунинг учун биз сунъий интеллектни таҳдид сифатида кўриш ўрнига, уни жамиятимиз учун фойдали воситага айлантириш учун хавфсиз ҳамда этика бўйича фойдаланишга ишонч ҳосил қилишимиз керак.

 

Шахноза ТЎРАМУРОДОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси