Онг чиқиндихона эмас ёxуд китобхўр ва китобхоннинг бешта фарқи


Сақлаш
17:04 / 20.04.2023 735 0

Ёш ёзувчи дўстларимдан бири: “Мен-ку ҳақиқий адабиёт яратарман, аммо уни ўқийдиган ҳақиқий китобхон топилармикин?” деб қолди. Буни ҳазиллашиб гапирди, албатта. Аммо кичик ҳазил тагида катта ҳақиқат яширингандек, шундай эмасми?..

 

Кейинги йилларда китобхонликка эътибор катта. Бежизга эмас, китоб инсониятнинг бирламчи маънавий таянчи. Токи одамни уйғонишга, фикрлашга, ўзгаришга, дунёни ўзгартиришга ундаркан, илҳомлантираркан, қандай қиёфага ўтмасин, формати ўзгармасин – китоб ўз ўрнини бошқа ҳеч нарсага бўшатиб бермайди. Аммо гап бошқа масала – дид, китобхонлик ва ҳақиқий адабиёт ҳақида, бу сизни ҳам ўйга солиб қўйиши тайин.

 

Хуллас, китобхонликни тарғиб қилувчи телеграм гуруҳларидан бирининг “админ”и менга ёзиб қолди. Айтишича, ўзи ташкил қилган гуруҳда бирор асарни танлаб, кузатувчилар билан таҳлил қилишар экан, шунга каминани ҳам сафларига таклиф этди. Мен аввало эътибордан, кейин манфаатли таклифдан хурсанд бўлиб, гуруҳга қўшилдим. Маълум бўлишича, кузатувчилар билан маслаҳатлашиб, ҳар ой биттадан мутолаа учун китоб танланар экан. Танланган асар 25–28 кун ичида ўқиб чиқилиб, ойнинг сўнгги кунлари жамоавий тарзда муҳокама қилинаркан.

 

Гуруҳ қоидалари билан танишиб чиқдим. Китобхонлар жамоаси билан маслаҳатга киришарканмиз, камина ўқишга тавсия қилаётган адиблардан Достоевский “оғир” деб, Толстой “эзма” деб, Маркес “яҳудий” деб, Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Луқмон Бўрихон каби ёзувчилар “ўзимизники” деб рад этилаётганига ёқа ушладим.

 

Шундай қилиб, баҳс жанжалга айланиб кетишига оз қолган “китоб танлар маросими”миз охир-оқибат сўнгги тўхтамга етиб келди. Америкалик адиблардан бирининг охирги пайтлар номига тез-тез кўзим тушаётган учар (бестселлер) асарини ўқийдиган бўлдик.

 

Рости, озгина бадгумонлигим бор. Кўпчилик мақтаётган, омма ўқиб-ўқимай шов-шув кўтарган асарларни мутолаа қилиб вақт сарфлашга у қадар ошиқавермайман. Ўқиш учун танлаган китобимизни уйимга олиб келаркан, бу гал ҳам шошмасдан аввало асарнинг аннотацияси, кейин муаллифнинг адабий фаолияти билан танишиб чиқдим. Азза-базза 30–40 бетча ўқидим ҳам... Дидимга ўтирмагач, ўқишни давом эттириш – вақтни бекор ўлдириш, деган ҳукм билан китобни бир четга улоқтирдим.

 

Шунга қарамай, муҳокамада бинойидай қатнашдим. Бошқа асарлардан олган хулосаларим, таассурот ва тушунчаларимни қўшиб-чатиб тақриз ёзганимга биров асарни ўқиб чиқмаганимни сезгани ҳам йўқ (эҳтимол, ўзимга ўхшаб китобни ўқимаганлар кўп бўлган бўлса керак). Ариққа ағанаб, сувдан қуруқ чиққан одамдай димоғимни чоғ қилиб тургандим, кейинги ой муҳокамаси учун боягидан беш баттар бошқа асар танландики, тағин биров устимдан сув қўйгандай бўлди-қолди...

 

Кейинроқ гуруҳ эгасига танланган асарни ўқий олмаслигимни ёзгандим, “Қоидага кўра ўқишингиз шарт”, деган жавоб келди. Унинг гапидан аччиғим чиққанди, ахир, нима, менинг миям темир сандиқми – қўлга илинган нарсани жойлаб юбораверадиган? Ё чиқиндихонами – истаган киши истаган нарсасини келтириб тўкса?

 

Хайр-маъзурни насия қилиб гуруҳдан сўроқсиз чиқиб кетдим-у, эртага шу бир тийинга қиммат расво асарни ўқиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига иқтибослар қўядиган, расмлар жойлаб, куни келганда ҳижжалаб муҳокама қиладиган 200 дан ортиқ китобхон хаёлимдан кетмасди...

 

Замонамиз адибларидан бири Темирпўлат Тиллаев китоб ихлосмандларини уч тоифага ажратади. Биринчи тоифа – китобпарастлар, фақат китоб йиғади, ўқимайди. Иккинчиси – китобхўрлар, дид ва савия йўқ, қўлига тушган китобни ўқиб кетаверади. Учинчи, жуда озчиликни ташкил қилувчи тоифа эса китобхонлар – улар яхши китобларни излайди ва топиб ўқийди, ўқиганлари онгу шуурида муҳрланади.

 

Ёзувчи китобхонликнигина тоифаларга бўлгани йўқ – шу орқали урф, дид ва шуурга ҳам ойна тутади, жамиятимизнинг китобхонлиги қай йўсиндалигини тушунтиришга уринади. Дейлик, ҳеч мактаб ўқувчиларининг нима ўқиётгани билан қизиққанмисиз – болаларнинг кўпи дарсликларга киритилган “Оқ кема”ни, “Ҳелладос”ни, “Сариқ девни миниб”ни билмайди. Аммо бой бўлиш сирларидан сабоқ берадиган Киёсакини, Шармани танийди, ётволиб ўқиган.

 

Эски чет фильмларида зодагон хонадоннинг белгиси сифатида улкан китоб жавони кўрсатилади. Аммо унинг мавжудлигини ўзи етарли эмас, зодагон ўз кутубхонасидаги дурдона, айнан дурдона асарларнинг қарийб барчаси билан таниш бўлиши керак – йўқса, олийнасаб ҳисобланмайди. Худди шундай, биздаги зиёлининг белгиси рекламаю бекорчи тақризлар билан оммалаштирилаётган китобларни варақлаб тушган расмлар эмас. Назаримда, биз миямизнинг қувватини уйғонишга, фикрлашга, ўзгаришга, бизни ўраб турган дунёни ўзгартиришга ундайдиган, илҳомлантирадиган китобларга сарфлашимиз лозим.

 

Байрам АЛИ,

ёзувчи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси