Ижтимоий тармоқлар портлагач, ҳамма ташкилот бирдан тилга кириб қолди – жамоатчилик оилавий болалар уйи тарбияланувчиларини зўрлаган амалдорларнинг максимал даражада жазоланишини талаб қилмоқда


Сақлаш
13:04 / 03.04.2023 981 0

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг 3 нафар тарбияланувчиси давлат мулозимлари томонидан 10 ой давомида зўрлаб келингани ҳақидаги хабар кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат ортидан аксарият зиёлилар қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини илгари сураётган бўлса, бошқалари ишламайдиган тизим, судларнинг адолатсиз қарорларини танқид остига олмоқда.

 

Хўш, бу воқеа қачон ва қандай содир бўлди? Жамоатчилик реакцияси қандай бўлмоқда? Ойина.уз воқеалар хронологияси, расмийлар ва зиёлилар фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга тақдим этади.

 

2 нафар мансабдор ўз қабиҳ ниятини «хайрия» ишлари билан яширишга уринган. Дастлаб бу ҳақда немолчи.уз лойиҳаси батафсил маълумот берди.

 

«Сукут сақлама» (nemolchi.uz)

лойиҳаси:

 

– Оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар қиз (Азиза, Раъно ва Диля – исмлар ўзгартирилган) ни танлаб олди ва 10 ой давомида (2021 йил май – 2022 йил февраль) моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

 

Масалан, 2021 йил май ойи бошида у ўша пайтда ҳали 16 ёшга тўлмаган Азизани танлаб, танишларидан бири билан жинсий алоқага киришга мажбурлаган. Қиз бунга қаршилик қилганда мудира ошхонадан ўқлов олиб келтириб, барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг кичик укасини калтаклай бошлади. Қизнинг иродасини синдириб, мудира кейинчалик уни ўзи айтган эркаклар билан ётишга мажбур қилиб келган.

 

Аввалроқ вилоят адлия бошқармаси бошлиғи мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда бериб, 2021 йил апрель ойида унга хайрия сифатида принтер совға қилади (қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлган, ишлатилган, кейинчалик яроқсиз ҳолга келган). Бундай «хайрия» дан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришни талаб қилди. Шунда мудира 17 ёшли етим қиз Раънони танлади ва уни оч қолдириб, бошқа болалардан ажратиб қўяди, ташқарига чиқишини тақиқлаб қўйди, кейин вилоят адлия бошқармаси бошлиғи унга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани учун у билан жинсий алоқа қилишга мажбур эканлигини айтади. Эркак қиз билан қабиҳ ишлари учун Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадондан фойдаланган. Орадан бир ой ўтиб, 2021 йил июнь ойида у яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли Азиза билан ҳам шу хонадонда ётиб чиқади. Кейинчалик ўша квартирага яна бир қурбон олиб келинади, у ҳам жинсий алоқа қилишга мажбур қилинади – бу 16 ёшли мактаб ўқувчиси Диля эди. Воқеалар қайта-қайта такрорланади… Дарҳақиқат, ўн ой давомида вилоят адлия бошқармасининг хизмат хонадонидан вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва вояга етмаган қизлар ўртасида жинсий алоқа майдони сифатида фойдаланилган.

 

Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман бўлими бошлиғи ҳам аввалги амалдордан қолишмай, Меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришини айтади. Май ойи бошида ҳомийлик сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи совға қилади ва болаларга турли ширинликлар олиб келади. Бунинг эвазига 2021 йил июнь ойи бошида у ҳам жинсий алоқа қилиш учун қиз талаб қилиб, меҳрибонлик уйи ётоқхонасида юқорида тилга олинган 17 ёшли етим Раъно билан ётиб чиқади. Июнь ойининг охирида у меҳрибонлик уйи раҳбарига 200 минг сўм бериб, яна шу қиз билан ётади. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига 15 ёшли Азизани жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Қизлар у билан бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбур бўлишди ва учрашувлар болалар уйининг ўзида ҳам, бошқа жойларда ҳам бўлиб ўтди.

 

Бу каби ваҳший жиноятга қандай чора кўрилгани барчага қизиқ бўлса керак, албатта?! 2022 йилнинг сентябрь ойида суд мажлиси бўлиб, унда маҳаллий оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари, вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғига нисбатан қўзғатилган иш кўриб чиқилди. Уларга тайинланган жазо қай даражада адолатли? Кун.уз нашри юристи суд ҳукмини таҳлил қилди.

 

Дилшод Абдуқодиров,

Kun.uz:

 

Суд томонидан икки мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддасида (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган ҳамда уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

 

2022 йил декабрь ойида иш апелляция тартибида кўриб чиқилган ва биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган қарор ўзгартиришсиз қолдирилган.

 

Воқеаларни таҳлил қила туриб судланувчилар енгил жазо назарда тутувчи моддалар билан айбдор деб топилгани ҳамда жазо тайинланганини кўриш мумкин.

 

Вояга етмаган, ҳимоясиз, ҳар томонлама жиноятчиларга тўла қарам ожиз қизалоқлар муттасил жинсий зўравонликка учраган.

 

Аслида бу каби қилмиш Жиноят кодексининг 118-моддасининг бир нечта қисми ва бандлари билан малакаланиши керак эди.

 

Эътибор беринг, ушбу модда қандай қилмиш учун жазони назарда тутади:

 

Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш —

·         икки ёки бир неча шахсга нисбатан;

·         такроран бир гуруҳ шахслар томонидан;

·         шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда.

 

Бунинг учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

Воқеалар хронологияси эса айнан юқорида саналганларга тўла мос тушаётганини кўрамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2010 йил 29 октябрдаги «Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 13-сон қарорига кўра, номусга тегиш деганда (Жиноят кодексининг 118-моддаси), аёл жинсидаги шахс билан унинг эркига қарши ёки эркидан ташқари зўрлик ишлатиб, қўрқитиб (таҳдид этиб) ёхуд жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, табиий усулда жинсий алоқа қилиш тушунилиши лозим.

 

Таҳдид этиш деганда жабрланувчининг қаршилигини енгиш мақсадида уни жисмоний зўрлик ишлатиш нияти аниқлигини ифодаловчи ҳаракатлар ёки сўзлар билан қўрқитиш тушунилиши лозим. Таҳдид этиш номусга тегиш пайтида жабрланувчининг қаршилигини енгиш усулларидан биридир.

 

Зўрлик, таҳдид нафақат жабрланувчига, балки унинг яқин қариндошларига ҳамда жабрланувчида уларга нисбатан муайян масъулият мавжуд шахсларга нисбатан (масалан, ўқитувчи — ўқувчиларга, тарбиячи тарбияланувчиларга ва ҳ.к.ларга нисбатан) ҳам қўлланган бўлиши мумкин.

 

Жиноят кодексининг 118-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби 128-моддада назарда тутилган жиноят таркибидан қандай фарқ қилади?

 

Оддий қилиб тушунтирганда, Жиноят кодексининг хоразмлик педофил-амалдорларга қўлланган 128-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш зўрлик ёки таҳдид қўлламаган ҳолда амалга оширилаётган ҳаракатлар хусусияти ва моҳиятини англаган жабрланувчининг розилиги билан содир этилган ҳолдагина келиб чиқади. 

 

Агар шахс номусга тегиш вақтида бирин-кетин бир неча марта жинсий алоқа қилган бўлса ва иш ҳолатлари айбдорда муайян бир шахсга нисбатан мазкур айнан ўхшаш ҳаракатларни содир этишга нисбатан ягона қасд мавжудлигидан далолат берса, қилмиш Жиноят кодексининг 118-моддаси тегишли қисмлари бўйича квалификация қилиниши лозим бўлган битта давомли жиноят сифатида кўрилиши лозим.

 

Шунга ўхшаш ҳолат бир неча шахсга нисбатан содир этилганда Жиноят кодексининг 32-моддасига мувофиқ, такроран жиноят содир этилган деб топилади. 

 

Жиноят кодексининг 118-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан, нафақат бевосита номусга теккан шахсларнинг ҳаракатлари, балки жабрланувчига нисбатан зўрлик ёки таҳдид қўллаш орқали уларга кўмаклашган шахсларнинг ҳаракатлари ҳам квалификация қилиниши лозим. Бунда қайд этилган жиноят таркиблари объектив томонида назарда тутилган ҳаракатларни шахсан содир этмаган, бироқ зўрлик ёки таҳдид қўллаш орқали бошқа шахсларга жиноят содир этишда кўмаклашган шахсларнинг ҳаракатлари гуруҳ бўлиб номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жиноятининг шерик ижрочиси сифатида Жиноят кодексининг 28-моддасига ҳавола қилинмаган ҳолда квалификация қилиниши керак бўлади.

 

Юқорида таъкидланганидек, меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчилари узоқ вақт (қарийб 1 йил) давомида таҳдид остида, руҳий ва жисмоний босимлар билан жинсий алоқа қилишга мажбур қилинган. Бу асос икки амалдорнинг қилмишига нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси эмас, аслида 118-моддасининг 3-қисми «а» банди қўлланиши лозимлигини кўрсатмоқда. 118-модданинг 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган шахсга эса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

 

Мансабдорларнинг тақдири барчага қизиқ. Хўш, улар маълум тизимда раҳбарлигича қолдими? Уларга ўзлари фаолият юритаётган ташкилот қандай чора кўрди? Адлия вазирлиги муносабат билдирди.

 

Адлия вазирлиги

Ахборот хизмати:

 

Адлия вазирлиги тизимида ишлаётган ходимларнинг, хусусан, раҳбарларнинг давлат хизматчиси обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат содир этишдан тийилиши, уларнинг жамиятда ўрнатилган ахлоқ нормаларига риоя қилиши юзасидан мунтазам чоралар кўриб боради. Шу билан бирга, кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирини ишдан ташқари вақтда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чекланган.

 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақида бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

 

Қонунчиликка кўра судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас.

 

Ушбу хабар тарқалиши билан ижтимоий тармоқ фаоллари Адлия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини кескин танқид остига олди. Бу вазиятда Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова жим тура олмади. У 2 кун давомида бир неча бор бу ҳақда ёзишга урингани ва сўнгги қарорни қабул қилгани ҳақида айтди.

 

Шаҳноза Соатова,

 

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:

 

 

– Қаттиқ қоралайман, жирканаман бу ишлардан ва ўша одамлардан! Айбдорлар максимал даражада жазо олишини истайман. Бошқа бундай ишлар такрорланмаслиги керак!

 

Ҳозир жамоавий масъулиятни рад этмайман. Нима қилишим мумкин эди, буни тўхтата олармидим деган савол тинчлик бермаяпти, икки кечадан бери уйқу йўқ.

 

Тизим ходимлари аксари мен каби тушкун ҳолатда. Ва улар ҳам бунга рози эмас. Вояга етмаганлар билан боғлиқ суд ишлари ёпиқ кўрилган, ишдан кетгани ва ўрнига бошқа одам тайинланганини билганмиз. Лекин бунақа даҳшатли ишлари учун кетганини минглаб ходимлар билмайди, табиий.

 

Бошқа томондан, билганлар ҳам уни ошкор қилолмасди, яна ўша ёпиқ суд ва қонун талабларига кўра.

 

Одамлар фашистлар билан замондош ва ватандош бўлган. Фашист бўлмаган, ҳатто уларга қарши бўлган. Уларга нақадар қийинлигини тушуняпмиз. Бизга ҳам ўша одам билан ҳамкасб бўлиш қисмати битилган экан…

 

Жазо енгиллиги жуда даҳшатли адолатсизлик. Яна шу жазодан ҳам норози бўлиб шикоят қилишибди.

 

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий эксплуатация аён кўриниб турибди. Бу жиноят учун жавобгарликни кучайтириш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳозир Сенатда турибди. У лойиҳани ишлаб чиқишда Адлия ҳам иштирок этди. Бу ташкилотда ҳам ушбу жиноятни қаттиқ қоралашади.

 

Тизимдаги ходимларни хейт қилмасликларингизни сўрайман. Бугун адлиячиларга осон кунлар эмас. Улар ёппасига ҳаммаси унақа эмас. Ҳозир бир нечта ҳамкасбларимнинг ички туризмда Хивага борилганда ўша одамнинг ёнида тушган суратларини тармоққа тарқатиб туҳмат қилишмоқда. Илтимос, майли адолат талаб қилинглар, лекин туҳмат қилманглар.

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ходим ишдан олинганини маълум қилди. Шунингдек ходимнинг кейинги тақдирига улар масъул эмаслигини қайд этилган.

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ахборот хизмати:

 

– Ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда ушбу ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унинг кейинги тақдири билан ваколатли органлар шуғулланган.

 

Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева бу ҳолатни жим кузата олмади. Унинг фикрича, мазкур воқеа содир бўлишига қонунчилик қайта кўриб чиқиб чиқилиши зарур.

 

Саида Мирзиёева,

 

Президент Администрацияси шўба мудири:

 

 

– Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.

 

Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.

 

Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли «лазейка»ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган.

 

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов қонунчиликка педофилларни кимёвий бичиш тўғрисидаги ўзгартиришларни киритиш кераклигини ёзмоқда.

 

Комил Алламжонов,

 

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари:

 

 

– Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди!

 

Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо, десангиз Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан.

 

Қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар шу каби жиноятларга жазони кескин оширишни кўзда тутади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров маълум қилди.

 

Алишер Қодиров,

 

«Миллий тикланиш» ДП МК раиси:

 

 

– Хоразмдаги ваҳшийликка алоқаси бўлган ҳамма энг оғир шаклда жазоланиши керак. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар айнан шу каби жиноятларга жазони кескин оширишни кўзда тутади. Қонун устуворлигини таъминлашда уйғоқ жамоатчиликнинг муҳим аҳамиятига яна гувоҳ бўлдик.

 

Битта қонунбузарлик атрофида ўнта хайрихоҳ ва минглаб кузатувчи бўлади. Қонун устувор, фуқаролик жамияти шаклланиши оғир ва узоқ жараён.

 

Болалар Омбудсмани Хоразм вилоятидаги оилавий меҳрибонлик уйидаги жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганлар ҳолатини ўрганмоқда, дея ёзмоқда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот котиби.

 

Фотима Мадраҳимова,

Омбудсман матбуот котиби:

 

– Болалар Омбудсмани болаларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай жинсий жиноятларга оғир жазо турларини қўллаш керак деган позицияда.

 

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳолатни назоратига олди ва ишга оид барча ҳужжатларни ўрганмоқда.

 

Қобилжон Хидиров,

 

davletov.uz:

 

 

– Кечадан бери ўзимга келолмайман. Хоразм вилоятида вояга етмаган, айни пайтда давлат қарамоғида бўлган уч нафар қиз бир гуруҳ амалдорлар томонидан жинсий зўравонликка учраган.

 

Бундай қабиҳликка қўл урган оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари, вилоят адлия бошқармаси, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқларига нисбатан жиноий иш очилган. Оилавий болалар меҳрибонлик уйи мудирасига 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва фавқулодда вазиятлар бўйича туман бошқарма бошлиғига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланади.

 

Ижтимоий тармоқларда жиноятчилар орасида бошқа амалдорлар ҳам бўлгани, улар сувдан қуруқ чиққани айтилмоқда.

 

Мазкур ҳолат ҳақида февраль ойида Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳимоясини кучайтириш ҳақидаги ўзгартишларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида ахборот берилган.

 

Ирина Матвиенко,

 

nemolchi.uz асосчиси:

 

 

– Бу кейсни февраль бошида Сенатда ишчи гуруҳ йиғилишида тилга олгандим. Залда сенаторлар, Адлия вазирлиги, Олий суд ва бошқа инстанциялар вакиллари ўтиришганди. Эшитишди, шокка тушишди, ҳеч нарса қилишмади.

 

Март охирида ёзган мақолам улкан резонанс, изоҳлар, норозиликларни келтириб чиқарди. Бироқ инстанциялар бу ҳақда аввалроқ билмаганмиди? Улар вазиятни тўғриласа бўлмасмиди? Халқнинг норозилигини кутиб ўтирмасдан протест киритиш, қарорни қайта кўриб чиқиш ва одамларга бошқа натижани кўрсатса бўлардику. Шунинг иложи бор эдику.

 

Ошкор бўлишини ёқтирмайман (кимгадир ғайритабиий туюлиши мумкин). Давлат машинаси одамлар ҳуқуқларини ОАВ ва интернетда шов-шувлар уйғотгани учун эмас, балки тизим ишлаётгани учун ҳимоя қилишини хоҳлайман.

 

2 ой муқаддам ахборот берилганига қарамай аксарият ташкилотлар ва мансабдорлар бу воқеа ҳақида эндигина хабар топгандек муносабат билдиришмоқда.

 

Танзила Норбоева,

 

Сенат Раиси:

 

 

– Вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай тубан жиноятларга давлатнинг, жамиятнинг қатъий ва муросасиз жавоби бўлиши шарт.

 

Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунимизда мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазонинг жиддий кучайтирилаётганлиги айнан шунинг учун ҳам ниҳоятда муҳимдир.

 

Сохта ачинишларга бой баёнотлар берилаётганини иддао қилмоқда, дея ёзди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

 

Хушнудбек Худойбердиев,

 

блогер:

 

 

– Олий Суд ҳам, Бош прокуратура ҳам, Болалар омбудсмани ҳам орадан шунча ой ўтган бўлишига қарамасдан бу ҳақида сукут сақлашган. Балки ўзларича «мундир ҳурмати»ни сақлаган ҳолда давлат амалдорларининг бу шармандачилигини яширишгандир, ким билсин. Адлия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса тизими шарманда бўлмаслиги учун, бу хабарни беркитишдан манфаатдор бўлган.

 

Ва кеча Ирина Матвиенко ушбу воқеалар ҳақида батафсил маълумот эълон қилгач ҳамда бунинг натижасида ижтимоий тармоқлар портлагач, бирданига ҳамма ташкилот «тилга кириб қолди».

 

Сенат ҳам, Олий Суд ҳам, Адлия ва ФВВ ҳам, Болалар Омбудсмани ҳам бирданига ўзидан сипо ясаб олиб, ушбу воқеадан чуқур қайғуда эканлиги, ишни назоратга олишгани ҳақида бирин-кетин баёнотлар беришди.

 

Буларнинг барчаси сохта ачинишларга бой баёнотлар. Худдики ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиб, дўппи тор келиб қолганидан ноилож берилган баёнотлар. Агар ижтимоий тармоқларда одамлар қаҳр ва ғазаб сочмаганда эди, ушбу ташкилотлар икки дунёда ҳам бу воқеага эътибор қаратиб ўтирмасди.

 

Ёки агар улар ростдан бугунги кунгача бу воқеадан бехабар бўлган бўлишса, унда бу янада ёмон. Демак, улар бир тийинлик тайинли иш қилишмаяпти, ўз вазифасини тайинли бажаришмаяпти дегани. Ваҳоланки тизим ичида туриб, бу воқеадан бехабар қолиб кетиш учун кўзи кўр, қулоғи кар бўлиш керак.

 

Ражаб Рўзимуҳаммад,

 

ёзувчи:

 

 

– Айрим блогерлар ва журналистларнинг қаричига қараб, нега маънавият бўйича ишлашдан  чекиниш керак? Нима учун қўштирноқ ичидаги блогерлар маънавият сўзидан ирганса, бутун миллат қўшилишиб жирканиши керак?

 

Биз шарқ халқларига, туркий халқларга мансуб инсонлармиз. Бизни одобнома билан ушланиши табиатимизга хос бир ҳусусиятдир.Қадимда бир мақол бўларкан. Туркни туртиб турмоқ керак, деган. Биз туркий халқларни туртиб туртиб турилмаса, ухлаб қоламиз, бефарқлик касалига гирифтор бўламиз, дунёқарашимиз эса ножоиз йўлларда сарсон бўлади. Хоразмдаги педофилларга берилган жазодан эса мен норозиман. Мамлакатда одил суд бўлса, унда адолатли қарор чиқариб берсин. Миллат ва унинг руҳияти билан боғлиқ масалада юмшоқликка ўрин йўқ. 

 

УНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Маммадзаде эса  болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш ва муқобил парвариш стандартларини яхшилаш учун ҳаракат қилишга чақирди.

 

Мунир Маммадзаде,

 

ЮНИСEФ вакили:

 

 

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси (УНИСEФ) Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи»да қизларга нисбатан жинсий зўравонлик ва жинсий эксплуатация қилингани ҳақидаги хабарлардан хавотирда.

 

Жинсий зўравонлик болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши бўлиб, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига узоқ муддатли ва чуқур таъсир кўрсатади.

 

Биз қизлар ва ўғил болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш ва жиноятчилар жазосиз қолмаслиги учун қонунчилик ва сиёсатни кучайтиришимиз керак. Тегишли ташкилотларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига болаларни жинсий зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган барча таклиф этилаётган қўшимчаларни кўриб чиқишга чақирамиз. Улар Сенат ҳузуридаги Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ва бунда УНИCЭФ фаол иштирок этган.

 

Хоразмдаги воқеа бўйича бугун Олий суд, Адлия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Болалар омбудсмани, хуллас, шанба куни кимда иш куни бўлса, ҳамма муносабат билдирди. Блогер Муҳрим эса бир қатор саволларни ўртага ташлади.

 

Муҳрим Аъзамхўжаев,

 

блогер:

 

 

– Мени назаримда бу ишда бир қизиқ жиҳат бор. Хабарларда ёзиляптику, нафақат вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ёки фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, балки бошқалар ҳам бўлган, деб. Ва улар бу иш билан мунтазам (ойлаб, эҳтимол, йиллаб) шуғулланишган.

 

Улар жабрланувчи қизлар бу ишлар бўйича қаергадир шикоят қилиб бормаслигига ишончи комил бўлган. Шунинг учун ҳам қўрқмай ойлаб, эҳтимол, йиллаб шу иш билан шуғулланишган. Нафақат улар, катта эҳтимол билан, бошқалар ҳам.

 

Бу ҳали бор-йўғи адлия бошқармаси, ФВБ – тайинли қудрати йўқ ташкилот вакилларининг қилмиши. Уларки шунчаликка борган бўлса, қудратлилари ҳақида ўйлашга ҳам қўрқасан. Бу қандайдир тизимли жараён, анъанами, одатдаги ишдек бўлиб қолган нарса, назаримда.

 

Хуллас, ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, жабрланувчилари ҳеч қаерга шикоят қилмайдиган ёпиқ тизимда бирдан «сбой» бўляптида, икки «мижоз» жазоланяпти. Лекин жамоатчиликка берилаётган хабарларда бир муҳим саволга жавоб йўқ: бу икки «мижоз»ни ким судга берган?

 

Хизмат уйида «детдом» қизлари билан ойлаб хоҳлаган ишини қилиб келган амалдорни ким бирдан фош қилгану, бу иш қандай қилиб судгача етиб борган? Менимча, шу саволнинг жавоби очиқ ва тўлиқ айтилиши керак. Берилажак жавобдан кейин яна саволлар туғилиши мумкин.

 

Ҳозир кўпчилик адлия бошқармаси ва ФВБ бошлиқларига енгил жазо тайинланганидан норози бўляпти, бу жазоларни адолатсиз дея атаяпти. Юқоридаги саволга жавоб берилса, жазолар нега бундай ғалати ҳам адолатсиз экани ҳам ойдинлашар эҳтимол.

 

Фаоллардан бири амалиётдан мисол келтирди. У бу орқали қонунлар икки хил ишлаётганини кўрсатган.

 

Комила Абдуллаева,

 

блогер:

 

 

– 45 ёшлардаги эркак ичиб қўшнисиникига кирган, 5 ёш қизчага тегинмоқчи бўлган, иш бўлмаган, онаси келиб қолган.19 йил берилди эркакка.

 

Оддий қора халққа ишлаётган қонун бу. Лекин жазони қаттиқлаштириш қора халққа ишлайдиган қонун, Адлия бошқарма бошлиғига, юқори амалдор, чиновникларга, садоқатлиларга яна ишламаслиги аниқ.

 

Кастрация бу шантаж қуролига айланиши ҳам мумкин.

 

Албатта, жазони қаттиқлиги яхши, лекин мустақил суд тизими бўлмаган жойда жазонинг қаттиқлиги янаям хавфли.

 

Блогер Азиза Умарова эса болаларни васийликка олиш масаласини халқаро стандартларга яқинлаштириш бўйича таклифларини эълон қилди. 

 

Азиза Умарова,

 

блогер:

 

 

– Болаларни васийликка олиш масаласида халқаро стандартларга  бирмунча яқинлашиш мақсадида мутахассислар фикри келтирилади:

 

Зудлик билан ягона ёндашувга эга бўлган ижтимоий ҳимоя бўйича алоҳида муассаса яратиш лозим (ёки ҳеч бўлмаганда ҳозирги Бандлик, камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошида агентлик сифатида. Вазирлик номини «Бандлик, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя» деб номлаган ҳолда).

 

Мазкур орган барча институционал, оилавий ҳимоя шаклларини халқаро стандартларга мувофиқ назоратини ўз зиммасига олиши, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириши даркор. Ходимлар ижтимоий-гуманитар йўналиш, соҳа вакиллари бўлиши зарур.

 

Республикада, вилоятда, туманда зарур штатга эга бўлган Ижтимоий хизматлар жорий этиш лозим ҳамда уларнинг таркиби ҳозиргидай куч ишлатар соҳа вакилларидан иборат бўлмаслиги керак.

 

Мазкур Ижтимоий хизматлар ҳамжамиятлар даражасида фаолият юритиш зарур. Муассасалар ёпилишида пул маблағлари болалар жойлаштирилган оилаларга ўтказилиши керак.

 

Меҳрибонлик уйларини ёпишдан аввал болаларни қарамоғига оладиган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тармоғини яратиш мақсадга мувофиқ эди. Бу эса амалга оширилмади.

 

Сўнгги хушхабарлардан бири қизларнинг хавфсизлиги таъминлангани бўлди. Бу ҳақида Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева маълум қилди.

 

Саида Мирзиёева:

 

– Бугун биз Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришдик.

 

Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала. Шу билан бир вақтда бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда.

 

Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқеалардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик.

 

Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди.

 

Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлсада, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда.

 

Бефарқ бўлмай, бу кейс юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдираман. Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!

 

Мафтуна АБДУШУКУРОВА тайёрлади.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси