Пулдорлар жамияти мафкураси: эртага нима ейман?..


Сақлаш
18:03 / 10.03.2023 549 0

...Бу қизчани деярли ҳар куни “Навоий – 30” номи билан  шуҳрат топган бино олдида кўраман. Қорамағиздан келган, йиртиқ кавушини эпчиллик билан судраб, бир қўли билан йўловчининг этагидан тутганча, иккинчи қўли билан юзига фотиҳа тортади. Жимгина тураверади. Фақат... кўзлари гапиради. Қоп-қора бу кўзларда гўёки сиёҳ билан йўғон-йўғон ҳарфларда “САДАҚА БЕРИНГ!” ёзилгандек...

 

Навоий кўчасидан тасодифий йўловчи кам ўтади. Кунда-шунда нашриёт ва таҳририятларга келувчиларнинг аксарияти қизчани танийди. Кимдир ҳазил-ҳузул қилиб, бир-икки сўм берса, айримлари кўрмаганга солиб, қўлини қуруқ қайтаради.

 

– Пулни нима қиласан? – гапга солдим бир куни қизчани.

– Нон оламан.

– Нонинг борку? – қўлидаги нон бўлагига ишора қилдим.

– Эртага нима ейман? – ажабланиб сўз қотди қизча.

 

Ғалати аҳволга тушдим. Қизчага “нон пули” бериб, ишхонага келдим. Саволи тинмай мияда айланарди: “Эртага нима ейман?..”

 

Ўша воқеага қадар Яратган Эгам мени тиланчи қилиб яратмаганига шукрона келтириб, садақа қилардим. Бундоқ ўйлаб қарасам, мен ҳам, мендан устун бўлганларнинг кўпи ҳам шу қизчадан деярли фарқимиз йўқ экан. Биз учун ҳам “Эртага нима ейман?” саволи ҳаётимиз маъносига айланиб бўлган...

 

Қорин ғами жамият тараққиётига энг катта таъсир кўрсатадиган омил бўлиб кўринади гоҳида. Серсоқол Карл Маркс айтганидек (қизиқ, пролетариатнинг учала доҳийси ҳам соқолли. Ислом радикалистларига нима алоқаси бор уларнинг?!),  иқтисодий фаровонлик жамиятнинг маънавий барқарорлигини таъминлайди. Шу гап рост бўлса, фақат бойлари кўп бўлган жамият маданият, маънавият, ахлоқ ҳақида қайғуради. Йўқсиллар жамиятида адабиёт ҳам бўлмайди, санъат ҳам. Маданият ҳам бўлмайди, маънавият ҳам... Унда нега коммунистлар бойларга қарши курашишди? Тушунмайман. Майли, гап бу ҳақда эмас. Гап – бойлик ва маънавият муносабатлари ҳақида.

 

Тарихга мурожаат қиламиз. Фирдавсий “Шоҳнома”сига етарли ҳақ олмагани учун Султон Маҳмуд Ғазнавийни ҳажв қилиб, бутун оламга шарманда қилди. Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сига бешта подшоҳ ҳомийлик қилган. Навоийнинг сўз соҳибқирони  бўлишига ким сабабчи бўлганини Кишварий деган бир шоир шундай ифодалаган экан:

 

Кишварий шеъри Навоий шеъридин аксик эмас,

Бахтига душсайди бир Султон Ҳусайни Бойқаро.

 

Мустақилликнинг дастлабки босқичида ҳам шу йўсинни маҳкам ушладик – олдин иқтисод! Кейин сиёсат! Айниқса, тадбиркорликка кенг йўл! Маънавият-чи? Олдин қоринни тўйғазайлик, кейин маънавият ҳақида ўйлаймиз. Маънавият ҳақида ўйлайдиган бўлсак, эртага нима еймиз?..

 

Кимдир хорижга чиқиб кетди, кимдир мардикор бозорга. Кимдир порахўрликни бошлади, кимдир воситачи бўлди. Ҳамма тўрт томонга ўзини уриб, рўзғорини обод қилишга киришди. Қорнимиз нонга тўйди, кўзимиз очлигича қолди. “Эртага нима еймиз?” саволидан ҳалиям қутулмадик.

 

Маънавият эса бозорга қарам бўлиб қолди. Бозорга солинди маънавият. Мусаффо осмон ҳақидаги маърузалар мактабда иккичи бўлган уддабуронларнинг ажнабий мошинаси чангида қолиб кетди. Ҳаё ҳақида ҳаёсизлар, шукр ҳақида нонкўрлар, ҳалоллик ҳақида ҳаромхўрлар гапира бошлади. Одамни одам ўрнига кўрмайдиганларнинг донғи чиқди, маърака тўри шуларники бўлди. Мезонлар қоринга қараб белгиланди...

 

Ислоҳотлар бошланди. Катта ислоҳотлар, умидбахш ислоҳотлар. Ойликлар бир неча баравар кўтарилди, уй-жой сотиб олишга имкониятлар яратилди. Порахўрлик ҳамон авжида... Камида ўн миллион сўм ойлик оладиган амалдор муҳтож бир камбағалнинг охирги 100 долларини юлишдан ҳазар қилмайди. Олаверади. Тиланчи қизчага ўхшаб, “Эртага нима ейман?” деб олаверади. Берганнинг бетига қарамай олаверади... Натижада, шунча ишласак ҳам, биримиз икки бўлмай қолаверади.

 

Бизнинг жамиятимиз – пулдорлар жамияти. Бойлар қатлами ҳали шаклланмади.  Исмига “бой”ни қўшиб чақиртирадиганларнинг кўпи ҳали бойлик нималигини билмайди. Ҳақиқий бой қулликка кўнмайди. Нафс қули бўлмайди...

 

Нафсни итга ўхшатишади мутафаккир боболаримиз. Итнинг бўридан фарқи нимада? Бўри сассиқ гўштга қарамайди. Итнинг олдига тоза гўшт билан ҳидланган гўштни отсангиз, бадбўй гўштга ёпишади. Нафс ҳам худди шундай – ҳалол луқмадан кўра ҳаром порани кўпроқ истайди...

 

Бугунги фаровонлик, қулайлик ва эркинлик ҳаттоки Темурийларнинг шонли даврида ҳам бўлмаган. Аммо сабр-қаноат, мурувват, меҳр-оқибат, одамийлик бобида ғор одамларига кўпроқ яқинлашаётирмиз. Нафсимиз қули, итимиз қулига айланиб бормоқдамиз...

 

Шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”сида келтирилишича, Туруғбадий исмли бир авлиё муридлари билан таомланиб ўтирган экан. Чўл томондан бир йигит катта овчи итини етаклаб келибди. Кекса Туруғбадий меҳмонни иззат-ҳурмат билан давранинг тўрига ўтқазибди. Меҳмон ҳеч нарса емас, сўз қотмас. Ҳар замон ёнига чўккалаган итига бир бурда нон бериб қўяркан.

 

Меҳмонни кузатганидан сўнг, муридлар шайхга эътироз билдиришибди:

– Дастурхон тўрига ити билан чиқиб олган бу бефаросат ким бўлди?

– Бу йигит – Мансур Ҳаллож. Ичидаги нафсини ташқарига чиқариб, ит суратида ўзига эргаштириб юрибди. Бунинг кашфу каромотлари ҳали кўп маротаба олам аҳлини ҳайратга солар, – деб жавоб берибди Шайх.

Бизнинг нафс итимиз қаерда?..

 

Нодира АСАДОВА,

журналист

    

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси