«Психолог нимага керак?!» – Ижтимоий тармоқда бодраётган севги, бахт ва пулга очилиш курслари нимаси билан зарарли?


Сақлаш
15:02 / 24.02.2023 907 0

Психолог деганда кўз олдингизга қандай инсон келади? Ҳаёт ҳақида ҳамма нарсани биладиган, ҳар қандай вазиятга мос маслаҳат берадиган, доимий бахт ва севги оғушида яшайдиган, инсонларга мотивация улашадиган касб эгасими? Шундай бўлса, психология ва психологлик касби ҳақида бугун жамиятимизда оммалашган нотўғри тасаввур сизда ҳам шаклланиб улгурибди. Бунга сабаб эса психологиянинг ўзбек жамиятида бир қадар бошқача талқин қилинаётганидир. Афсуски, фаннинг жамият ичида оммалашуви ҳар доим ҳам қувонарли ҳолат эмас, айниқса, у нотўғри талқин қилинган ҳолларда. Масалан, бугун жамиятимизда ёйилаётган «психологик» билимлар ҳам асосан эзотерика, дин, мотивацион чақириқлар ва бироз психологиянинг қоришмасидан иборат, холос. Ижтимоий тармоқларда учратишингиз мумкин бўлган «психолог»ларнинг ёзганларини ўқиб, уларнинг илмий психологик билими ҳаминқадар эканини, таъсир кўрсатиш учун эса эзотерика ва динни восита қилиб олганини кўриш мумкин.

 

Нега шундай бўляпти, деган савол туғилиши табиий. Боиси таълим тизимимиздаги муаммолар бу масалада ҳам ўз аксини топди – психологик адабиётларнинг танқислиги, жаҳоннинг забардаст психологлари ёзган китоблар таржима қилинмагани, мавжуд дарсликларнинг зерикарли ва эскилиги университетларда сифатли илмий психологик билим олишга имкон бермади. Ўқишни якунлаган талабалар ишга киришар экан, инсонлар билан қандай ишлаш борасида деярли билим ва тажрибага эга эмаслигини ҳис қилади. Шу ўринда бўшлиқни тўлдиришнинг жозибадор усули – эзотерика ва диндан фойдаланиш бўлиб кўринади. Бунинг бир нечта сабабларини қуйида санаб чиқамиз.

 

Эзотерика, ўзбекчалаштирилган варианти «қалбшунослик» – ҳамма воқеанинг яратувчиси сен эканингга, кўп нарса фикрларингга боғлиқлигига, истаган ҳаётингни ижобий фикрлаш ва ижобий энергияга кўтарилиш орқали қура олишингга ишонтиргани учун маҳлиё қилади.

Диний ўгитларни қўллаш эса диндор мижозга тезроқ йўл кўрсатиш орқали хотиржам тортиш ва унинг кўнглидан жой олиш имконидир. Баъзан диндор инсонга ёрдам бериш учун психолог динни чуқур билиши ва диний тавсиялар бера олиши кераклиги ҳақидаги қарашлар учраб туради. Бу мутлақо хато фикр бўлиб, психологнинг муаммони ҳал қилиши кераклиги ҳақидаги нотўғри тасаввур мевасидир.

 

Унутманг, психолог муаммони ҳал қилмайди. У инсон психикаси ҳақидаги билимларига таянган ҳолда мижознинг руҳий оламида нималар бўлаётганини тушунишига ёрдам беради. Мижоз эса нима қилиш-қилмаслик, ҳаётини қандай давом эттириш борасида ўзи мустақил қарор қабул қилади!

 

Ҳозир оммалашган «психологик» курсларнинг мағзини асосан эзотерика ташкил қилгани учун, бу масалага кенгроқ тўхталсак. Бундай курсларнинг кўпчилиги аёллар учун тайёрланади. Уларда иштирок этган кишилар шундай ғояларга дуч келганини айтишади:

• «Қанча севги берсанг, шунча севги оласан. Одамлардан севги талаб қилишдан олдин одамларни сев!»

• «Эрингиз кам пул топаётган бўлса, демак сиз уни етарлича илҳомлантиролмаяпсиз, аёллик энергиянинг заиф»

• «Позитив фикрлаш, позитив вибрациялар яратиш орқали орзунгдаги ҳаётни яратишинг мумкин»

• «Муаммолар сизнинг ўсишингиз, ривожланишингиз учун берилади»

Энди ушбу ғаройиб ғояларнинг ҳар бирига психологик нуқтаи назар билан тўхталиб ўтамиз:

 

Кимгадир «яқинларингни сев», «одамларга меҳр улаш» каби маслаҳатлар бериш –мушукдан вовуллашни сўраш каби аслида. Севги, меҳр, миннатдорчилик сингари ҳисларни сунъий яратиб бўлмайди. Бу ҳисларни уйғотадиган сабаб бўлиши керак. Халқимизда кенг тарқалган бир ҳолат бор: «ота-онангга меҳрли бўл» дея фарзандларга уқтирилади. Афсуски, бу талаб кўпинча фарзандининг меҳр, эътибор, қўллаб-қувватлов, ҳимоя, мустақилликка бўлган эҳтиёжларини қондиролмайдиган, озуқа ва кийим-кечак билан таъминлаб қўйганини миннат қиладиган ота-оналар томонидан қўйилади. Муҳим руҳий эҳтиёжлари қондирилмаган бола, бу ҳам етмагандай, ота-онасини яхши кўролмагани учун чуқур айбдорлик ҳисси билан улғаяди. Бундай инсонлар меҳр, севги нималигини билмаса, қандай қилиб бошқаларга уларни бериши мумкин?

 

Кимгадир меҳр беришга имконингиз бор ҳам дейлик. Бу бахтли муносабатлар яратишингизга ёрдам бероладими? Афсуски, ҳар доим ҳам эмас. Чунки психологияда «инкор қилувчи боғланганлик типи» тушунчаси бор. Бу типдаги инсонларга қанча яқинлашсангиз, меҳр ва қўллаб-қувватлов беришга интилсангиз – шунча сиздан узоқлашади, баъзида муносабатларни узади ҳам. Чунки улар учун яқин муносабатлар, муҳаббат – йўқотиш, тарк этилиш, таҳқирланиш эҳтимоли мавжуд дегани. Булар билан юзлашгандан кўра, умуман ҳеч кимга яқинлашмаслик, масофа сақлашни маъқул кўришади. Нега? Бу болалик йилларида юз берган оғир йўқотиш ёки руҳий травма оқибати бўлиши мумкин. Инкор қилувчи боғланганлик типига эга инсоннинг 30 йиллик турмуши, фарзандлари, жуда кўп танишлари бўлиши мумкин – лекин ҳеч ким билан руҳан яқин бўлмайди. Шунинг учун ҳам «Қанча севги улашсанг, шунча севги оласан» деган гапларга ишониш баъзи инсонлар билан муносабатларингизга тўғри келмайди.

 

Кейинги кенг тарқалган ғоя – эркакнинг кўп пул топиши учун аёлнинг руҳлантириши кераклиги, эркак кам пул топаётган бўлса аёлда «аёллик энергияси»нинг камлиги.

Пул ишлаб топиш:

1) зарур билим, тажриба, малака, кўникмаларнинг даражаси;

2) болаликдан шаклланиб келган пул борасидаги қарашларнинг таъсирига боғлиқ вазифа.

 

Етарлича пул ишлаб тополмаслик ортида турли-туман сабаблар бўлиши мумкин: кимдир етарли малакаларга эга эмас, кимдир бой бўлиш хавфли эканига ишониши мумкин, бошқа бировга эса севимли ишини қилиш учун зарур шароит мавжуд эмас. Албатта, рафиқасининг қўллаб-қувватлаши эркакни қанчадир даражада руҳлантириши мумкин, лекин кам пул топишига аёлни сабабчи қилиш аёлларни ҳаддан зиёд қудратли, эркакларни эса жуда ожиз ва инфантил (етилмаган шахс) ҳисоблаш билан тенг. Бундай қарашлар психологияда «сеҳрли тафаккур тарзи» деб номланади.

 

«Позитив фикрлар билан яхши нарсаларни тортиб олиш, орзуйингдаги ҳаётни яратиш мумкин»лиги ғояси ҳам сеҳрли тафаккур тарзига оид. Бунга ишонувчилар орасида ҳар доим ҳам позитив фикрлай олмагани учун ўзини айбдор ҳис қиладиганлар, ҳаётида юз берган фожиа ва муаммолар учун ўзининг негатив фикрларини сабабчи эканидан уяладиган кишиларни кўришингиз мумкин.

 

Баъзи инсонларда хавотир бузилишлари (умумий хавотир бузилиши, обсессив фикрлар) бўлгани учун ўзи истамаган тарзда «салбий» фикрлар оқимидан қийналиши мумкин. Кимдир эса параноидал характер эгаси бўлгани учун шубҳага боришга мойил бўлади. Улар «позитив фикрла» сингари тавсияларга амал қилолмайди. Негатив фикрлари, сезимлари учун айбдорлик ҳис қилишлари эса уларнинг муаммосини баттар чуқурлаштиради. Шунингдек, позитив фикрлаш туфайли реал муаммоларга кўз юмиш, натижада ҳаётни баттар оғирлаштириш мумкин.

 

Ҳаётда хоҳлаймизми-йўқми, фожиалар, йўқотишлар, айрилиқ ва кўнгилсизликлар содир бўлиб туришини тушуниш керак. Шунчаки содир бўлиб туради, кимдир уларни ўзига «тортиб олгани» учун эмас. Шунингдек, бу «салбий» воқеалар ўсиш ва ривожланишга эмас, йиллаб давом этадиган депрессияга, руҳий касалликларга, соғлиқнинг ёмонлашуви, ишга лаёқатни йўқотиш сингари ҳолатларга олиб келиши мумкин. Қолаверса, кўнгилсизликлардан омон чиқолмаган, сабоқ ёки куч ололмаган кишилар «муаммолар сизнинг ўсишингиз, ривожланишингиз учун берилади» деган гаплар туфайли ўзидан уялиши, ожиз эканидан айбдорлик ҳис қилиши мумкин.

 

Шу тариқа, «қалбшунос»ларнинг тарқатаётган ғоялари, тавсиялари нафақат психологияга тегишли эмас, балки психология уларни зарарли деб ҳисоблайди. Албатта, психология номи остида эзотериканинг оммалашувида фақат «қалбшунос»лар эмас, балки уларнинг хизматига муҳтож бўлган омманинг иштироки ҳам бор. Хўш, нега сўнгги вақтларда юртдошларимиз, айниқса, аёллар тайёр тавсиялар, ечимлар берувчи психолог, коучларга жуда кўп мурожаат қилишмоқда? Чунки кўпчиликнинг ўзи ҳақидаги билимлари жуда кам, шахсияти ҳақидаги тасаввурлари кучли уят ҳисси билан йўғрилган. Жамиятимизда кўпчилик ота-оналар фарзандини ўзининг ҳислари, истаклари, эҳтиёжларини англаш ва ҳаётини шу асосда яшашга ўргатмайди, аксинча, боланинг табиий хоҳишлари қораланади ёки рад этилади.

 

Фарзандни ота-онанинг хоҳишлари асосида яшашга ўргатишади. Болалар шунчаки эмас, балки талабларга жавоб берган тақдирдагина қабул қилиниши, севилиши мумкинлигини ҳис қилиб улғаяди. Бундай муҳитда катта бўлган кишилар ҳаётидан мамнунлик ҳис қилолмайди, ёлғизлик, кераксизлик, бўшлиқ ҳисларидан азобланади, «хунук ва қоронғи» томонлари билан ҳам яхши кўрилиши мумкинлигига ишонмайди. Натижада бу ҳислардан халос бўлишнинг кенг тарқалган онгсиз усуллари: мансаб, бойлик, машҳурлик, таниш-билишлар орттиришга интилишга олиб келади. Аммо бундай усуллар кишига бутунлай қониқиш ҳиссини олиб келмайди. Ижтимоий-иқтисодий вазият қийин бўлган мамлакатда эса улардан фойдаланиш осон ҳам эмас. Шунда «қалбшунос»ларнинг умидбахш тавсиялари қулоққа мойдай ёқа бошлайди. Бундай ҳолатда психологга мурожаат қилинмайди, демоқчи эмасман. Мурожаат қилиш керак. Аммо, унутмаслик керак, психология ечим ва тавсиялар бермайди, психолог қандай яшаш борасида йўл-йўриқлар кўрсатмайди. Агар психолог сизга маслаҳат бераётган бўлса, курслари тавсиялардан иборат бўлса бу – ёки тажрибасиз психологга, ёки психолог бўлмаган шахсга дуч келдингиз дегани. Бундай ҳолатда кармонингиз қуримасдан тезроқ бу жойдан узоқлашганингиз яхши.

Сарвиноз Омонова, психолог

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси