Бу кечаги армия эмас! Йилдан-йилга мустаҳкамланаётган Ватан Мудофаасида нималар ўзгарди?


Сақлаш
18:01 / 09.01.2023 830 0

Ватанни ҳамма яхши кўради, унинг тинчлиги, тараққиёти учун ўз улушини қўшади. Аммо ҳарбийлар учун энг олий мақсад, умр мазмунига айланади юрт хавфсизлиги. Бу мақсад эса йилдан-йилга янги марраларга эришиш, ривожланишни талаб қилади. Хўш, 2022 йилда миллий армиямизда қўшинлар жанговар тайёргарлиги борасида қандай ишлар амалга оширилди? Мамлакат мустақиллиги, фуқаролар эркинлиги гарови бўлган миллий армиямиз ҳаётида қандай ўзгариш ва янгиланишлар юз берди?

 

 

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар шайликни янада ривожлантириш, замонавий жанг кўникмаларини ўзлаштириш мақсадида мунтазам ўтказиладиган ўқув ва тактик машғулотлар миллий армиямизнинг чинакам куч ва қобилиятини оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, минтақа ва жаҳонда рўй бераётган ҳарбий-сиёсий вазият бугун қўшинларимиз олдига ҳар қачонгиданда сергак ва ҳушёр, кучли ва матонатли, вазмин ва мулоҳазали бўлиш талабини қўймоқда. Шу боис ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тайёргарлик машғулотларини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш энг муҳим масалага айланди. Ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар, олий ҳарбий таълим даргоҳларида офицерлик сир-асрорларини ўрганаётган курсантлар ва контракт асосидаги ҳарбий хизматчилар учун барча моддий-техник асослар, зарур шароитлар яратилган. Уларнинг тинимсиз ўз устида ишлаши, энг сўнгги замонавий билимларни ўзлаштириши борасида режали тадбирлар қўл келмоқда.

 

 

 

Бу кечаги армия эмас

Бугун бу иборани бемалол айтишга ҳақлимиз. Боиси қўшинларда олиб борилаётган машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда аниқ саволларга аниқ жавоблар топиш асосида ўтказиляпти. Илғор хориж армиялари тажрибаси ўрганилиб, бўлинмаларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлари, учувчисиз учиш аппаратларини аниқлаш ва уларга қарши воситаларни қўллаш, бўлинмалар жойлашган ҳудуд ва жанговар техникалар жойларини яшириш ва ниқоблаш, чалғитувчи усулларни қўллаш бўйича тактик ҳаракатлар амалиётга кенг жорий этилмоқда.

 

 

Шунингдек, ҳарбий қисмлар ва муассасалардаги қўшинлар таъминоти, жанговар ҳаракатларни олиб боришдаги ўзига хослиги, ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик машқлари дастурларининг ўзлаштирилишини ўрганиш ва баҳолаш мақсадида мунтазам равишда назорат ва инспекторлик текширувлари ҳам олиб борилмоқда. Бунда топография, тактик ва тиббий тайёргарлик, қуролларни ёйиш ва йиғиш, турли ўқотар қуролларни жанговар ҳолатга, артиллерия қуролларини меъёр даражасига ҳамда алоқа воситаларини соз ҳолатга келтириш бўйича синов машғулотлари ўтказилади. Бўлинмалар жипслигини текшириш мақсадида эса турли мураккабликдаги машқлар жамланмалари бажариляпти. Бу каби синовлар юрт посбонларининг ҳарбий тайёргарлигини ҳар томонлама ошириш, командирлик бошқаруви ва фавқулодда ҳолатларда ходимларнинг тўғри ва аниқ ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришда қўл келади.

 

 

Ўзига хос мактаб

«Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази ҳарбий хизматчиларнинг тоғ тайёргарлиги бўйича билим ва кўникмаларини ошириб боришда катта аҳамиятга эга. Бу ерда Ватан ҳимоячилари тоғли ҳудудлардаги қийин шароитларда жанг олиб бориш бўйича малакаларини мустаҳкамлаб, тажрибаларини оширади. Марказда ўқув курслари қишки ва ёзги мавсумлар учун мўлжалланган бўлиб, машғулотлар профессионал йўриқчи мутахассислар томонидан замонавий методлар асосида олиб борилмоқда.

 

 

Марказда ташкил этилаётган «Узлуксиз алоқа» йўналишида гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш ва алоқа ўрнатиш қийин бўлган тоғли ҳудудда тўғри йўналиш бўйлаб олға юриш, алоқани тиклаш, шартли душман жойлашган ҳудуд бўйича аниқ координаталар бера олиш бўйича машғулотлар ўтказилади. «Аниқ мўлжал» ўқув курси тоғда вазифа бажарувчи бўлинмаларнинг ҳудудда жанг олиб бориш ва у ерда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бунда мерганлар тоғдаги атмосфера босими ва об-ҳавонинг аниқ мўлжал олишга таъсир этувчи хусусиятларини ҳисобга олиши зарур. Курс давомида лочинни кўзидан бехато урадиган йўриқчилар ўз тажрибаларига суянган ҳолда кундузги ва тунги отиш машғулотларини юқори даражада ташкил этади. «Етакчилик ҳуқуқи» йўналиши бўйича ўқув курсларида қатнашаётган йигитлар тоғ анжомларини тўғри ишлатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, тўсиқлардан ўтиш, қояда ҳаракатланиш техникаси ва усуллари каби йўналишлар бўйича амалий машғулотлар олиб борилади.

 

 

Бир сўз билан айтганда, «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази бугун Қуролли Кучларимизнинг тоғли ҳудудларда жанговар вазифаларни бажаришга жалб этиладиган бўлинмалар мутахассис ва шахсий таркибини тайёрлаш борасида ўзига хос мактаб ярата олган. Бу ерда таҳсил олаётган ҳарбий хизматчилар, албатта, миллий армиямизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшади.

 

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик

Қўшиннинг жанговар тайёргарлик борасидаги тажрибаси ортишида, шубҳасиз, халқаро ҳарбий ҳамкорликнинг ўрни катта. Бу борада ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, жаҳон талабларига мос равишда барпо этилган «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази, шунингдек унинг тоғ ўқув базаларида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ва Беларус давлатлари армияларининг мутахассислари, «Мерганлар тайёрлаш маркази»да эса Туркия, Италия ва Франция Қуролли Кучлари мерган-йўриқчилари иштирокида ҳамкорликдаги ўқув курслар ва тренингларўтказиб борилади.

 

 

 

2022 йил Мудофаа вазирлиги ҳарбий жамоаларининг халқаро майдонларда эришган ютуқлари ҳақида бир-икки мисолни келтирмоқчимиз. Шунинг ўзи ҳам миллий армиямизнинг жанговар қобилияти ҳақида етарлича тасаввур бера олади, назаримизда. Биринчи мисол: 2022 йил июнь ойида Туркиянинг Испарта шаҳрида «Энг илғор мерганлар жамоаси» мусобақаси ўтказилди ва унда жамоамиз фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Аҳамиятлиси шуки, мазкур беллашувда НАТО таркибига кирувчи 12 та давлат жамоалари ҳам иштирок этган эди. Иккинчи мисол: Халқаро армия ўйинлари («АрМИ – 2022») ўйинларида Мудофаа вазирлиги терма жамоалари 34 та давлатнинг 270 та жамоаси орасида 7 та олтин10 та кумуш ҳамда 5 та бронза медаллар билан умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади.

 

 

 

Шунингдек, қўшиннинг жанговар шайлик даражасини оширишда Қуролли Кучлар ва Мудофаа вазирлиги миқёсида «Мен ғолиб» шиори остида ўтказилаётган «Ўз касбининг устаси» унвони учун, «Энг илғор мутахассис», «Энг илғор мерган», «Амир Темур жанговар байроғи учун» каби кўрик-танловлар, «Довюрак жангчи» номли фарқловчи нишони учун синовлар ҳамда ҳарбий хизматчи аёллар ўртасидаги «Тўмарис» кўрик-танловларининг ҳам ўрни беқиёс.

 

 

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сиз мана шу жумлаларни ўқиб турган пайтингиз ҳам миллий армиямизда жанговар тайёргарликни ошириш, касбий маҳоратни юксалтириш борасида амалий ишлар жадаллик билан давом этаётган бўлади. Зеро, юрт сарҳадларини янада сергак ва ишончли қўриқлаш, она Ватан олдидаги масъулиятли бурчни муносиб адо этишда катта ё кичик танаффуслар, турли хил таътиллар бўлмайди, бунда бир лаҳза ҳам киприк қоқилмайди.

Катта лейтенант

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси