Номоддий активлар, брендлар, миллий фильмлар, кўнгилочар соҳа ва медиа – Ўзбекистон Глобал инновацион индексда яна қайси йўналишлар бўйича оқсамоқда?


Сақлаш
11:12 / 30.12.2022 708 0

 

Бундан қарийб 5 йил аввал ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги 2023 йил 1 январдан бошлаб Инновацион ривожланиш агентлиги сифатида фаолиятини давом эттиради. Демак, номи тарихга айланаётган вазирликда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишнинг айни вақти.

Хўш, шу йиллар ичида нима қилинди? Қандай натижаларга эришилди? Нималар ўзгарди-ю яна нималарга эътибор қаратиш жоиз? Мамлакатимиз сўнгги 5 йил ичида инновацион нуқтаи назардан қандай ривожланди? Бунга ҳаққоний баҳони ким бера олади?

Камина вазирлик ташкил этилганидан бери ушбу идоранинг матбуот котиби бўлиб келаман. Шу боис ҳам вазирлик ишларини мақташим, кези келса бўрттиришим, қўлимдан келса, камчиликларини яширишим табиий ҳол. Қолаверса, вазирлик сайтида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида вазирликнинг жорий 2022 йилги ҳам, ўтган беш йиллик фаолияти натижалари бўйича ҳисоботларни ҳам жойлаганмизки, қизиққанлар ўқиб олаверади.

Холис баҳони эса дунё мамлакатлари тараққиётига баҳо берувчи нуфузли халқаро рейтинглар беради. Хусусан, мамлакатлар инновацион ривожланиш даражаси Глобал инновацион индекс (ГИИ) билан ўлчанади. ГИИ 80 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича 131 мамлакатнинг инновацион соҳадаги фаолиятини баҳолайди – Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ), Франциянинг INSEAD халқаро бизнес-мактаби ва Корнел университети томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонлари асосида мамлакатларнинг инновацион имкониятлари ва инновациялар соҳасидаги фаолияти йиллик рейтинглари эълон қилинади.

Глобал инновацион индекс бир нечта кичик индекслар, уларнинг ҳар бири эса яна тофаларга ҳам бўлинади, мазкур субиндексларни ўрганиш, таҳлил қилиш орқали мамлакат инновацион ривожланишида қандай жиҳатларга аҳамият бериши кераклиги аниқланади, хато ва камчиликлар устида ишланади. Яъни, рейтинглар шунчаки мамлакатнинг у ёки бу соҳадаги ўрнини белгилабгина қолмай, у ривожланишида қайси йўналишларга аҳамият бериши кераклигини айтиб берувчи индикатордир.

Авваламбор, Ўзбекистон мазкур рейтингда 2015 йилга нисбатан 40 поғона кўтарилганини таъкидлаб ўтишимиз керак. Ҳозирда юртимиз мазкур рейтингда 82-ўринни эгаллаган ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш стратегиясида 2030 йилда мамлакатимиз мазкур рейтингнинг 50 та энг яхши давлатлари қаторига киришни мақсад қилган.

Мазкур кенг миқёсли тадқиқотнинг 2022 йилги маърузасида юртимизнинг илмий ва инновацион фаолияти таҳлили ҳам келтирилган. Айнан шу йили  экспертлар минтақалар кесимида 3 тадан мамлакатни “2022 йилда инновациялар бўйича глобал етакчилар” сифатида алоҳида қайд этдилар – Ўзбекистон илк бора мана шу эътироф этилган мамлакатлар сафидан ўрин олди. Яъни Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин инновациялар бўйича топ-3 давлатлардан бири бўлди.

2019 йилдан бери киритилган ГИИ рейтингидаги муҳим кўрсаткичлардан бири – "Инновациялар соҳасидаги кутилган натижадан юқори ютуқлар" бўлиб, ҳар йили ГИИ экспертлари томонидан барча тўрт гуруҳ мамлакатлари учун жон бошига даромад даражаси бўйича тузилади. Ушбу рўйхатга чекланган имкониятлар ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар инновацион ривожланиш бўйича юқори кўрсаткичларга эришган мамлакатлар киритилади.

 

 

 

2020 йилдан буён аҳоли жон бошига ўртача даромаддан паст мамлакатлар гуруҳидан Ўзбекистон ҳам ушбу рўйхатга киритилган. Шу муносабат билан аҳоли жон бошига ўртача даромади паст бўлган мамлакатларни сарҳисоб қилиш ушбу гуруҳдаги энг ривожланаётган мамлакатларни аниқлаш имконини беради. 2022 йилда Ўзбекистон ГИИ рейтинги тарихида биринчи марта аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотда инновацияларга сарфланган маблағлар даражасидан қатъи назар, инновацион ривожланиш бўйича кутилганидан юқори ютуқларга эришган давлатларнинг топ-10 талигига кирди.

 

 

 

2022 йилги ГИИдаги Ўзбекистоннинг ўрнини таҳлилини кўрарканмиз, Ижодкорлик (Creative output) йўналиши бўйича сезиларли ортда қолаётганимизни, яъни 102-ўринда эгаллаганимиз эътиборни тортмай қолмайди. Ижодкорлик йўналиши ўз ичига 16 та субиндексни оладики, уларнинг айримлари, масалан, Номоддий активлардан фойдаланиш интенсивлиги, Брендлар, Миллий бадиий фильмлар, Кўнгилочар соҳа ва медиа каби бўлимлар тўғрисидаги маълумотлар тегишли халқаро ташкилотлар маълумотлар базасига киритилмаган, аммо ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан киритиш бўйича ишлар қилиняптики, келгуси рейтингда улар ҳам инобатга олиниб, позицияларимиз яхшиланади, деб умид қиламиз.

Онлайн ижодкорлик бўйича ҳам қаттиқ ишлашимиз талаб этилади, масалан, мобил иловаларни яратиш бўйича 132 мамлакатдан 107-ўринни эгалласак,  IT-лойиҳаларни хостинги саналмиш энг йирик GitHub веб-сервисидаги фаоллигимиз ҳам ўта паст бўлиб, 104-ўринни эгаллаганмиз.

Ижодкорлик йўналишининг биз учун  энг оғриқли бўлими бу Юқори даражадаги умумий доменлар бўлимидир, афсуски,  умумий доменлардан фойдаланиш бўйича дунёда энг паст – 132-ўринни эгаллаганмиз.  Ўзбекистонда ҳозирда .uz доменини ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, .com, .net, .org каби  глобал доменларда сайтлар, ахборот ресурсларини ташкил қилинмай қолмоқда. Ваҳоланки, компаниялар, ташкилотлар, илмий муассасаларнинг айнан Интернет тармоғининг умумий зоналарида жойлашиши уларга инвестициялар киритилишига, экспортининг ривожланишига хизмат қилади. Миллий доменимиз билан бир қаторда компаниялар, ташкилотлар сайтларининг турли доменларда бўлиши уларнинг маҳсулотларининг дунё бозорларига чиқишига йўл очади. Масалан, Фольсваген компаниясини интернетда қидирсангиз, компаниянинг volkswagen.uz, volkswagen.de сайтларини топасиз. Бу мазкур компаниянинг турли бозорларга кенг кириб келишини таъминлайди. Миллий брендларимиздан Артель компанияси, Ўзбекистон ҳаво йўллари, электрон кундалик сайти бу борада жаҳон трендларига риоя қилган ҳолда .org, .com доменида ўз cайтларини ташкил қилгани мақтовга сазовордир.

         Шундай қилиб, юртимиз инновацион ривожланиши кўрсаткичлари кенг қамровли бўлиб, уни такомиллаштириш учун турли соҳаларни ривожлантириш талаб этилади. Янги йилдан Инновацион ривожланиш вазирлиги  янги вазирлик – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги агентлик бўлиб фаолиятини давом эттиради. Олдинда қиладиган ишлар кўп — 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш керак. Мазкур  стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичларининг биринчиси ҳам Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашдир.

 

Назокат Абдуқундузова,

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби

з

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси