Тошкент МДҲ ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми қандай ўтди


Сақлаш
19:12 / 19.12.2022 643 0

Тошкент шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми маданият ва санъат, фан-таълим, адабиёт соҳалари ва ёшлар масалалари бўйича тажриба алмашиш, истиқболдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини белгилаш учун қулай фурсат яратди.

 

Анжуманнинг хорижлик иштирокчилари Тошкент форуми ҳар томонлама самарали кечганини эътироф этдилар. Oyina.uz қуйида уларнинг  фикрларини тақдим этмоқда.

 

 

Пўлат БУЛБУЛ ЎҒЛИ, МДҲ Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро фонди бошқаруви раиси, Гуманитар ҳамкорлик кенгашида Озарбайжон Республикаси вакили, Озарбайжон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Тошкент бизни бағрикенглик, ғамхўрлик ва алоҳида эътибор билан қарши олди. Айтиш керак, тадбирлар жуда юқори савияда ташкил этилган. Шу боис Форум ўтказилишига шахсан қизиқиш билдиргани учун мамлакатингиз раҳбарига ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

 

Тошкентга кўп бор келганман. Халқаро туркий маданият ташкилотида ишладим, кейинчалик маданият вазири бўлдим. Бу вақтларда ҳам Ўзбекистон, Тошкент билан ижодий ҳамкорлигимиз давом этди. Сўнгги йилларда, айниқса, халқларимиз маданий алоқаларида жонланиш, фаоллик кузатилмоқда.

 

Отам собиқ иттифоқ халқ артисти бўлган. У кўп қиррали санъаткор эди. Бир қанча халқлар қўшиқларини ижро этган, муғомлар куйлаган, опера жанрида баракали ижод қилган. Ўтган асрнинг 40–50-йилларида машҳур ижодкор Узейр Гажибековнинг “Гўрўғли” операси яратилди. Мазкур асар отам учун махсус ёзилган бўлиб, ундаги бош ролни айнан отам ижро қилган.

 

Нима учун буни эслаяпман? Гап шундаки, ушбу опера Ўзбекистонда, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри)да саҳнага қўйилган. Отам шу сабаб Тошкентда ойлаб яшаган. Ўша даврда биз у билан кунора, шаҳарлараро телефон станциясида соатлаб навбат кутиб, суҳбатлашардик. Телеграмма орқали хабарлашардик. Биласиз, у пайтларда бундан бошқа алоқа воситалари йўқ эди.

 

Тошкентдаги ижодий сафари хусусида отам бизга кўп гапириб берарди. Бу ерда таниқли опера дарғалари билан биргаликда ижод қилгани, улар билан ҳаётининг сўнгига қадар қадрдон бўлгани ҳақида фахрланиб сўзларди.

 

Мен бетакрор санъаткор Ботир Зокировнинг “Араб тангоси”ни жуда ҳам ёқтирганман. Кейинчалик биз бу улуғ ижодкор билан яқиндан танишдик, дўстлашдик. Ўзим ҳам санъаткор бўлдим, Ботир Зокиров билан телевидениеда кўплаб дастурлар, кўрсатувларни биргаликда олиб бордим. Қисқаси, қадрдон бўлиб кетдик. Бу ришта унинг вафотидан кейин тўхтаб қолгани йўқ – мен Фаррух Зокиров билан дўстлашдим, ижодий ҳамкорлик қилдим. Бугунги кунгача муносабатларимиз давом этмоқда.

 

1986 йилда Ўзбекистондаги театрда “Қўшиқларимга ишон” мусиқали асарим қўйилди. Тақдимотда қатнашдим. Ўзбек санъаткорлари ижросини кўриб, рости, тўлқинланиб кетдим. Биласизми, бу – жуда ёқимли туйғу. Мен ёзган қўшиқларни ўзбек эстрадасининг кўплаб ижодкорлари куйлаган.

 

Мен навбатдаги ташрифим мобайнида кўплаб янгиликлардан бохабар бўлдим, катта таассурот олдим. Мисол учун, Ўзбекистонда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилиб, узлуксиз таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эътирофга лойиқ.

 

“Гуманитар ҳамкорлик: ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари” мавзуига бағишланган анжуман доирасида турли мавзулар бўйича самарали мунозаралар олиб борилди. Зеро, бугунги давр ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришни тақозо қилмоқда.

 

Сўзимнинг охирида қардош ўзбек халқига чексиз меҳрим ва эҳтиромимни изҳор этаман. Эзгу ва хайрли ишларни амалга ошишида инсонларнинг ўзаро мулоқот қилиши фикр алмашиши жуда муҳим деб ҳисоблайман. Мазкур Форум ва Анжуман ҳам шуниси билан аҳамиятли.Тошкент ана шундай нуфузли тадбирнинг 15-сонига мезбонлик қилди ва бу воқелик узоқ вақт хотирамизда сақланади.

 

 

Анатолий ИКСАНОВ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро фонди ижрочи директори:

 

– Шубҳасиз, Ўзбекистон жуда меҳмондўст, бағрикенг, қайноқ ва ажойиб инсонлар яшайдиган мамлакат. Биз учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми айнан Тошкентда ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга.

Анъанавий форум фаолиятида пандемия сабаб узилиш кузатилганди. Шу сабабли у барча учун узоқ кутилган воқеа бўлди. Мен самимий меҳмондўстлик, илиқ муносабат ва юқори даражада ташкил этилган тадбир учун жуда хурсандман ва мамнунман.

Барчамизга маълум, Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, қадимий маданий мероси, юксак архитектура намуналари, мумтоз адабиётига эга. Шу сабабли ҳам мамлакатингиз иштирокисиз гуманитар маданий алоқалар ҳақида фикр юритиш мумкин эмас. Биз юртингиз, айниқса, сўнгги йилларда МДҲ гуманитар ҳамкорлик лойиҳаларида жуда фаол иштирок этаётганини кўряпмиз ва бу қувонарли.

 

Яна бир жиҳатни айтишим керакки, МДҲ давлатлари маданий пойтахти лойиҳаси биз учун ўта муҳим. Бунга айнан пойтахт бўлмаган шаҳарларни танлаб олмоқчимиз. Албатта, улар гўзал маданий тарихга ва бир вақтнинг ўзида замонавий турмуш тарзига эга бўлиши лозим. Форум доирасида ушбу масалаларни ҳам турли йўналишдаги мутахассислар билан кўриб чиқдик. Номзод шаҳарлар орасида Самарқанд ҳам бор.

 

 

Чингиз ЭСЕНГУЛ ЎҒЛИ, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари:

 

– Бугунги XV форум негизида кўплаб илмий амалий конференциялар ўрин олган. Тошкенда МДҲ давлатлар ҳамдўстлиги халқларинг бағрикенглик йиғини ҳамдир. Ўрта Осиёда Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий давлат сифатида тан олинган. Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳри маданияти негизида буюк бир тарих ётади. Бугунги форумни ташкил этган Маданият вазирлигига миннатдорчилик билдираман.

 

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форумида иштирок этиш жараёнида Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўлдик.

 

Юртингизда алоҳида Ёшлар куни белгилангани, бу сана ҳар йили катта тантана сифатида нишонланиб, турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган шижоатли ўғил-қизлар рағбатлантириб борилаётгани мазкур соҳада ўзига хос тизим яратилганидан дарак беради.

 

Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ХV ижодий ва илмий зиёлилари форумида ёшлар ҳамкорлиги масаласи мунозара майдонидаги йўналишлардан бири сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Биз бу борада қатор фикр-мулоҳазалар, тажрибалар билан танишиш имконига эга бўлдик. Ўз навбатида, мамлакатимиздаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумот бердик.

 

Шубҳасиз, мазкур форум ёш авлод келажагини таъминлаш йўлида режалаштирилган ижтимоий лойиҳа ва дастурларни муваффақиятли амалга ошириш, минтақадаги интеллектуал салоҳиятли йигит-қизларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Миргант ШАБАЗОВ, Тожикистон миллий фанлар академияси академиги:

 

– Бу келажакдаги ривожланиш учун яхши бир туртки, ҳам ижодкорлар, санъаткорлар ва зиёлилар ўртасида, ҳам давлатлар ўртасида мулоқот учун қулай платформа ҳисобланади.

 

Ижодкор ва зиёлиларнинг XV форумида МДҲнинг деярли барча давлатлари иштирок этди. Бунда биз ўзаро илиқ, дўстона муносабатни ҳис қилдик. Бунинг учун, албатта, ўзбек қардошларимизга миннатдорлик билдираман.

 

Жорий йилги форумга Тошкент мезбонлик қилди. Келгуси йилда у яна бошқа шаҳарларда бўлиб ўтади. Шу тариқа давлатлар ва халқлар ўртасида муносабатлар мустаҳкамланади. Ушбу нуфузли анжуманни фан, санъат, маданият тараққиёти учун муҳим қадам, имконият, деб атаган бўлардим.

 

Ресул АМАНГЕЛЬДИЕВ, Туркманистон давлат консерваторияси ректори:

 

– Туркманистон учун Ўзбекистон яқин қўшни, дўст мамлакат ҳисобланади. Барча жабҳада ўзбек-туркман муносабатлари самарали йўлга қўйилган. Айниқса, бу санъат, адабиёт соҳасида яққол намоён бўлмоқда. Бинобарин, бизнинг тарихий илдизларимиз бир. Бу эса ўзаро дўстона ҳамкорлик учун замин бўлиб хизмат қилади.

 

Яқинда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи барпо этилди ва унинг очилишида икки мамлакат Президентлари қатнашди. Ушбу маскан пойтахтимизнинг диққатга сазовор манзилларидан бирига айланди.

 

Ташрифимиз давомида Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлдик. Мазкур олий таълим муассасасида иқтидорли талабаларга маҳоратли устозлар дарс беришаётир. Бизнинг устозларимиз ҳам консерваторияда сабоқ олишган, илмий тадқиқотларни ҳимоя қилишган. Бу, албатта, узоқ йиллар давом этаётган дўстона муносабатларимиз самараси. Биз умид қиламиз ва ишонамизки, бундай алоқалар янада ривожланади.

 

Мен, албатта, бундай юқори даражадаги форум ташкил этилгани ва самимий, илиқ муносабат учун тадбир ташкилотчилари, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти, Маданият вазирлиги масъулларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

 

 

Лейла ЭФЕНДИЕВА, Боку жазз фестивали директори:

 

– Мунозаралар жуда қизғин. Ўзим учун янгиликларни кашф қилдим. Муҳокама қилинаётган мавзуларни барчаси муҳим.

 

Биз Озарбайжоннинг Боку шаҳрида анаънавий жаз фестивалини ўтказамиз. Панел йиғилишларида ана шу фестивал ҳақида иштирокчиларга маълумот бердим ва барча мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлар вакилларини унда иштирок этишга таклиф қилдим. Ҳар бир мамлакатда ўзига хос лойиҳалар дастурлар бор. Билдирилган барча таклифлар эътирофга лойиқ.

 

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Ахборот ва матбуот хизмати

ходимлари томонидан ёзиб олинди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси