Маънавият инсон онгу тафаккурини ёритади


Сақлаш
10:09 / 17.09.2021 1000 0

 

Менинг назаримда, инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи –маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқаларидан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, фидоийлик ҳиссини кучайтиради.

 

Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидан.

 

Яқиндагина нашрдан чиққан Янги Ўзбекистон стратегияси китобини варақлар эканман, давлатимиз раҳбарининг она Ватанга чексиз муҳаббати, халқимизга ғамхўрлиги, ёшларимизга оталарча меҳр-эътибори, мамлакатимиз равнақи йўлидаги изланишлари, фидоий ва бетиним меҳнатларини ҳис қилдим.

Кейинги йилларда юртимизда Давлат инсон учун тамойили ҳар биримизнинг онгу шууримизга сингиб бормоқда. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида нуфузи ортаётгани, жаҳон халқларининг Ватанимиздаги фаровонлик, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти давлат муҳофазасида эканига ҳавасдалиги кўнглимизни кўтаради. Китобнинг Халқпарвар давлат, Адолатли ижтимоий сиёсат, Маънавий тараққиёт бўлимларида айнан бу ҳақиқат ёрқин очиб берилган.

Асарда маънавий янгиланиш, имконият ва истиқболлар тўғрисида шундай ҳикматлар келтирилган: Биз учун маънавият инсонлар ўтрасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача айтганда, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир”.

Мустақилликка эришилгач, халқимиз ўзининг бетакрор тарихи, маданияти, ўзига хос миллий қадриятлари – катта маънавий бойлик эканини чуқур англаб етди. Аждодларимиз қолдирган бой мерос ва миллий қадриятлардан иборат кучли маънавият бугунги кунда ҳам инсон камолоти, ёшлар баркамоллиги учун хизмат қилмоқда.

Ҳар бир инсоннинг ўз маънавий олами бор. Худди шундай, ҳар бир миллат, халқ ҳам ўз миллий қаҳрамонлари, адабиёти ва санъати билан фахрланади. Мен ўзим улғайиб ўсган муҳитда ўзбек халқ эртаклари, қорақалпоқ халқ достонлари, кейинчалик мумтоз адабиётимиз дурдоналари тафаккуримни бойитди. Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа сингари классик шоирларимиз ижодида катта маънавият, маърифат ётганини англаган авлодлар бугун аждодлар меросини чуқур таҳлил қила бошладилар.

Истиқлол даврида Қорақалпоқ халқининг бахши-жировчилик мактаби орқали достонлар билан қадим тарих янги ҳаётга кириб кела бошлади. Бу жараённи маънавият тушунчасининг бир қирраси деб тушунамиз. Мен элимизга хос инсоний фазилатлар: очиқ кўнгиллик, дўст-биродарлик, меҳмондўстлик, бағрикенгликни алоҳида айтиб ўтгим келади. Бу фазилатлар ҳам – маънавиятдир ва халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Қорақалпоғистонга ташриф буюрган киши бу юртдаги табиат билан ҳар бир инсон қалбининг уйғунлигини ҳис қилади.

Китобда яна шундай жумлалар бор: “Биз ғурури, орияти, маънавияти баланд халқмиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, катта бойлик. Аждодларимиз асрлар давомида асраб-авайлаб келган бу бойликни йўқотиб қўйсак, келгуси авлодлар бизни асло кечирмайди. Аксинча, бу фазилатни халқимизни, миллатимизни бирлаштирадиган энг кучли тамойилга айлантиришимиз керак. Негаки, миллий ғурури баланд халқнинг қадр-қиммати ҳам баланд, маънавияти, иродаси кучли бўлади. Бундай халқ билан ҳар қандай буюк мақсадларга етиш мумкин”.

Жамиятда маънавият ҳар бир инсоннинг онг-тафаккурида, энг аввало, туғилиб ўсган юртига меҳри, ота-онасига ҳурмат-эҳтироми, бирадорлик, дўстлик, бағрикенглик сингари инсоний фазилатларни қадрлаши ва амал қилиши билан мустаҳкамланади, деб айтиш мумкин. Айниқса, бу масалада ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш ҳам муҳимлиги китобга алоҳида мазмун бахш этиб турибди.

Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриб, ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида ва узлуксиз эътибор берилаётган масала маънавият ва маърифат бўлгани ҳолда, бой тарихий-маданий меросимиз қадр-қимматини ўрнига қўйиш, чуқур ўрганиш, ундан таълим ва тарбиядек ўта зарур ва нозик соҳада унумли фойдаланишга урғу бериб келинаётгани ҳам ҳақиқатдир.

Янги Ўзбекистон стратегияси китобида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлига чироқ тутилган бўлиб, ҳар биримизни янада фидоий, ватанпарвар, юксак маънавиятли бўлишга, халққа сидқидилдан хизмат қилишга чорлайди.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоқ адабиёти газетаси бош муҳаррири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси