Аграр ва индустриал жамият аъзолари эҳтиёжларининг фарқли ва ўхшаш жиҳатлари


Сақлаш
10:10 / 12.10.2022 948 0

Маънавий ҳаётнинг мазмуни, шакли ва ўзига хослигини жамиятнинг умумий тараққиёт даражаси белгилайди. Ушбу қонун маънавиятни жамият моддий ҳаётидан ажратмай, унга Яратганнинг сир-асрори эмас, ривожланувчи ижтимоий ҳодиса сифатида тушунишда катта аҳамиятга эга. Аграр жамият кишисининг дунёқараши, қадриятлар тизими, маънавияти, одатда, ўрта асрлар тараққиёт даражасига мос. Уни саноат, техника, транспорт ва алоқа тизими тараққий этган, ахборот технологиялари юксак ривожланган бугунги кун кишилариники билан асло таққослаб бўлмайди.

 

Аграр жамиятда аҳолининг аксарияти, айниқса, жисмоний меҳнат кишилари саводсиз бўлган. Бел, кетмон, омоч, ўроқ, болта, ҳўкиз, эшак, от-арава ёрдамида хўжалик юритилган. Деҳқон, қўшчи, аравакаш ва косиб-ҳунарманддан саводли бўлиш талаб этилмаган. Индустриал жамиятда эса завод-фабрика ишчи ва хизматчи ё таъмирчидан, қишлоқ хўжалиги деҳқон ё тракторчидан, транспорт тизими ҳайдовчисидан, жиллақурса, бошланғич маълумотли бўлишни талаб қилади. Технологияларнинг узлуксиз мураккаблашуви бу талабларни янада кучайтиради. Жамиятнинг саводхонлиги янги маънавий-маданий эҳтиёжларни туғдириб, қондирилиш усулларини эса хилмахиллаштирди. Агар саводсиз оми киши тўй ва сайилларда бахшилар, қиссахонларни тинглаб, маънавий эҳтиёжларини қондирса, саводли киши ёзма адабиёт, мумтоз мутафаккирлар асарларини ўқиш имконига эга.

 

Меҳнат воситалари ва технологияси нафақат ишлаб чиқариш усули, муносабатларини, шу билан бирга, яратилган моддий ва маданий маҳсулотлар, таълим олиш, илмий ва бадиий ахборотдан фойдаланиш қандай тақсимланиши ва тарқатилишини белгилайди. Улар муайян жамиятдаги истеъмол ва эҳтиёжлар мазмунини, шахснинг ўзлигини юзага чиқариш имкониятини аниқлайди. Ушбу қонуният индустриал жамиятда умумий, ўрта махсус ва олий таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, ОАВ иқтисодиётнинг зарурий тузилмасига айланганида яққол кўринади.

 

Умумтамаддуний (цивилизацион) тараққиёт даражаси одамларнинг дунёқараши, тафаккури ҳамда жамиятнинг илм-фани, адабиёти, маданий савиясини белгилайди. Улар асосида қадриятлар, ижтимоий меъёрлар қарор топади. Бу жамият ривожланишининг умумий қонуни – моддий ва маънавий ҳаёт муштараклиги, ўзаро чамбарчаслигининг воқе бўлишидир.

 

Биринчи мақолада инсон эҳтиёжлари узлуксиз юксалиши тўғрисида сўз юритилган эди. Эҳтиёжларнинг мазмуни, ўсиш, юксалиш суръати жамиятнинг умумтараққиёт даражасига, алоқа ва мулоқот воситаларига, одамлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий, диний, мафкуравий, маиший, оилавий ва бошқа алоқаларнинг ранг-баранглиги ва интенсивлигига боғлиқ. Бошқача айтганда, улар мавжуд тамаддун даражасига мос бўлиб, унинг таъсирида шаклланади ва ўзи ҳам унга таъсир кўрсатади. Мазкур қонун цивилизация ва маънавиятнинг узвий муштараклигини ифодалайди. Ибтидоий жамиятда одамлар ўртасидаги ижтимоий алоқалар анча қашшоқ ва жўн эди. Улар, асосан, уруғ-жамоа жипслиги, хавфсизлиги, озиқ-овқат таъминоти масалаларини ҳал қилишга бориб тақалган. Мана шу уч заруратдан келиб чиқиб уруғ-жамоа муносабатлари меъёрлаштирилган, тартибга солинган, эътиқодда, диний маросимларда, урф-одатларда, рақс ва қўшиқларда, асотирларда мустаҳкамланган.

 

Аграр жамиятда ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажралди. Ибтидоий синкретизм парчаланди. Илм-фан, адабиёт ва санъат, давлат ва ҳуқуқ, диний ташкилот алоҳида институт сифатида ажралиб чиқди, ёзув пайдо бўлди. Маънавий онг ўсди, маънавий маданиятнинг алоҳида шакллари вужудга келди. Шунга мувофиқ маънавий эҳтиёжлар ранг-баранглик касб этди, мазмунан бойиди. Аграр жамият икки йирик тарихий давр – қулдорлик ва феодализмга бўлинади. Ибтидоий ва аграр жамиятлар вакилларининг онги, тафаккури, билими, маънавий эҳтиёжлари, турмуш тарзи ва маънавиятини таққосласак, улар ўртасида катта фарқ мавжудлигини кўрамиз. Миср, Месопотамия, Қадимги Хитой, Қадимги Эрон, Қадимги Юнонистон – илк аграр жамиятлар, илк цивилизациялар ватани. Уларнинг тараққиёти, маданияти ибтидоий жамиятга нисбатан жуда баланддир. Аграр жамият доирасида ислом Уйғониш даврида Шарқ, Европа Уйғониш даврида Ғарб маънавий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди.

 

Ўз навбатида феодал (аграр) ва капиталистик (индустриал) жамиятлар аъзолари маънавияти, маънавий эҳтиёжлари, илм-фан ва адабиёти, санъати ўртасида янада катта фарқ мавжуд. Ўрта асрларда яшаган киши ўз олдига XX аср кишиси қўйган мазмундаги инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, замонавий демократик талабларни қўя олмас, бўш вақтини ташкил этишнинг, мулоқот қилишнинг замонавий воситаларидан фойдалана олмас эди. Зеро, ушбу қадриятлар фақат инсон онги, тажрибаси, ақл-заковати маҳсулигина эмас, шунингдек, тамаддуний тараққиёт ва ижтимоий муносабатлар такомиллашуви натижаси ҳамдир.

 

Маънавият ва бутун ижтимоий тараққиёт қонунлари одамларнинг онгли фаолияти орқали юзага чиқиши аввалги мақолада қайд этилган эди. Кимдир амалдаги меъёр ва қоидаларни такомиллашмаган, ҳатто адолатсиз деб билади ва уларни ўзгартириш кераклигини уқтиради. Кимдир, аксинча, ҳимоя қилади. Кескин радикал ва консерватив фикрлар ўртасидаги баҳс, баъзан кескин курашлар оқилона йўл топишга, мавжуд қоида ва меъёрларни, урф-одатлар ва диний маросимларни такомиллаштиришга хизмат қилади. Муроса йўли топилмаса, кураш зўравонлик воситаларида давом этади. Ички низолар, фуқаролик урушлари, қўзғолонлар, инқилоблар, сарой тўнтаришлари... ҳар доим ҳам фақат ҳокимият учун зўравонлик кўринишида курашиш эмас. Улар баъзида мамлакат келажаги, давлат бошқаруви ва ижтимоий муносабатларни ислоҳ қилишнинг муроса йўли топилмагани оқибати ҳамдир.

 

Маънавият юксалишининг умумтамаддуний тараққиёт даражасига боғлиқлиги қонуни адабиёт ва санъат мисолида яққол кўринади. Қабилалар уюшмаси ва илк давлатчилик даврида қаҳрамонлик эпослари вужудга келди. Гўрўғли туркуми, Алпомиш, Рустамхон ва бошқа достонлар халқимизга ўша даврдан ва илк ўрта асрлардан мерос. Кўчманчи, яримкўчманчи турмуш тарзи, яйлов, водийлар учун кураш, янги ҳудудларнинг ўзлаштирилиши, этносларнинг тартибсиз миграцияси қуролли тўқнашувлар, ўзаро курашларни туғдирган. Ҳар бир қабила (қабилалар уюшмаси), ёш давлат ўз идеал қаҳрамони образини яратишга, ёш авлодни улар тимсолида тарбиялашга ҳаракат қилган. Шу тариқа қаҳрамонлик эпослари вужудга келган.

 

Ўрта асрларда аграр жамият бирмунча барқарорлашди. Ўрта асрлар ислом дунёсида дастлаб ҳар томонлама ривожланиш кузатилди. Марказлашган феодал давлатлар тарих саҳнасига чиқди, ҳудудлар бўлиб олинди, аҳолининг тартибсиз майда гуруҳлари миграцияси деярли барҳам топди. Бу даврда туркий тилда “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, “Қутадғу билиг”, “Девону луғатит-турк” каби мумтоз асарлар ёзилди. Бундай шароитда турли халқлар ўртасидаги тўқнашувлар, урушлар бошқача мазмун ва мақсад касб этди. Энди урушлар турли давлатлар – хонликлар, амирликлар, бекликлар тўқнашувига айланди. Қабилавий-этник мафкура дунёвий-сиёсий ва диний мафкура билан алмашди. Ислом асосида янги цивилизация қарор топиб, унинг ахлоқий, сиёсий-ҳуқуқий, эътиқодий идеаллари шаклланди. Адабиёт ва санъат, диний ва сиёсий мафкура янги цивилизациязаруратини, эҳтиёжларини ифодалай бошлади. Фольклорни бир оз ортга суриб, ёзма адабиёт, профессионал санъат олдинги ўринга чиқди. “Ҳибат ул-ҳақойиқ”да, “Қутадғу билиг”да биз янги ахлоқий ва эътиқодий идеаллар инъикосини, “Девону луғатит-турк”да сиёсий-этник жипслик идеаллари ва ахлоқий-эътиқодий қадриятлар ифодасини кўрамиз.

 

Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий асарларида ўз давридаги ислом цивилизациясининг тарихий талаблари, зиддиятлари, тамаддун оқимига қўшилаётган туркий халқларнинг эҳтиёжлари акс этди. Юсуф Хос Ҳожиб замонида исломда зоҳидлик, таркидунёчилик ғоялари ёйилган эди. Шу сабабдан даҳо бобомиз беку хонларни узлатга чекиниш, таркидунёчиликдан қайтаради. Халқпарварлик раҳбарга Оллоҳ томонидан юклатилган бурч, дея уқтиради. Дин пешволарига (Ўзғурмишга) қарата эса Ўгдулмиш номидан бундай дейди:

 

Олам халқи бари улус, кент қўйиб

Сендек ғорга кирса, улуғ юк туйиб,

Дунё бузилмасми, битмасми олам,

Авлодлар яралмас, қолмас-ку одам.

 

(Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Тошкент, 2016. 304-бет).

 

Маҳмуд Кошғарий турк тилининг умумий меъёрларини белгилаш, сақлаш қаторида алоҳида элатларга бўлиниб бораётган туркий қабилаларни қорахонийлар давлати теварагида бирлаштириш ғоясини ҳам олға сурган. Кўриниб турибдики, цивилизация эҳтиёжлари ва талаблари жамият бадиий фикри муайян йўналишда ривожланишини тақозо этади. Бу борадаги мисол ва далиллар асосан туркий (эски ўзбек) адабиётдан келтирилди. Аслида бундай мисол ва далиллар ҳар қандай халқ адабиётида топилади. Масалан, бу даврда эрон қаҳрамонлик эпосларини қайта ишлаб, йирик “Шоҳнома” асарини яратган Фирдавсий аслида Эрон буюк давлатчилик ғоясини акс эттирди. Қаҳрамонлик эпослари асосида вужудга келган ёзма адабий эпослар этник қабилачилик манфаатларини эмас, марказлашган феодал давлат манфаатларини ифодалай бошлади. Ибтидоий тузум давридаги қабила-уруғчилик, илк аграр, яъни патриархал қулдорлик жамиятидаги майда шаҳар-давлатлар мафкураси шароитида юқорида саналган асарларга объектив эҳтиёж йўқ эди. Уларни яратишга жамиятнинг интеллектуал-ғоявий ва бадиий имкониятлари ҳам ожизлик қилар эди.

 

Алишер Навоий даврига келиб ислом тўлиқ ҳукмрон мафкурага айланди. Ислом цивилизацияси IXXII асрлардаги оламшумул ютуқлари ортидан ички ва ташқи низолар, феодал тарқоқлик ва сепаратизм, мўғул истилоси кабиларни бошдан кечириб, бир муддат турғунликдан кейин Амир Темур ва темурийлар фаолияти боис янги уйғониш босқичига кўтарилди. Адолат, инсон қадр-қиммати, комил инсон ва адолатли подшоҳ ғоялари ижтимоий онгда долзарб эди. XV асрга келиб исломда тасаввуф катта мавқега эришди. Шу сабабдан мазкур ғояни Навоий нақшбандия тариқати қарашларига мувофиқ ифодалади.

 

XV аср адабиётида реалистик образ, муайян тарихий шароитда яшайдиган, ўз фазилат ва қусурларига эга типик ва айни пайтда, такрорланмас индивидуал инсон образини, унинг дунёвий ишқини, психологик кечинмаларини тасвирлашдан кўра, қаҳрамон тимсолида инсонпарварлик, эзгулик ва адолат ғояларини тарғиб этиш, одамлар учун намуна, ибрат бўладиган идеал қаҳрамон қиёфасини тасвирлаш, унинг мажозий ишқини кўрсатиш муҳимроқ эди. Инсонпарварлик, инсонни севиш – Худо иродасини, кўрсатмасини бажариш, Худони севишдир, деган ғоя тарғиб этилиб, инсон ҳимоя қилинди, улуғланди. Навоий Фарҳод, Мажнун, Баҳром, Искандар, Ширин, Лайли ва бошқа идеал образлар тизимини яратди. Асарларида раиятга ғамхўр одил подшоҳ ғоясини илгари сурди. Достонларнинг бошида Оллоҳ ва Пайғамбардан кейин Ҳусайн Бойқарога, айримларида Бадиуззамон ва бошқа тарихий шахсларга бағишланган мақтовлардан мақсад ҳам раиятпарвар подшоҳ ғоясини одамлар, ҳукмдорлар онгига сингдириш, шу орқали низолар ва айирмачилик кайфиятининг олдини олиш эди.

 

Даҳо шахслар мероси таҳлил этилганда, унинг ўз тамаддуни савияси ва долзарб муаммолари билан боғлиқлиги аёнлашади. Навоий ижоди ислом тамаддунининг адабиёт ва ижтимоий қарашларда эришган ютуқлари билан узвий боғлиқ. У Низомий, Деҳлавий, Жомий бадиияти, Нақшбанд тариқати, Азизиддин Насафий фалсафаси, туркий салафларнинг сўз санъатидаги ютуқларини теран ўзлаштирган ва янги поғонага кўтарган. Бу, айни пайтда, ўша даврда ислом тамаддуни дуч келган янги муаммолар, тарихий даъватларга бадиий-фалсафий жавоб ҳамдир. Навоий ижоди ислом тамаддуни тараққиёт поғонасини кўрсатувчи кўзгу ва унинг сўнгги ўрта асрлардаги бадиий-фалсафий чўққисидир.

 

Ғарбда товар-пул муносабатлари ривожланиб, капитализм оёққа туриши жараёнида янги индустриал цивилизация шаклланди. У XVIIXIX асрлар мобайнида инсоннинг инсонга шахсий қарамлигига (қуллик, крепостнойлик) барҳам берди, ҳаммани қонун олдида тенглаштирди. Бу даврда адабиёт идеал қаҳрамонлар образи орқали умумий инсонпарварлик, эзгулик ғояларини тараннум этишдан замондошлар ўй-ташвиши, ижтимоий аҳволи ва мавқеи, аниқ муаммоларини бадиий таҳлил қилишга ўта бошлади. Инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари энди конкрет инсонни ҳимоя қилиш, жамиятдаги адолатсизликни танқид қилиш орқали олға суриладиган бўлди. Янги бадиий услуб – танқидий реализм XIX аср 30-йилларида қарор топди. Танқидий реализм инсон ташқи (ижтимоий аҳволи) ва ички дунёсини (онги, психологияси, туйғулари ва кечинмалари) ҳар томонлама таҳлил қилди, очиб берди. У рационалистик тафаккурга таянар эди. Танқидий реализмнинг ривожланиши капиталистик (индустриал) тамаддуннинг рационализмга ишончи сўниб улгурмаган, тараққиёт чизиғи ҳали узлуксиз юқорилаётган паллага тўғри келди. Шу боис у детерминизм – сабабият (сабаб-оқибат) алоқаларини қатъий ёқлар эди. У инсоннинг ҳар бир ҳаракати, хулқ-атвори, интилишларию ҳиссий кечинмаларини ижтимоий ва психологик жиҳатдан далиллашга уринди. Бироқ онгости ҳодисаларига мурожаат этмади, чунки улар ижтимоий ҳаётда сезиларли роль ўйнамас, боз устига, ўша даврда уларнинг на ижтимоий, на психологик сабаблари маълум эди. Онгости ҳодисаларини ёритиш алоҳида бадиий таҳлил ва усулни тақозо этар эди.

 

XIX аср охири – XX аср бошларида индустриал тамаддун янада юқорироқ босқичга қадам қўйди. Барча соҳаларда Ғарб цивилизациясининг ички зиддиятлари қалқиб чиқди. Илгари улар кўпроқ иқтисодий ҳаётда юз кўрсатиб, иш ташлаш ва инқилобларга сабаб бўларди. XIX аср охирги чорагида сиёсий ва иқтисодий тўқнашувлар бир оз сусайди. Аммо инқироз маънавий ҳаётда чуқурлашди. Капиталистик тамаддун идеаллари, унинг оқилона тузум эканига кўпчилик ишонмай қўйди. Онгости ҳодисалари, одамларнинг ғайришуурий хатти-ҳаракатлари ижтимоий ҳаётда тобора сезиларли из қолдира бошлади. Иррационализм кучайди. Ҳар хил модернистик, авангардистик оқимлар, турли-туман тасвир ва ифода услублари пайдо бўлди. Иккинчи томондан – адабиёт ва санъат, ўз ички ривожланиш қонунларига кўра, танқидий реализм даражасида қолиб кетиши, онгости ҳодисаларини бадиий таҳлил этмаслиги мумкин эмас эди. Танқидий реализм инсон онгини ҳар томонлама ўрганиб, онгости остонасида тўхтаб қолган бўлса, модернистик адабиёт ва санъат онгости ҳодисаларини тасвирлаш ва ифодалашдан чўчимади. У, танқидий реализм каби, инсоннинг ҳамма туйғу ва кечинмаларини оқилона бадиий асослаб бериш, сабабларини кўрсатиш вазифасини ўз олдига қўймади. Инсон ички оламидаги иррационал, ақл ёрдамида тушунтириб бўлмайдиган жиҳатларига ҳам диққат қаратиб, тасвирлаб кетаверди. Онгости ҳодисаларини, онгсизликни (агар диний-мистик характердагилари бўлмаса) нафақат ўрта асрлар, ҳатто XIX аср биринчи ярми адабиёти тасвирлай олмас эди.

 

Модернизм оқимлари индустриал жамиятдан постиндустриал жамиятга ўтиш даври маҳсулидир. Улар рационал тафаккур қаторида иррационал тафаккурнинг бадиий ижодда олдинги ўринларга чиқиши, уларнинг эклектик қоришуви, баъзан иррационализмнинг рационализмдан устун келиши, баъзан ижодкорнинг релятивистик фикр юритиши туфайли юзага келди ва ривожланди. Постиндустриал жамият мустаҳкам оёққа туриб олган ХХ аср 50-йилларидан аста-секин янги постмодерн оқимлар тарқала бошлади. Лекин бу адабиёт ва санъатда ижод тўлиқ, дастлаб модернизмга, сўнг постмодернизмга ўтиб кетган экан-да, дегани эмас. Адабиёт ва санъатда ижодкор шахси ҳал қилувчи роль ўйнайди. У буюк салафлари анъаналарига содиқ қолиб, уларни замонга мослаштириб давом эттириши, янги эпкин ва услубларни қабул қилмаслиги мумкин. Бадиий асар сиёсий ва эътиқодий қарашлар, цивилизация эврилишларининг шунчаки инъикоси эмас, балки ўзига хос индивидуал ва ижтимоий талқинидир. Шу сабабдан замонавий адабиёт ва санъатга бадиий усул ҳамда услублар хилма-хиллиги хос.

 

Замонавий постиндустриал цивилизациянинг маънавиятга яна бир таъсири (бу гал салбий!) – оммавий маданиятнинг алоҳида ижтимоий феноменга айланишидир. Оммавий маданият деганда барча маҳсулотлар индустриал усулда ишлаб чиқарилиши, замонавий ОАВ – газета, журнал, радио-телевидение, интернет, кино кабилар назарда тутилади. У халқ маданияти эмас, унга миллийлик, индивидуаллик, эксклюзивлик хос эмас. Оммавий маданиятнинг ўтган цивилизацияларда вужудга келиши нореал эди. У моддий ва маънавий буюмлар тoварга айланган, истеъмол ва турмуш тарзи, уй-рўзғор буюмлари, одамлар яшайдиган квартиралардан тортиб, ишга қатнайдиган транспорт воситалари, ейдиган овқатию кўрадиган телетомошаси, ўйнайдиган ўйинигача стандартлашган жамият маҳсулидир.

 

Маънавият юксалишининг умумтамаддуний тараққиёт даражасига боғлиқлигини илм-фан ва таълим тизими ривожи янада ойдинлаштиради. Аграр жамиятда илм-фан ва халқ таълими иқтисодиётнинг бевосита тармоғи бўлмаган. Илм-фан, таълим гарчи бир қадар иқтисодиёт буюртмаларини бажарса-да, маънавиятнинг мустақил соҳаси сифатида алоҳида ривожланган. Унга маърифатли хонлар, вазирлар, беклар, Навоий сингари буюк шахслар ҳомийлик қилган. Улуғбек салтанатида Самарқандда илм-фан гуркираб ўсди. Ундан кейин инқирозга учради. Чунки ижтимоий ишлаб чиқариш илм-фанга кучли эҳтиёж сезмас эди.

 

Индустриал жамиятда фабрикант таълимни, илм-фанни яхши кўрадими, ёмон кўрадими – бундан қатъи назар, фан-техника ютуқларини, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилмаса, ишчи ва инженер-техник ходимларнинг малакасини оширмаса, касодга учраши тайин. Индустриал ишлаб чиқариш миллионлаб инженер, техник, иқтисодчи, бухгалтер, менежер, маркетолог, молиячи, солиқчи, банк, биржа, суғурта компаниялари ходими, юрист, умуман, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма мутахассисларига муҳтож. Шу боис уларни тайёрлаш тизими вужудга келиб, халқ хўжалигининг ажралмас тармоғига айланди. Минглаб мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим ўқув юртлари ва илмий муассасалар пайдо бўлди. Жамият онги, билими, малакаси, илм-фан, таълим, умуман, маънавият тизими янги сифат босқичига кўтарилди. Индустриал цивилизация жамиятнинг синфий ва касбий тузилмаси, маънавий эҳтиёжлари ва маънавий қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

 

Ёки яна бир мисол. Илк фабрикантлар орасида ишчиларини ашаддий эксплуатация қиладиган, уларнинг соғлиғига зиғирча қайғурмайдиган тошюраклар кўп эди. Бирор ишчи майиб-мажруҳ бўлиб ёки ўлиб қолса, фабрикант ташвиш чекмаган. Илк фабрикаларда малакасиз қўл меҳнати устунлик қилган. Шу боис фабрикант ишчини йўқотишдан зарар кўрмаган. Аммо, бошқа томондан, фабрикаларда ишчи-ходимлар сони оддий устахоналарга нисбатан бир неча баробар кўп. Агар фабриканинг бирор ишчиси юқумли касалликка чалинса, дард бошқаларга ҳам юқиб, унумдорлик пасайиб кетади. Бундай воқеалар кўп учраган. Оқибатда мулкдор раҳмдиллигидан эмас, фойдадан қуруқ қолмаслик важидан фабрика қошида лазарет очишга мажбур бўлган. Технологиялар мураккаблашиб, ишчи-ходимларнинг малакаси катта аҳамият касб эта бошлаши жараёнида энди беморни, майиб бўлган мутахассисни ҳар ким билан алмаштириб бўлмаслиги аёнлашган. Фабрикант малакали ишчи-ходимини авайлай бошлаган.

 

Бунинг устига шаҳарлар тез ўсгани сайин соғлиқни сақлашнинг аҳамияти мамлакат миқёсида ортиб бораверган. Европа халқлари тарихий хотирасида неча бор вабо, ўлат ва чечакдан аҳолининг ярми қирилиб кетгани сақланиб қолган. Энди эса фабрикант ҳам, давлат ҳам соғлиқни сақлашга эътибор қаратишга мажбур бўлди. Натижада ушбу тизим индустриал жамиятда иқтисодиётнинг зарурий тармоғига айланди.

 

Замонавий цивилизация шароитида давлат бошлиғининг илм-фанни, адабиёт ва санъатни, ижодкор-зиёлиларни қадрлаши ёки қадрламаслиги, ҳатто ёмон кўриши жамият маънавияти ривожланишига жиддий таъсир кўрсатса-да, тўхтатиб қўя олмайди. Шўро доҳийлари – Ленин ва Сталин зиёлиларни, олимларни унча хушламаган, ҳатто нуқул нолиб юрадиган тутуриқсиз, чиркин шахслар, деб атаган. Ижодкор зиёлиларнинг катта қисми 20-йиллар бошида мамлакатдан чет элга чиқариб юборилган, қолганларнинг қанчаси 30-йилларда қатағон қилинган. Ҳитлер ҳокимият тепасига келган йилларда Германияда шунга ўхшаш вазият ва сиёсатни кузатамиз. Бироқ Сталин ҳам, Ҳитлер ҳам илм-фандан, ижодкор-зиёлилардан воз кеча олмаган. Бусиз мамлакат ривожланмас, уларнинг бутун дунёда большевистик ёки фашистик тузумни ўрнатиш нияти амалга ошмас эди. Шу сабабдан улар саркаш ижодкорларни жазолаш билан бир қаторда тузумга ошкора қарши бўлмаганларни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилган. Турли рағбатлантириш йўлларини излаган, унвон, мукофот, орден-медал ва лавозимлар билан тақдирлаган.

 

Шундай қилиб, маънавият ривожланиши умумтамаддуний тараққиёт даражаси ва талабларига мувофиқ кечади. Бу маънавият юксалишининг объектив қонунидир. Мазкур қонун икки томонлама алоқадорликни ифодалайди.

 

Маънавият юксалиши қанчалик умумтамаддуний тараққиёт даражасига боғлиқ бўлса, тамаддун ривожланиши ҳам шунчалик маънавият тараққиётига боғлиқдир. Маънавият цивилизацияга акс таъсир кўрсатади. Бу, аввало, илм-фан, технологиялар, бошқарув демократлашуви, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ўсишига тааллуқли. Бундан ташқари, маънавият инсоннинг муайян мақсадни белгилашида, унга эришиш учун усул ва воситаларни эркин танлашида, қийинчиликларни енгиб, олға интилишида, яъни ирода, билим ва эътиқод кучида ҳам намоён бўлади. Ушбу ўзаро боғлиқлик барча замонлар, барча жамиятлар учун хосдир. Цивилизация ва маънавиятнинг тараққиёт даражалари бир-бирини тақозо этади. Бу боғлиқлик, алоқадорлик тасодифий эмас, зарурий, доимий, такрорланувчан ва бирламчи аҳамиятлидир. Шу сабабдан мазкур боғлиқлик ижтимоий тараққиётнинг маънавият юксалишига мансуб хусусий, аммо маънавиятнинг умумий қонунидир.

 

Маънавият ривожланишига ижтимоий-сиёсий муҳит, бошқарув режими, ҳуқуқни талқин қилиш ва қўллаш амалиёти кучли таъсир кўрсатади. Булар, маълумки, муайян тамаддун хусусиятларидан келиб чиқадиган ижтимоий ҳодисалардир.

 

Албатта, маънавиятнинг турли цивилизациялар шароитида, айниқса индустриал, постиндустриал жамиятда ривожланиши бир чизиқли – фақат юксалиш томон бўлган эмас. Зиддиятлар, иллатлар маънавиятга салбий таъсир этмай қолмаган. Жамият тараққиёти каби маънавият ривожланиши ҳам мураккаб. Гуллаб-яшнаш ва инқироз даврларини бошдан кечирган. Бир цивилизациянинг бошқа цивилизация билан алмашинуви маънавиятни тубдан ўзгартириб, янги эътиқодий, мафкуравий асосларга ўтказган. Бу ҳақда кейинги мақолада сўз юритамиз.

 

Абдураҳим ЭРКАЕВ

 

“Тафаккур” журнали, 2017-йил 3-сон.

“Маънавиятнинг уч қонуни (иккинчи мақола)”

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси