Аҳолиси 1700 нафар қишлоқ 50 мингга яқин овоз тўплади, мағлублар колаю пепси тарқата олмади – 2022 йилда “Openbudget” нималар билан ёдда қолди?


Сақлаш
09:10 / 04.10.2022 1673 0

Сўнгги ойлар Ўзбекистонда энг кўп жаранглаган сўзлардан бири “Openbudget” бўлди, назаримда. Кимўзарга овоз беришлар учун ўйлаб топилган турли усуллар бу лойиҳани анча машҳур қилиб юборди.

 

“Openbudget.uz” ўзи нима?

 

“Openbudget.uz” махсус аxборот портали бўлиб, асосий функцияларидан бири бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

 

Портал орқали  фуқаролар “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этиши, ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун таклиф билдириши, овоз йиғиб муаммо ечими учун маблағ ажратилишига эришиши мумкин. Бунинг учун порталда рўйхатдан ўтиш, таклиф қолдириш лозим.

 

Таклифлар туман/шаҳарда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 10 кун давомида кўриб чиқилади. Кейин порталга жойлаштирилиб, овоз бериш жараёни бошланади. Якунда ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва молиялаштирилади.

 

Энг ташаббускорлар Сурхондарёда

 

Охирги “Ташаббусли бюджет” жараёнида фуқаролар фавқулодда фаол қатнашди. Ўтган йили 1,1 миллион киши иштирок этган бўлса, бу йил 6,7 миллионга етди. Республикадаги маҳаллаларнинг 98 фоизи қараб олинди.

 

Таклиф бериш бўйича сурхондарёликлар пешқадам бўлди. Порталга келиб тушган 61 566 та лойиҳадан 22 фоизи ушбу вилоятга тўғри келди. Бу кейинги ўринлардаги ҳудудлар кўрсаткичидан икки баробардан ҳам кўп дегани. Бошқача айтганда, ҳар 5 та таклифдан бири Сурхон эли томонидан илгари сурилди.

 

1418 та лойиҳа молиялаштирилади

 

Молия вазирлигининг маълум қилишича, республика бўйлаб 61 566 та лойиҳа орасидан 1 418 таси ғолиб бўлган. Уларни амалга ошириш учун 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

 

Демак, жами таклифларнинг 2,3 фоизигина молиялаштирилади. Ҳар 100 та лойиҳадан 2 таси амалга оширилади, 98 таси эса, афсуски, рўёбга чиқмайди.

 

Икки йилдан бери ғолибмиз

 

Oyina.uz мухбири “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этган, айримлари ғолиб, баъзилари мағлуб бўлган фуқаролар билан гаплашди.

 

– Келинг, аввало, тизимнинг яхши томонларини айтишдан бошлай, – дейди самарқандлик фуқаро Баҳора Исломова. – Ўтган йили кўчамизга асфальт ётқизиш таклифи билан чиққанмиз. Бунинг учун бутун бошли қишлоқ ҳаракат қилди. Натижада энг кўп овоз тўплаб ютдик, асфальтлаш ишлари бошлаб юборилди. Тизим қишлоқ аҳолисини жипслаштирди, ҳамма бир организм бўлиб ҳаракат қилди. Қишлоқдошларнинг телеграм гуруҳи 24 соат тинмайди, ҳамма ёрдамга шошади, овозлар кўпайса бир-бирига раҳмат айтади... Умуман олганда, жараён қандайдир қизиқарли.

 

Бу йил эса қишлоғимиздаги барча кўчаларни асфальтлаш таклифини илгари сурдик. Ёшларимиз бирлашиб “ишчи гуруҳ” тузди, овозларни кечаю кундуз рўйхатдан ўтказишга кўмаклашди, тушунтириш ишлари олиб борилди. Улар учун зарур шароит қишлоқнинг саховатли инсонлари ҳомийлигида таъминлаб берилди. Кимдир кимдандир бир сўм пул йиғгани йўқ, хоҳловчилар бирлашиб ҳаракат қилди. Натижада эса туманимиздаги ташаббуслар орасида энг юқори ўринни олиб ғолиб бўлдик.

 

Овоз йиғиш жараёнида ноодатий ҳолатлар ҳам бўлди. Телеграм гуруҳимизга қўшни қишлоқдаги рақибларимиз яширинча қўшилиб олиб, телефон рақам ва СМС кодларни ўғирлаш каби ғайриоддий “шпион”лик ҳам кузатилди. Овоз кўпайтириш учун кимдир кола, кимдир ёғ тарқатди. Биз бу усулдан фойдаланмадик. Лекин охирги икки-уч кунда мажбур бўлдик. Чунки рақиблар ҳам зўр бериб ҳаракат қилаётган, жараён ҳал қилиш палласига кирган эди. Мен сизга аниқ фалон сўмлик нарса улашилди дея олмайман. Нари борса, 15-20 миллион сўмлик харажат қилингандир, лекин якунда бизнинг қарийб 1 млрд 200 млн сўмлик ташаббусимиз молиялаштириляпти.

 

Аввал айтганимдек, ҳеч ким бировни шу ишни қил деб мажбурламади, ҳеч кимдан пул талаб қилинмади. Ҳамма ихтиёрий, бир мақсад йўлида бирлашди. Биз ғолиб бўлдик, фаол ишлаган талабаларимизнинг тўлов-шартнома пулларини ҳомийларимиз тўлаб беришяпти. Мен шундай иноқ қишлоқда яшаётганимдан қувонаман. Энди қишлоғимизда асфальт бўлмаган кўча қолмайди. Келгуси йилларда бундан ҳам яхши, қишлоқ учун хайрли ташаббусларни илгари сурамиз, насиб бўлса яна ютамиз.

 

Ўзбекистон бўйича энг кўп овоз тўплаган таклиф

 

Йиғилган овозларга қарасак, қизиқ манзарага дуч келамиз. Порталда 36, 46, 50 тагина овоз билан ғолиб бўлган ташаббуслар ва, аксинча, 4-5 минг овоз билан юта олмаган лойиҳалар бор. Бу, албатта, ҳудудларнинг тизимдан хабардорлик даражаси, порталга ишончи, маҳаллаларнинг қанчалик фаоллиги ва жипслиги каби факторларга боғлиқ.

 

Республика бўйича энг кўп овозни Фарғона вилояти Данғара тумани “Санам” МФЙ Эски Шилдир қишлоғи аҳолиси йиғди. Нурафшон кўчасининг 3000 метрлик қисмини асфальтлаш ташаббуси нақ 49 минг 314 та овоз йиққан.

 

– Биз иккинчи марта ҳам республикада биринчи бўлдик, – дейди “Санам” МФЙ раиси Насиба Содиқова. – Фуқароларимиз жуда аҳил, шу боис ўтган йили ҳам ютганмиз. Гулбўйи қишлоғини асфальт қилиш бўйича ташаббус 19 мингдан ортиқ овоз йиғиб, республикада энг катта кўрсаткич билан ғолиб бўлган эди. Натижани эса одамларимиз ўз кўзи билан кўрди, тизимга ишончи ортди.

 

Бу йилги ташаббусимиз 50 мингга яқин овоз олишига халқнинг бирдам ҳаракат қилиши сабаб бўлди. Маҳалладаги 200 нафар йигитимиз 20 кун давомида тинимсиз меҳнат қилди. Ўзи, қишлоқда 1700 нафар аҳоли яшайди. Қўшни қишлоқлар ҳам бизга кўмаклашди. Ҳар бир хонадонда камида 4-5 тадан телефон бор, ҳаммасидан овоз берилди.

 

Ўтган сафар ушбу Эски Шилдир қишлоғимизнинг икки жойига светофор ўрнатиш ташаббуси ҳам ютган. Бу йилги ғалабадан кейин эса йўллар ҳам асфальт бўлади. Жараёнда бутун қишлоқ аҳолиси фаол қатнашди. Ишонаманки, одамлар ўзлари қаттиқ ҳаракат қилган ҳолда эришган ғалабалари маҳсулини қадрлайди, бунинг гашти бошқача барибир.

 

Биз колаю пепси тарқата олмадик

 

– Мактабимизда жиҳозлар билан боғлиқ муаммолар бор. Ўзим информатика ўқитувчисиман, ўқувчиларга компютерда ишлашни ўргатишим керак. Бироқ 2017 йили келтирилган техникалар носоз ҳолатда, зарур дастурларни кўтара олмайди, – дейди Кармана туманидаги 24-мактаб муаллими Мақсадой Ғойибова. – Ҳокимиятга, телевидениега чиқдим, раҳбарларимизга ҳам неча карра айтганман, бироқ наф бўлмаган. Уста чақириб тузатиб берилади гўё, яна бирор дастур ўрнатсангиз – эски ҳолат. Мисол учун, болаларга робототехникани ўргатиш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин бунинг учун зарур жиҳозлар жуда қиммат, биров ҳомийлик қилмаса, молия пул ажратмаса. Қуруқ гапдан кимга, нима фойда?

 

Хуллас, ўзимиз нимадир қилишимиз керак, дея раҳбарият билан маслаҳатлашиб, мактабимиз учун техник жиҳозлар, компютер тўплами, дарсларимизни янада қизиқарлироқ ўтиш учун интерактив доска ва ўқувчиларимизни касб-ҳунарга йўналтириш учун тикув машинаси тўпламини сотиб олиш лойиҳасини тизимга киритдик. Овоз йиғиш жараёнида анча қийналдик. Мактабимиз чекка ҳудудда жойлашгани учунми, негадир алоқа яхши бўлмади, тизим тузук ишламади.

 

“Openbudget”дан биз катта умид қилган эдик. Кимдир кола, кимдир пепси тарқатиб, баъзилар ҳатто пластик картага пул ташлаб бериб овоз йиғди. Таълим сифатини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳаларга келганда эса... Ҳатто баъзи мактаблардаги ҳамкасбларимиз эшикма-эшик овоз сўраб юрди. Ахир, биз педагогмиз-ку, тиланчи эмас. Тушунган одамлар порталга кириб, лойиҳалар билан танишиб, онгли равишда энг зарурини танлаб, овоз беришини кутган эдим...

 

Бундай ҳолат фақат бизда эмас, албатта. Кармана туманимиздаги бошқа мактаблар ҳам техник жиҳозлар, спорт зали қуриш, фаоллар залини қайта таъмирлаш каби таклифлар киритган эди. Айримлари ғолиб бўлди, баъзилари эса юта олмади. Тизим техник жиҳатдан янада такомиллаштирилиши керак. Баъзан ишламай қолди, порталга кўпчилик кирганда қотиб қолишлар бўлди.

 

Яна бир гап, мактаблар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун шундоқ ҳам бюджетдан маблағ ажратилади. Балки уларнинг оқилона сарфланишини яхшироқ назорат қилиш керакдир. Таълимга пул йўналтирилаётганда чекка ҳудудлардаги мактабларнинг муаммолари ҳам назардан четда қолмаслиги шарт.

 

Тизим ҳозирча мукаммал эмас

 

Ижтимоий тармоқларда “Openbudget” тизими билан боғлиқ жуда кўп фикрлар билдирилди. Овоз беришда порталнинг секин ишлагани, ташаббусларнинг жуда кам қисми молиялаштирилиши ва ҳоказо. Барча мулоҳазаларни кузатган ҳолда бир неча умумий хулосалар чиқариш мумкин.

 

Портал қишлоқ ва маҳаллаларимизда ечимини кутиб ётган энг муҳим, бирламчи муаммоларни кўрсатди. Ички йўлларни асфальтлаш, мактаб, боғча, шифохоналарни таъмирлаш ва жиҳозлаш, ичимлик суви таъминоти каби муаммолар кўлами анча кенглиги яққол намоён бўлди.

 

Натижа овозлар сонига боғлиқлиги ҳам бироз баҳсли. Тўғри, жараённинг шаффофлиги учун муҳим бу. Бироқ кимўзарга овоз тўплаш учун турли усуллар, сунъий овоз кўпайтиришга ҳаракатлар ҳам учраяпти. Оқибатда айрим долзарб муаммолар керакли овозни тўплай олмаслиги боис йиллар давомида ҳал этилмай қолаверади.

 

“Openbudget” жараёнидан кейин энг кўп эътироз маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятига нисбатан билдирилди. Ҳудудлардаги муаммоларни вақтида кўтариб чиқа олмаганликда айбланди. Ҳатто бунақа тепса тебранмас тузилмаларни тарқатиб юбориш таклифлари янгради.

 

Тан олиш лозимки, “Ташаббусли бюджет” тизимининг йўлга қўйилиши ортидан аҳолининг фаоллиги, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси ошмоқда. Фуқароларга турли идора ва каттаконларсиз ҳам муаммоларни ҳал этишга ричаг берилди.

 

Тизим такомиллаштирилиши ваъда қилинмоқда

 

Молия вазири Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, уч мавсум давомида билдирилган 100 мингдан ортиқ таклифлар асосида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ўрганишга ёрдам берадиган “очиқ маълумотлар базаси” шакллантирилмоқда.

 

Давлат раҳбарининг “аҳоли билан бамаслаҳат қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш” билан боғлиқ топшириқларига асосан “Ташаббусли бюджет” такомиллаштириб борилади.

 

Инобат АҲАТОВА

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси