“Миллат аҳил бўлса, боласи кўчада қолмайди!” – университет остонасида тунаётган талаба, ота-оналар ва ечимини кутаётган эски муаммо


Сақлаш
17:09 / 09.09.2022 913 1

Куз келиши билан пойтахт талабалар билан тўлиб-тошади. Кимдир кўрпа-тўшаги, кимдир кийим-кечаги тугилган тугунни кўтариб, бошқа биров қўлида даста-даста ҳужжатлар билан университет ректоратию ётоқхона ўртасида қатнаб кун ўтказади. Неча йилларки, талабаларни тураржой билан таъминлаш муаммоси мавсумий кўтарилади, ечимлар таклиф қилинади. Гарчи вазият ҳукумат даражасида ҳам муҳокама этилиб, зарурий чоралар кўриш топшириғи берилган бўлса-да, олий таълим муассасаларига квота оширилгани сайин масала янада долзарблашиб, сарсон талаблару ота-оналар сони ортиб боряпти.

 

 

2021 йил июнь ойида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган селекторда Президент Шавкат Мирзиёев талабаларнинг ётоқхона муаммосига тўхталган, қўшимча 149 мингта тураржойга эҳтиёж борлиги ва масалани тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкинлигини айтганди.

 

 

Шундан сўнг, 2021 йил сентябрида қабул қилинган ҳукумат қарори билан, республика бўйича давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) асосида ҳар бири ўртача 400 ўринли, 228 та талабалар тураржойи барпо этилиши белгиланганди. 2022 йили эса ҳудудларда 47 та ётоқхона қурилиши керак эди.

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар беришича, бугунги кунда республикада 60 та 30 890 ўринли талабалар тураржойи қурилмоқда. Давлат-хусусий шериклигидан ташқари яна 10 090 ўринли 21 та ётоқхона барпо қилиняпти... Аммо шу кунларда кўчада тунаб қолаётган, ётоқхонага жойлаша олмаётган толиби илмларнинг ҳануз кўплигини кўрарканмиз, мўлжалдаги ётоқхоналар қуриб битказилмагани аёнлашади.

 

 

Натижада бу йил ҳам ижтимоий тармоқ фаоллари одатдагидек муаммога турли ечимлар таклиф қилишга киришиб кетди. Жумладан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа Фейсбукдаги шахсий саҳифасида масала юзасидан пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқди:

 

“Йил сайин ОТМ кўпаймоқда, квоталар ошмоқда, талабалар тураржойлари, табийики, қурилиши бунга улгурмаяпти. Илгари 77 ОТМ бўлган бўлса, сўнгги 6 йилда 177 бўлди, талабалар 231 000 дан қарийб 800 000 нафарга ошди. Талабаларимизга уй-жой етишмаяпти, бор талабалар тураржойи деярли тўлди. Мабодо сизда, қариндошингиз, танишингиз ҳовлисида, хонадонида жой бўлса, ижарага беринг, савоб бўлади, илми толибга берсангиз. Солиқ тўламайсиз, уйингизга барака киради! Миллат жипслашади, қадриятлар тикланади! Миллат аҳил бўлса, боласи кўчада қолмайди!”

 

Таниқли журналист Аброр Зоҳидов ҳам ўз саҳифасида худди шундай таклиф билан чиқди. Бироқ ҳар икки мурожаат пости остида ўнлаб ташаббусни маъқуллаган, муаллифларни олқишлаган изоҳлар орасида атиги 11 нафар фойдаланувчигина талабаларга тураржой таклиф этган. Балки бошқалар қилган яхшиликларини ёзишдан ўзини тийгандир, деган яхши гумондамиз.

 

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эса масаланинг ечими учун қўлдан келгунича қўшимча чоралар кўрди. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги марказ масъуллари Тошкент шаҳрида 50 га яқин талабани ижара уйларига жойлаштирган. Бироқ бу ечим минглаб тураржойсиз талабалар учун урвоқ ҳам бўлмайди, афсуски.

 

Oyina.uz мухбири асл вазиятни ўрганиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб, талабалар ва ота-оналар билан суҳбатлашди.

 

Феруза Мусулмонова:

– Фарзандим “грант”га ўқишга кирганидан хурсанд бўлдик, аммо тураржойга қийналяпмиз. Фақат низом талабларига мос тушса, ётоқхонадан ўрин берилади, дейишган эди. Боқувчисини йўқотган тоифасига кирамиз, комиссиядан ўтишимизни кутяпмиз.

 

Сабина Усмонова:

– Кечки таълимга ўқишга кирдим, афсуски, “кечки”ларга ётоқхона берилмас экан. Шунинг учун кўчада қолмайлик, деб курсдош қизлар билан ижарага квартира топдик. Тўлов одам бошига ойига 600 минг. Бу биз учун қимматлик қилади. Камига, бир хонада олти қиз турибмиз. Кундузи ишлаб, ҳаражатларимизни қоплаймиз, дегандик, лекин иш ҳам тополмаяпмиз.

 

 

Шуҳрат Қурбонназаров:

– Қизим шартнома асосида ўқишга кирди. Келган кунимиз ишимиз битмади, кўчада тунашимизга тўғри келди. Пойтахтда бирор таниш ёки қариндошимиз йўқ. Ётоқхона олиш учун комиссияга ҳужжатларни топширганмиз. Аммо ҳал бўлишига кўзим етмаяпти. Агар жой ололмасак, қизимни олиб уйга қайтаман, деб турибман. Чунки ўзим ҳам Хўжанд давлат университетида шартнома асосида ўқийман. Тошкентда ижара нархи ўртача 100 доллар экан, бунга бизнинг қурбимиз етмайди. Ўзим ҳам, хотиним ҳам ҳеч қаерда ишламасак, қандай тўлаймиз бу пулни. Ота-бола бошимиз қотиб ўтирибмиз.

 

Афсуски, масаланинг ечими фақатгина университетлар билан ҳам боғлиқ эмас. Улар ҳам талабалар тураржойидаги мавжуд хоналаргагина, махсус мезонлар асосида талабаларини жойлаштира олишади. Рўйхатга мос келмаганлар эса бошпанасини ўзлари топишларига тўғри келади.

 

Орифжон Олимжонов,

Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси:

 

– Университетимиз ётоқхонаcи 672 ўринга мўлжалланган. Аввало, энг оғир шароитдаги ўқувчиларимизни жой билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Хоналар биринчи галда чин етимлар, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган, “Темир дафтар”да турувчи, оиласида икки ва ундан ортиқ шартномада ўқийдиган бўлган талабаларга берилади. Бу мезонларга мос тушмайдиган, лекин шароити чиндан оғир бўлганларга жой топиб бериш тюторларга юкланган. Улар қўлимизда базаси шакллантирилган ижара уйларнинг эгалари билан шартнома тузиб, йигит-қизларни жойлаштиряпти. Президент қарорига кўра, шароити оғир талабаларга давлат бюджетидан ижара пулининг 50 фоизи, 300 минг сўмдан ошмаган миқдорда тўлаб бериляпти.

 

 

Шу каби ечимлар, ҳаракатлар билан бир неча кунлардан сўнг таълим даргоҳларида ҳаммаси ўз изига тушиб, ҳаёт давом этади. Омади чопганлар ётоқхонага, қолганлар ижара уйларга жойлашади, кимлардир вилоятга қайтиб кетади ҳатто. Лекин ҳар йил сентябрда бу мавзу қайта бўй кўрсатаверади. Боиси, пойтахтга ўқишга келувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда, тураржой эса етарли эмас, транспортлардаги тиқилинчликлар-ку яна бир муаммо.

 

 

Вилоятларда университетлар етарли бўлиб, таълим сифати ҳам оширилса, абитуриентлар имкон қадар уйига яқин масканларда ўқишни истаган бўларди. Хусусий университетларни фақатгина пойтахтда эмас, ҳудудларда ҳам очиш муаммо ечимига маълум даражада ёрдам беради. Фарзанди билан Тошкентга келувчи ота-оналар учун эса ҳамёнбоп хостеллар, меҳмон уйлари таклиф этилса, кўчадаги сарсонгарчиликларга чек қўйиларди, балки. Албатта, айтишга осон, аммо сифатли таълим, билимли кадр, ёрқин келажак истар эканмиз, илм талабидаги ёшларни кўчада қолдирмаслигимиз керак.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

Oyina.uz

Фото: Xoлида МУСУЛМОНОВA

 

1 Изоҳ

Nazira

06:01 / 01.01.1970

Aholi uchun qancha turar joylar qurilmoqda.Talabalar uchun qachon yetarli o'rinli yotoqxonalar quriladi.Farzandlarimiz qiynalishyapti.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси