Ахлоқ моҳиятан меҳвар – маънавий қадриятлар унинг атрофида айланади


Сақлаш
10:08 / 16.08.2022 1212 0

Инсон фаолиятининг қай бир жиҳатига қараманг, маънавиятнинг бирламчи пойдевори бўлмиш ахлоқ муҳим аҳамият касб этади. Маънавият ва ахлоқ ривожи ўзаро алоқадор жараёндир. Маънавиятсиз ахлоқ, ахлоқсиз маънавият бўлмайди. Улар бир-бирини тақозо этади, бир-бирини тўлдиради. Файласуф олим Абдураҳим Эркаев таъкидлаганидек, маънавиятнинг асоси ҳам, унинг қуббаси ҳам ахлоқдир.

 

Ахлоқ ҳам шахснинг, ҳам ижтимоий гуруҳлар, табақалар, синфлар, бутун жамиятнинг ўз-ўзини идора қилиш шакллари ва меъёри, ўзаро мулоқот ва муносабатларини тартибга солиш, бошқариш ҳамда уларга хос бўлган маънавий камолот даражасининг намоён бўлишидир.

 

Маънавият – яхлит бир тизим. Бу тизим ўз навбатида ижтимоий онг шаклларига мос келади. Бу тизим ҳуқуқ, сиёсат, дин, ахлоқ, эстетика, адабиёт, санъат, фан каби нисбатан мустақил тузилмалардан ташкил топган. Уларнинг ҳар бири ўз қонуният доирасида шаклланиб, ривожланиб, бир-бирини тўлдириб боради. Ўз навбатида маънавият яхлит тизим сифатида таркибий қисмларига таъсир ўтказади, шу билан бирга қисмлар ҳам яхлит тизим – маънавиятга таъсир қилади. Маънавиятга жамият тараққиётининг қуйи поғоналарида илм-фан, адабиёт ва санъатга нисбатан кўпроқ ахлоқ, дин таъсир кўрсатади.

 

Инсон маънавий онги ахлоқий ҳис-туйғулардан “униб” чиқади. Яъни инсонпарварлик, ватанпарварлик, раҳм-шафқат, иззат-ҳурмат, бурч, уят, ғурур, ор-номус, виждон азоби, миннатдорлик, завқ-шавқ, хурсандчилик, бахт, хафагарчилик, қўрқув каби ҳис-туйғулардан ахлоқ бошланади. Ахлоқий ҳис-туйғулардан ташқари, гўзаллик, эркинлик, тенгҳуқуқлилик, нафс, ҳирс, шайтон васвасаси, савоб-гуноҳ ва бошқа диний туйғулар ҳам инсонга хосдир. Ўз навбатида инсон ҳиссиётни ақл ва тафаккури ёрдамида бошқаради, таҳлил қилади, баҳолайди. Шу ўринда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрини келтириб ўтиш жоиздир: “Аслини олганда, ахлоқ – маънавиятнинг ўзаги. Инсон ахлоқи шунчаки салом-алик, хушмуомалаликдан иборат эмас, ахлоқ – бу аввало, инсоф, адолат туйғуси, иймон, ҳалоллик дегани” (Ислом Каримов. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1996. 39-бет).

 

Ахлоқ фақат туйғулар билан чекланмайди. У ахлоқий тушунчалар, ғоялар, қарашлар, таълимотлар, меъёрлар ва қоидалардан ҳам иборат. Улар кишиларнинг ўзаро ва жамиятга бўлган муносабатларини тартибга солади. Абдулла Авлоний ёзганидек, “Ахлоқ инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илмдир. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладургон китобни ахлоқ дейдилар” (Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. Тошкент, 1995. 15-бет). Таъкидлаш лозимки, ахлоқий муносабатлар яхлит ахлоқий онг, яъни ахлоқий ҳис-туйғулар ва ахлоқий тафаккур иштирокида юзага келади.

 

Масалани ахлоқий онгда ҳис-туйғулар етакчими ёки ақл тарзида қўйиш, бизнингча, тўғри эмас. Айримлар ўз ҳаётий тажрибаларига таяниб тафаккурга устунлик беради, яъни ақлни ҳис-туйғудан устун қўяди, бошқалар эса кўнгилни, қалбни бирламчи деб билади. Аслида ахлоқ пойдеворида ахлоқий туйғулар, кечинмалар туради. Аммо пойдевор ҳали бино дегани эмас. Шу боис ахлоқда ва умуман, маънавиятда ҳис-туйғулар етакчими ёки тафаккур деган масала бир оз жўн. Аксар ҳолларда бирор ахлоқий қарорнинг амалга ошуви муайян вақт мобайнида ўша қарор оқибатлари тўғрисида онгли равишда хулоса чиқаришга, уларни аввалдан англаб етишга уриниш билан боғлиқ. Одоб-ахлоқ қоидалари ўз­ўзидан вужудга келмайди, балки уларнинг сабаблари ва ҳаракатга солувчи омиллари мавжуд. Зеро, ҳар қандай ахлоқий қоида муайян тарихий зарурият натижасида вужудга келади ва муайян қонуниятлар асосида яратилади, ривожланиб боради. Мазкур жараён фалсафа, этика, педагогика, психология фанлари ҳамда адабиёт доирасида ўрганиб келинган. Шарқ халқларида ахлоқ ижтимоий муносабатлар марказида туради. Уни четлаб ўтишга интилиш ҳар қандай мафкурани таназзулга олиб боради.

 

Шу ўринда ахлоқнинг маънавият тизимидаги “ўзак”лик хусусияти ҳақида батафсилроқ тўхталмоқ жоиз, деб ўйлаймиз. Негаки, ахлоқни моҳиятан меҳварга ўхшатиш мумкин, қолган маънавий қадриятлар унинг атрофида айланади, ундан узоқлашдими, бас, меҳвардан чиқиб кетган сайёрадек ҳалок бўлади. Масалан, Ғарбда капиталистик муносабатларнинг ривожланиш жараёнида анъанавий ахлоқий қадриятлар иккинчи ўринга тушиб қолди. Бунга сабаб, Ғарб олимларининг таъбири билан айтганда, индустриал жамиятда тизгинсиз бешафқат рақобат, ёввойи табиат қонунларига ўхшаш кураш, “юлғичлик” тадбиркорлигининг юзага келиши бўлди. Инсонларнинг мол-мулкка бўлган ҳирси ошиб борди. “Ишбилармонлар” иқтисодий зўравонлик, қаллоблик, ёлғон каби турли-туман йўллар билан ишчиларни эксплуатация қилиб, фойда оларди. Инсон ҳаёти, қадр-қиммати билан ҳисоблашмай қўйганди. Натижада жамиятда ахлоқий меъёрларга эътибор сусайиб кетди. Мумтоз ахлоқий меъёрларга одамларда ишонч сусайди. Шафқатсиз эксплуатация шароитида маошларни ошириш, иш кунини қисқартириш, тақсимотдаги адолат, ишчи-хизматчилар ҳуқуқи масалалари биринчи ўринга чиқди. Индустриал жамиятда ҳуқуқ, кўп ҳолларда формал тушуниладиган инсон ҳуқуқлари, ижтимоий онг ва маънавий ҳаётда ахлоқ ўрнини эгаллади. Бу эса оила, никоҳ, гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалаларда кучли зиддиятлар, салбий ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлди. Бунинг оқибатида жамиятнинг маънавий қиёфасида қора доғлар пайдо бўлди. Ижтимоий ҳаётнинг айрим соҳалари – иқтисодиёт, фан-техника тараққиёти, сиёсат кабиларнинг ахлоқий қадриятлардан мустақиллиги ҳақидаги иддаоларнинг хатолигини уруш ўчоқларининг кўпайиб бориши, технократик қарашларнинг ҳукмрон мавқеини эгаллаш, инсон ҳуқуқларини бирёқлама талқин қилиш оқибати ўлароқ вужудга келган маънавий инқирозлар – гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, уюшган жиноятчилик, миллатчилик, шовинизм, биржинсли никоҳлар, халқаро терроризмнинг авж олиши ва шу каби бошқа иллатлар тасдиқлаб турибди.

 

Баъзи мутахассислар (чунончи, машҳур рус ахлоқшуноси А.Титаренко) ахлоқшуносликнинг энг умумий фундаментал тушунчаларини (категорияларини), ахлоқий меъёр ва тамойилларни ахлоқ тузилмаси тарзида тақдим этади. Бизнингча, бу фикр бирёқлама. Чунки мазкур тушунча, тамойил ва меъёрлар нафақат амалий ахлоққа, шунингдек, уни ўрганадиган фанга – ахлоқшуносликка ҳам тааллуқлидир. Бунинг сабабини мазкур фаннинг бошқа фанларга нисбатан алоҳида хусусиятга эгалигидан, унда кўп ҳолларда илмий, назарий жиҳатларнинг амалий томонлар билан омихталашиб кетганидан қидириш лозим.

 

Ахлоқий онгнинг инсон ҳаётида, фаолияти давомида предметлашиб, яъни амалиётга айланиб, фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб қолиши натижасида ахлоқий маданият юзага келади. Ахлоқий маданият инсон хулқ-атворида, унинг амалий ва ижодий фаолиятида, ўзгалар билан муносабатида юзага чиқади.

 

Хулоса қилиб айтганда, ахлоқий онг ва ахлоқий маданият инсон маънавий камолотининг етакчи омилидир.

 

Гулзода Раҳмонова

 

“Тафаккур” журнали, 2017 йил 4-сон.

Маънавият ва ахлоқ” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси