Қўрқмай яшаш завқи


Сақлаш
11:08 / 12.08.2022 1344 1

“Орзуларим билан қоламан!”

 

Қадимги юнон тарихчиси Плутархнинг “Искандар Мақдунли” асарида буюк жаҳонгир ҳаётидан шундай бир мисол келтирилади.

 

Жангу жадал билан ҳинд тупроғига етган оламгир илк марта ҳайратда қолди. У ўз лашкари билан бошкенти-ю атрофдаги қишлоғу овули ўта қашшоқ бўлган бир ўлкага дуч келган эди. Оддий аҳоли нари турсин, ҳатто ҳоким ҳам Искандарнинг оддий ўнбоши аскарича бойликка эга эмас экан. Бошқа жойлардагидан фарқли ўлароқ, бу юрт жангсиз таслим бўлади. Ҳоким Искандарни бир кунлик йўлга чиқиб, иззат-икром билан қарши олади. Атроф-жавонибдаги кишиларнинг бундай қашшоқ ҳаётини кўрган жаҳонгир лашкарлари билан ярим дунёни забт этиб орттирилган бойликнинг ўзига тегишли қисми – етти арава олтин-кумушни аҳолига ҳадя қилиб юборади.

 

Не ажабки, ҳамёни бўм-бўш подшоҳ! Бу ҳолдан ҳайрон бўлган унинг яқин аъёни, дўсти, икки бор Искандарни ўлимдан сақлаб қолган Клит шоҳга юзланиб дейди:

 

– Сен қандай шоҳ бўлдингки, бир зарра олтинсизсан? Ҳараминг ва ўзингни ўйламадинг. Энди хизматкорларинг сени тарк этади. Ким билан қоласан?

 

Искандарнинг Искандарлигини англатувчи буюк жавобни тингланг!

 

Филип шоҳнинг ўғли дейди:

 

– Орзуларим билан қоламан!

 

Жараён оқимидамиз!

 

Ўзбекистон мустақилликка эришган паллада мамлакатнинг 19-20 миллион аҳолиси бор эди. Ҳозир 35 миллиондан ошди. Орада 30 йил вақт ўтди. Тошкентга бориб кўрмаган одамларимиз уммон ортига ҳам йўл тортмоқда. Россия, Қозоғистон, Туркияга бориш, ишлаш, пул топиб келиш эса сўз устаси Ҳожибой атганидек, “ўзимизнинг Хитой қишлоқ”қа боришдек жўн гап бўлиб қолди.

 

Рус шаҳарларида ўзбекларнинг мавзелари пайдо бўлди. Бунинг ижобий ё салбий жиҳатларига баҳо бермоқ пайида эмасман. Бу – дунёни қамраб олган жараён. Бу – одамзотнинг ижтимоий торнадо сабаб пайдо қилган гирдоби. Бу – музлик даврида жониворларнинг буюк кўчишига ўхшаган ҳодисалар тизими. Биз Европага, Америкага, Осиёнинг йирик мегаполисларига талпинаяпмиз. Туркия, Япония, Жанубий Кореяга, Арабистон шаҳарларига интилаяпмиз. Улар эса ўз навбатида ўзга манзилларга кўз тикмоқдалар. Нега?

 

Жавоб бундай: одамзот ҳашамга муккасидан кетди. Одамзот бодилашди, бетоқат ва қаноатсиз бўлиб қолди. Қизишмай гапни эшитинг, азизим. Биз муҳтож ё қашшоқ эмасмиз. Биз бир кунлик таоми бўлса, шукур қилиб, эртанинг иқболини Аллоҳга таваккал қилган сарзамин диёр, боболари худони таниган миллат эдик-ку! Бугун эса айтар оғизга шундай бўлиб қолдик. Биз бойияпмиз, лекин хасис бўлиб бойияпмиз. Қўй сўйсак, ночор қўшнини унутиб бойни дастурхонга чорлаймиз. Ризқни Тангри таоло улашишини унутаяпмиз. У зотга мунофиқлик билан ҳамд айтсак ҳам хаёлимиз ҳамроҳимизнинг чўнтагидаги тиллонинг шиқир-шиқирида туради. Шу боис ХХI аср кишиларини тақдир сарсон қилиб қўйди. Бу жараённи ҳеч бир давлат ё халқаро ташкилот тартибга сололмайди. Дунё қоришиб кетди. Халқлар аралашуви ҳадди аълосига чиқди. Ойга кетишга пул йиғаяпмиз. Кўҳна қитъа, анчагина ўзига тўқ, маданий Европада ҳам мигрантлар масаласи, АҚШга кўчиб кетаётган қитъа аҳолисининг қисмати муаммо даражасига етилиб келди.

 

Бироқ гап бошқа нарса ҳақида. Яъни, қўрқмай яшаш хусусида. Қўрқмай яшаш деганда Афғонистондаги каби ҳаётини асраб қолиш учун ўзга жойлардан бошпана излашни назарда тутмаяпман. Оддий, жимжималарсиз, уларга интилмасдан, нафс қутқусидан озод бўлиб яшашни айтмоқчиман. Искандар айтганидек, орзу билан ҳам яшаш мумкинлигини айтмоқчиман.

 

Орзуга қорин тўядими дегувчи одам кўп, аммо ҳаёт қорин ва уч қаватли уйдан ёки эртага нонни қаердан топсам экан деган қўрқувдан кўра теран ва маънолироқ эканини тушуниб етмоқ керак.

 

Олти йилдан бери бир уйни тугал битиролмай, ўн беш йилдан бери хорижда юрган, онаси вафот қилганда жанозага етиб келолмаган, аммо ўғлини уйлантирганда ўша тўлиқ битмаган уйнинг келин тушадиган хонасини пардозлаш учун бир “Ласетти”нинг пулини тиккан, уйининг ҳажми 25х18 қадам бўлган бир кишини танийман. У тўй ё маърака қилса энг катта меҳмони маҳалла раиси ёки Тошкентдан бориб қолсам – мен бўламан. Ўн беш йилдан бери хорижда, қўли гул уста, ошпаз, сартарош, яхши инсон, аммо ўн дақиқа одамга ўхшаб гаплашиб ўтиролмайсиз. Ташвиши бошидан ошиб-тошиб ётибди. Уйининг томига 420 та шифер кетибди, келин тушган хонада тўрт хил алмашиб ёнадиган чироқлар, хоразм гиламлари... Ҳаммом, ошхона томони ҳали хом ғишт ҳолида турибди, қумсувоқ қилиш керак, пардоз-андоз, буёғи қиз ҳам узатадиган ёшга етиб кулибгина турибди. Қўллари қадоқ бу қизгинани парвардигор пиёз пайкалнинг ичида ўт юлиб йитиб кетсин деб яратмагандир!?

 

Додлаб юборгим келади. Одамларимизнинг феълидаги нафс қўрқувининг ваҳшатидан юрагим оғрийди. Бечора ҳамқишлоғимнинг қулоғига менинг биронта гапим кирмайди. Унга пул керак, кўп пул... “Васвасаген!”.

 

Юртнинг ҳар буржига турли сабаб билан бориб-келиб тураман. Ҳамма қишлоқ ва шаҳарларда ҳам аҳвол бир хил – одамларнинг калласига шундай бир ваҳима ин қуриб олган. Тўғри, ажойиб уйлар, яхши машиналар, қулай яшаш тарзи... ҳаммаси керак. Уруш йилларидан кейинги хароб ҳаётни мен ҳам истамайман. Лекин бу ўринда жуда катта, аслида энг катта хазинани бой бераяпмиз. Бу – ёшлар! Қуш уясида кўрганини қилади. Уйда ҳам, мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам болалар ҳавас қилаётган нарсалар фақат моддият бўлиб қолмаслиги керак, оғалар!

 

– Россияда икки ака-ука уч йил ишлаб келиб, “Малибу” олди. Қойил!

 

– Фармон аканинг уйига коллежимиздан ҳам кўп пул кетган. Қаердан топди бунча пулни?

 

– Ие, ўтган йили уч ўғли ойига 1000 доллардан пул юборди Кореядан...

 

– Ўғлим, бу йил пиёзга яхши қаранглар, биз ҳам уйни янгилайлик. Бобонг замонидаги уйда қопкетдик.

 

– Ўғлим, шу Шаҳнозанинг кўнглини топ, сенга тегишга розилигини ол. Қайнотанг туманни ушлаб турган одам бўлади. Пичоғинг қуйруқ устида деявер кейин...

 

Болалик, ўсмирлик, йигитлик, ор-ғурур ўғирланаяпти. Севги сувга оқаяпти, туйғулар андармон ҳолида ҳисоблашилмай ботин бўлиб кетмоқда. “Хорижда ҳожатхона ковласанг ҳам майли, катта пул топсанг бўлди – бошқаси бекор!”.

 

Мен орзулаётган озод, қўрқмай яшайдиган одамлар қандай бўлса эди?!

 

Қаноатли, ғурурли, Ҳақни таниган, пулсизлик асло ғамгин қилолмайдиган одамлардир улар! Йўқчилик ҳам, синовлар ҳам Ҳақни танимаган кимсани ғуссага кўмади. Бунинг устига бундай одам ҳеч қачон катта бойликдан ҳам ҳаловат тополмайди.

 

Ҳақни таниган одам доим шодмондир.

 

Шу аснода устоз Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери” ҳикояси эсга тушади. Нақадар бардошли, қаноатли, кенгфеъл ўзбеклар. Менимча, ундай ўзбеклар ўша ҳикояда сақланиб қолди-ёв. Миллатнинг тарих музейига экспонат бўлдикми ҳали?! Шундай тоб ташлаб қолаяптими бу улус?!

 

Сезаяпман, азиз журналхон, ичингиз саволга тўла. Ушбу сўроқларни тахминан тинглаб ҳам турибман.

 

– Нима, ўзбекнинг уйида ҳаммом бўлмаслиги керакми? Одамга ўхшаб машина минмасинми?

 

– Ўзбек уч қаватли уй қурса, нима айб?

 

– Катта пул топса нимаси ёмон?

 

Жавобим битта:

 

– Ўзбек ҳашамдан олдин ғурурини тикласин! Йиллаб йиққанини 500 кишилик тўйда совурмасин! Бир хонали уйнинг пардози учун кетадиган пулга машина бераётган бир пайтда поездга осилиб Россияга бормай, машина олсин! Оиласини миндириб, Имом Бухорийга зиёратга келиб кетсин! Ҳаётнинг завқини туйсин! Ўзбек жонигаям ачинсин ахир!

 

Ҳозир устадан кўпи йўқ! Қўшни билан оғизбирликда ҳашарлашиб, мўъжаз ҳаммом тикласин! Ишни тугатгач, лой супага чиқиб олиб келин сузиб келган ошни есин! Ўтган-кетгандан гурунгни урсин! Майли, бирор тўрт-беш қўл шахмат ҳам ўйнасин. Бирининг уйидан иккинчиси пешонаси терлаб, лўмбиллаб чиқсин!

 

Ўзбек “Эртага нима қиламиз, бир қоп буғдой қопти, ўғлим? Тошкентга бориб бир ой ишлаб кел, мактаб ҳам бир гап бўлар” демасин!

 

Аксинча, “Болам, ўқишга зўр бер! Тежаброқ ишлатсак, буғдой ўримга етамиз. Ойқашқа сигиримиз ҳам ҳадемай туғади – сут-қатиқ мўл бўлади. Сен ўқи! Катта одам бўл! Элга нафинг кўп бўлсин!” десин!

 

 

“Шунча йиққан бойлигим – данғиллама уйим, машиналар – ҳаммаси сеники! Отангнинг даврида қандингни ур!” демасин!

 

Бунинг ўрнига янги ўзбек пулдори “Шароитни қилдим! Энди сиздан талаб – ўқиш ва ҳунар ўрганиш! Дунёга чиқадиган одам бўлиш! Кунлик ҳисоб берасиз бизга!” десин!

 

“Ҳа, бу ватан масаласи” десин! Деёлсин!

 

Ўзбек ҳаққини танисин. Ҳуқуқини билсин! Ҳақ бўла туриб ҳам меровланиб, елкасини қисиб турмасин! Маҳалла раиси бекорга маҳалла раиси эмас ёки ҳоким барибир ҳоким-да деб хушомадга юз бурмасин! Ўзини танисин! Умумманфаати деган муқаддас тушунчани кир оёқ билан топтамасин! Мустақиллик воқеасига шубҳа билан қарамасин! Боболари уй эмас, давлат қурган халқ фарзанди эканини унутмасин!

 

Бир-биримизни соғинайлик...

 

Мен ўқишга кирган 1999 йилда ўнта талаба шартнома асосида ўқишга кирди. Шуларнинг олтитаси ўқимади, ўқишни ташлаб кетди. Қийин эди, пул йўқ эди. Нон анчагина тотли эди. Ҳозир олтита талабанинг пулини суперконтрактга тўлаётган ота ҳам замондан нолийди.

 

“Замондан нолиманг! Замоннинг эгаси менман!” деган парвардигор! Биз ўтган йигирма йилда “пул бўлса – чангалда шўрва, пулсиз ҳеч нарса битмайди” деган ақидани миясига сингдирган авлодни жамиятга чиқариб юбордик. Бу – фожиа! “Пул бўлмаса ўқишга кириб бўлмайди. Пул бўлмаса ишга жойлашолмайсан. Пул бўлмаса биров қизини бермайди!”. Шу фикрлар билан улғайган авлод бугун ота бўлди, она бўлди. Ва гангиб қолди. Кўзи оч бўлиб катта бўлди улар. Энди эса кимўзар бошланди. Гаплашадиган одам қолмаяпти.

 

Ахир ҳашар билан уйлар битар, тўёна билан тўйлар ўтар, бир қозон ош ҳаммага етар эди-ку?

 

Қани ўша ўзбек? Мен ўша ўзбекни, эркин, озод, кенгфеъл, ҳар қандай ҳолатда миллати шаъни учун кураша оладиган, енгилсаям бош эгмайдиган ўзбекни соғиндим.

 

Хулоса

 

Болаларни, ўсмирларни қўрқитмайлик! Бу сарзамин диёрда, икки дарё оралиғида қанчалар очарчилик, қаҳатчилик бўлса ҳам одамларга меҳр-оқибат таянч ва қувват бўлган. Темур бобо бекорга Самарқанд шаҳрига Дониёл алайҳиссаломнинг жасадини келтириб кўммаган! Халқни Оллоҳнинг пайғамбари ер остидан туриб ҳам дуо этиб туради.

 

Биз энди ғурури бўйидан баланд авлодларни тарбия қилайлик!

 

Шодмонқул САЛОМ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.

1 Изоҳ

Азамат

06:01 / 01.01.1970

Ассаломуалайкум, дустим Шодмонкул жуда таъсирли чикибди. Хак гапни ёритибсиз, ижодизни кузатиб бораман ОМАД. Сизни ОНАМ хар куни дуо киладилар.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси