Оила – занжирбанд қилувчи, фарзанд – роҳатни бузувчи, ота-она кераги бўлмай қолганлар(ми) ёхуд “оммавий маданият” қандай қарашларни тарғиб қилмоқда?


Сақлаш
17:08 / 05.08.2022 980 0

Президентимиз Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқида Қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак. Жондан азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик, истеъмолчилик кайфиятидан асрашимиз зарур. Бундай салбий ҳолатларни бартараф этишда барчамиз, аввало, сиз, азиз ёшлар фаол бўлишингиз керак”, деб таъкидлаган эди.

 

Бу гаплар бежиз айтилмади. Бугунги кун ёшларини йўлдан урадиган зарарли ғоялар кўпайиб, ахборот кўлами ва тарқалиш тезлиги ошган даврда уларга қарши курашиш янада мураккаб бўлиб бормоқда.

 

Баъзан Ғарб, баъзан Шарқдан кириб келаётган, ҳақиқий маданиятга алоқаси кам, “Оммавий маданият” аталмиш маданиятсизликка тарғиб этувчи “янги тушунчалар” аксар ҳолларда ёшларимизни бир тусга, бир қолипга, бир хил кўринишга келтириб, бир хил фикрлашга, бир хил турмуш тарзига одатлантирмоқда. Улар ёшларни урф-одатларимиз, менталитетимиздан юз ўгиртиришга, ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ”ни “қора” деб ўргатишга ҳаракат қилмоқда. Афсуски, кўп ҳолларда “оммавий маданият”нинг зарарли таъсирига айрим ота-оналар ҳам, тарбиячилар ҳам қарши тура олмаяпти. Бирники мингга деганларидек, бу таъсир бутун жамиятимиз учун хатарли бўлиб, у бир кунда ўзининг қиёфасини намоён қилмайди, бир кунда асоратини кўрсатмайди. Балки йиллар давомида маънавиятимизни, маданиятимизни емириб боради. Қадриятларимизни писанд қилмайдиган, ғарб анъаналари ва ҳаёт тарзига кўр-кўрона тақлид қилувчилар сони ортиб боради.

 

Ҳинд халқининг буюк фарзанди Маҳатма Гандига “Глобаллашув жараёнига Сизнинг муносабатингиз қандай?” деб, савол билан мурожаат қилишганда, у шундай жавоб қайтарган: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки уйимни чанг-тўзон босиб кетишини хоҳламайман”. Гандининг айтган “чанг-тўзон”лардан бири “оммавий маданиятдир”.

Ушбу “маданият” тарғиб ва талқин қилаётган қарашларнинг таг замирида қуйидаги омиллар мавжуд:

 

Исрофгарчилик бойлик, тўкин-сочинлик, ҳашамат, дабдаба белгиси;

 

Ёшлик лаззатланиб, роҳатланиб, ўйнаб, кулиб, ҳар хил бебошлик, бемаънигарчилик, номақбулчиликлар қилиб қоладиган ва қилиниши керак бўлган вақт;

 

Вафо, садоқат – ўтмиш замонлардан қолган, умуман қизиғи, кераги, фойдаси йўқ эскилик сарқитлари;

 

Ҳаё, ибо ўз ҳуқуқини билмаслик, ортиқча тортинчоқлик, кераги йўқ мавҳум тушунчалар;

 

Яхши ота бола қўлига истаганча пул бериб қўйиб, барча хоҳиш-истакларини рўёбга чиқарадиган, улкан имкониятлар яратиб берган яхши шерик;

 

Оила шахсга хоҳлаган ишини қилишга тўсқинлик қилувчи, бемаъни, кераксиз мажбуриятлар юкловчи, кўнгилхушликларини, кайф-сафосини, эркинлигини бўғувчи, беш кунлик дунёда яйраб, ўйнаб қолиш керак, деган ақидага ғов бўлувчи исканжа, занжир;

 

Хиёнат инсон замонавийлигининг ёрқин намояндаси, “занжирбанд” бўлган инсонга етишмоқ, озод севги тантанаси, ғалабаси;

 

Худбинлик ўзининг ҳузур ҳаловатини ўйлаб, мазза қилиб ўзи учун яшашдир. “Занжирбанд” қилувчи оила, роҳатни бузувчи фарзанд, кераги бўлмай қолган ота-она учун умуман қайғурмаслик.

 

Бу омиллар инсон ҳаётига зеб бермайди, аксинча, уни издан чиқаришга хизмат қилади. Бу каби иллатлар бизнинг халқимиз менталитетига зид, ота боболаримиздан мерос шарқона тарбиямизга душман бўлган қарашлардир.

 

“Оммавий маданият” ўзи нима” деган саволга, бу ҳамма учун бир хил кўринишдаги, бир хил қолипдаги, ўзини, ўзлигини йўқотиш эвазига эришилган бир ҳолатдир, дейиш мумкин.

 

“Оммавий маданият”нинг баъзи бир кўринишларига тўхталиб ўтамиз:

 

Старизм – субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, машҳур инсонлар, телевидение ва радио бошловчиларини илоҳийлаштириш.

 

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш. Бу каби амаллар миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам мутлақо тўғри келмаслигини ёши катталар мунтазам такрорлашади. Тарихий китобларда ёзилишича, татуировка ашаддий жиноятчилар учун жазо воситаси ҳисобланган. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан биз ўзимизни ва энг асосийси, фарзандларимизни асрашимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

 

Зўравонлик бу инсонга етказиладиган ҳар қандай жисмоний, маънавий, руҳий, моддий тазйиқлар сирасидан жой олади. Жумладан, ўзига нисбатан тазйиқ ўтказиш ҳам зўравонлик саналади. Бундай ҳолатлар ҳозирги кунда кенг авж олиб бормоқда. Унинг намойишлари ҳам турлича бўлиб, булар:

 

Хеппининг (ваҳшиёна кўнгил очишлар). Бу каби воқеалар бизнинг мамлакатимизда деярли кузатилмайди. Лекин “оммавий маданият”нинг маҳсули бўлган филм ва ўйинларнинг сарҳадларимиздан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларнинг ёш авлод томонидан қабул қилиниши туфайли Ватанимизда ҳам хеппининг пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз даркор.

 

Нигилизм лотинча ҳеч нима, ҳеч нарса сўзидан олинган. Нигилизм жамиятнинг ахлоқий, маънавий меъёр ва устунлари, умумэътироф этилган тарихий ва маданий қадриятларнинг инкор этилиши, шунингдек, уларга нисбатан мутлақо салбий, ўта танқидий муносабатда бўлиш; муайян ҳодисага бир ёқлама, келишувни рад этган тарзда муносабат билдириш; бузғунчилик ғояларини ўзида ифодалаш ва тарғиб қилиш.

 

Дунё ҳақидаги ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига олувчи таълимотлардан яна бири скептицизмдир. У билим, тажрибадан кўра, ҳиссий идрокни устун қўйиш ва шу асосда иш тутиш, яъни ўз ҳис-туйғулари асосида иш кўришни энг мақбул йўл деб билишдир.

 

Вандализм маданий ёдгорликларни, қадриятларни ваҳшийларча вайрон, оёқ ости қилиш, йўқотиш; маданиятсизлик, жаҳолат, нодонликнинг бир кўриниши.

 

Оммавий маданиятнинг тарқалиш манбалари:

 

Турли виртуал (компьютер) ўйинлар, савиясиз филмлар, тутуриқсиз, маъно-мазмунсиз қўшиқлар, телекўрсатувлар, интернет ва турли ижтимоий тармоқлар, уяли алоқа воситалари, сариқ матбуот ва ҳоказо;

 

Президентимиз бу каби хавф-хатарлардан ёшларимизни ҳимоя қилишни назарда тутиб, Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур. Бундан буён барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан амалга оширган ишларига қараб баҳо берилади”, деган эди.

 

Мамлакатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан айтган бу гаплари замирида жуда катта ҳаётий ҳақиқат мавжуд. Буни ҳар инсон, ҳар бир зиёли теран англаши керак. Бу бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

 

Худойқул МУЛКАМОНОВ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.

“Ниқобдаги маданият” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси