Биласизми?
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ярим асрдан зиёд вақт (1968 йил) мобайнида халқимизга маънавий-маърифий ва илмий йўналишда хизмат қилиб келмоқда. Ушбу даргоҳ бир вақтнинг ўзида ҳам илмий-тадқиқот муассасаси, ҳам маданий-маърифий маскандир.
Музей биносининг ўзи ўтган асрнинг 30–40-йилларида бунёд этилган ноёб меъморий ёдгорлик саналади. Масканнинг жойлашуви ҳам ўзига хос рамзий маънога эга: буюк мутафаккир номи билан аталувчи шоҳкўча (1938 йилда ном берилган), Алишер Навоий метро бекати ва Адабиёт музейи бирлашиб, яхлит тарихий-маданий муҳитни ҳосил қилади. Шунингдек, музейда ноёб қўлёзмалар, тошбосма асарлар ҳамда ёзувчи ва шоирларнинг бой архиви сақланади. Қуйида эса музейнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – бетакрор деворий суратлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Чингиз Аҳмаров. Навоий лирикасига монументал декарация.
Музейнинг иккинчи қавати тўлиғича Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган. Буюк шоир меросини тасвирий санъат орқали акс эттирувчи “Навоий лирикаси” зали бу борада алоҳида аҳамият касб этади. Машҳур мусаввир Чингиз Аҳмаров (1912–1994) томонидан ишланган деворий суратларда ғазалларда куйланган гўзал маҳбуба сиймоси тасвирланган бўлиб, улар томошабинда эстетик завқ уйғотади.
Темур Саъдуллаев. “Хамса” залига ишланган деворий сурат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” иллюстирация.
Бундан ташқари, ҳар бир сурат юқорисига шоир ва хаттот Чархий домла (1900–1979) томонидан Навоий ғазалларининг матлаъси нафис настаълиқ хатида битилган. Хаттотлик санъати ва тасвирий гўзалликнинг бундай гармонияси томошабинни сеҳрлаб қўяди, Навоий шеърияти ҳақида теран ва яхлит тасаввур уйғотади.
Буюк шоирнинг XV аср адабиётининг йирик намояндаси Абдураҳмон Жомий билан адабий ҳамкорлиги ва дўстлигини акс эттирувчи музей ашёлари орасида Чингиз Аҳмаров ва унинг шогирди Алишер Шомуродов ҳамкорликда яратган деворий сопол панно алоҳида ўрин тутади. Ушбу санъат асари ҳар икки адиб ўртасидаги ижодий алоқаларни кўрсатувчи ёрқин лавҳа ҳамда нафис тасвирий санъат намунасидир. Шунингдек, мусаввир Чингиз Аҳмаров томонидан Алишер Навоийнинг таваллуд ва вафот санаси акс эттирилган деворий панно ҳам мавжуд бўлиб, унинг ўхшаши кейинчалик Алишер Навоий номли метро бекати деворларига ҳам ишланган.
Чингиз Аҳмаров ва шогирди Алишер Шомуродов. Жомий асарларига сопол пано.
Алишер Навоий ижодий меросини ёритувчи “Хамса” залида музей рассоми Темур Саъдуллаев қаламига мансуб бешта деворий сурат ўрин олган. Ушбу асарлар шоир достонлари сюжетлари асосида яратилиб, томошабинга эпопея мазмуни ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Залдан “Хамса”нинг турли йилларда нашр этилган ноёб нусхалари, илмий тадқиқотлар ҳамда тошбосма китоблар жой олган бўлиб, улар зиёратчиларга асар ҳақида кенг ва ҳар томонлама маълумот улашади.
Чингиз Аҳмаров. Деворий панно. Алишер Навоийнинг таваллуд ва вафот санаси тасвирланган.
Музейнинг иккинчи ва учинчи қаватлари оралиғидаги махсус зал Заҳириддин Мирзо Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган. Залнинг ёғочдан ишланган ҳинд услубидаги тоқи-шифти ўта нафис безатилган бўлиб, унинг теварагига музей илмий ходими, хаттот Тўхтамурод Зуфаров томонидан Бобур рубоийлари араб ёзувида ҳуснихат билан битилган. Бу ердаги тасвирий санъат намуналари шоирнинг бой меросини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади.
Бобур залига ёғочдан ишланган ҳинд услубидаги тоқи-шифт. Атрофида араб ёзувида Бобур рубоийлари ёзилган.
Музейнинг учинчи қаватида Бобурийлар сулоласининг таниқли вакили – шоира Зебуннисо бегим сурати туширилган деворий панно ўрин олган бўлиб, у ҳам Чингиз Аҳмаров қаламига мансубдир.
Чингиз Аҳмаров. Зебуннисобегим деворий панно.
Шунингдек, мазкур қаватда деворга ганчдан ишланган учта бетакрор сурат мавжуд, улар Бухоро, Хива ва Қўқон ганчкорлик мактаби анъаналарини ўзида мужассам этган.
Деворга ишланган ганч.
Адабиёт музейининг экспозиция заллари халқимизнинг кўп минг йиллик тарихи ва бой адабиётини акс эттирувчи қимматбаҳо ашёларга бой. Тарихни келажак билан боғловчи муҳим кўприк сифатида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи бугун ҳам маърифат йўлида хизмат қилиб келмоқда.
Абдурасул ЭШОНБОБОЕВ,
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи бош хазинабони
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қомус
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қомус
//
Изоҳ йўқ