Ғурурдан баланд меҳр


Сақлаш
15:07 / 30.07.2026 0 116

Бугун шундай бўлди. Сўнгги русумдаги учта уловни эшигига қаторлаб қўйган, муҳташам ҳовлиларида даврон сураётган бир қадрдоним телефон қилиб қолди.

 

– Бир кўришайлик, – деди овозида одатдагидан фарқли бир оғирлик билан. – Фалончи ака анчадан бери хаста эмиш. Бир хабар олайлик... Фақат, иложи бўлса, сизнинг мошинангизда борайлик.

 

Телефонни ўчирдим-у, ичимда бир нарса узилгандай бўлди. “Ижирғаниш деймизми, “ғашлик деймизми – кўксимни чимчилаб ўтди.

 

Тавба, учта иномарканг бор-ку! Кунинг менинг унча-мунча ишга ярамай қолган эски “Кобалтимга қолдими? деб хаёлимдан ўтказдим. Хасисликка йўйдим, кўнглим ғашланди. Эътироз билдирмадим-у, лекин ичимдаги ўша совуқ ўй билан йўлга чиқдим.

 

У билан бозор атрофида учрашдик. Катта бозорлик қилдик. Мени бир сўм ишлатишга қўймади, ҳамма харажатни ўзи кўтарди. Лекин менинг хаёлимда ҳали ҳам ўша – мошина масаласи соя солиб турган эди.

 

Хаста танишимизнинг дарвозаси олдига келиб тўхтадик. Ичкарига кириб, уни кўрдим-у, юрагим орқага тортиб кетди. Қачонлардир тоғни урса талқон қиладиган, моддий томондан ҳам, жисмоний томондан ҳам бақувват бўлган одамнинг ўрнида бир сиқим суяк ўтирарди. Чўкибди, жуда озиб кетибди. Кўзларида мажолсиз бир ҳасрат. Суҳбат асносида билдикки, бошига тушган бу хасталик камдай, бизнеслари синиб, ҳатто уйини сотувга қўйишга мажбур бўлибди.

 

Дўстим унинг ёнига ўтирди. Елкасидан қучди, сўзларида шунчалар самимият ва илиқлик бор эдики, хаста одамнинг кўзларида йиллар давомида сўнган умид учқунлари қайта ёнгандай бўлди.

 

– Уйни сотманг, – деди у босиқлик билан. – Фарзандларингиз бўй етиб қолди, уларнинг кўнгли ўксимасин. Муаммолар ўтиб кетади, ҳаммаси жойига тушади.

 

Чиқиб кетаётганимизда, у беморнинг кафтига оҳиста бир даста пул тутқазди. Шундай қилдики, гўё ёрдам бераётгандай эмас, балки қарзини қайтараётгандай тавозе билан.

 

Ташқарига чиқдик. Кўчага етганимизда дўстим тўхтаб, қўлимдан калитни олди. Бизни кузатиб чиққан бемор бой дўстининг оддий мошина рулига ўтирганини кўриб, ғалати қараб қўйди. Икки километрлар юргач, дўстим калитни узатди:

 

– Мошинани энди ўзингиз ҳайданг.

 

Яна ҳайрон қолдим. Миямда мингта савол чарх урарди. Узоқроқ кетгач, у чуқур хўрсинди-да, менинг аҳволимни сезгандай изоҳ берди:

 

– Бемор одамнинг кўнгли жуда нозик бўлади, – деди у паст овозда. – Ҳозир у жисмонан қийналяпти, устига-устак иши юришмай, моддий аҳволи ҳам хароб бўлиб турибди. Агар биз унинг эшиги олдига ҳашаматли уловда борганимизда, кўнгли ўксир эди. Булар маза қилиб юрибди, мен эса... деб ич-этини ерди. Шунинг учун унга “ҳаммаси жойида эканини кўз-кўз қилгим келмади. Оддийроқ борайлик деганим шундан...

 

У гапирар эди, мен эса машина рулини чангаллаб, пешонамдан чиқаётган совуқ терни сезмай қолибман. Томчи-томчи тер эмас, ичимдаги торлик ва инжиқона хаёлларимнинг уяти эди бу.

 

Бир-бирини сотишга тайёр, бировнинг йиқилганидан ҳузур қиладиганлар ҳозиру нозир бу замонда... ўз дўстининг, ҳатто унинг нозик қалбини асраш учун шунчалик теран ўйлайдиган одамлар бор-а!

 

Ҳилвираб қолган бу дунёни аслида шундай, ўз манфаатидан кечиб, ўзгаларнинг шаъни ва кўнглини ҳар нарсадан баланд қўя оладиган чин ИНСОНлар ушлаб турган бўлса, ажаб эмас.

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

16:07 / 23.07.2026 0 131
Энг қиммат ширинлик

Биласизми?

14:07 / 22.07.2026 0 110
“Ўктам”нинг этимологияси

Биласизми?

11:07 / 22.07.2026 0 143
Вафо ва вафот

Биласизми?

12:07 / 21.07.2026 0 140
Ҳадаҳа



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 17223
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 7129
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6891
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 6164
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5722
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5569
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 5232
Ўзбекистон тарихи

//