“Ўктам”нинг этимологияси


Сақлаш
14:07 / 22.07.2026 0 110

Қадимги туркий манбаларда ўктам: “öгдäм”, “öгтäм” шаклларида учрайди. Қояга эски турк ёзувида битилган битиглардан бирида “Öгдäм Инал” киши оти қайд этилган. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг”да “öгтäм” шаклида “мағрур”, “ғурурланган” маъноларида қўллаган: “Бедук сўзлади сўз бу ўгтам тилинг”, – маъноси: “бу мағрур, мақтанчоқ тилинг катта гапирди”.

 

Бу сўз (исм) нафақат ўзбек, балки кўпчилик қардош турк (ва мўғул) тилларида ҳам бўлиб, “мард”, “мағрур”, “кучли”, “жасур”, “бағрикенг”, “саховатли” каби маъноларни билдиради. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унга: “Ўктам – 1. Бошқаларга ўз таъсирини, сўзини ўтказадиган, шижоатли, ўткир. “Маҳалланинг ўктам йигити”. 2. Ҳиммати улуғ, олижаноб, сахий”, деб изоҳ берилган.

 

Аммо унинг “мард”, “кучли”, “сахий” каби маънолари кейинчалик пайдо бўлган, келиб чиқишига кўра, бу сўз “ақл”, “фикр” маъносидаги қадимги туркий “öг” ўзагидан деб қаралади, “Девону луғотит-турк”да: “öг – ақл, зийраклик”, деб изоҳланган (ДЛТ.I.1960.82). Бу ўзак ҳозир ҳам тилимизда фаол – “насиҳат, йўл-йўриқ” маъносидаги “ўгит” (“öгут” – “öг+ут”) сўзида ўзгаришсиз сақланган, “ўрганмоқ” ҳам шу ўзакдан, аммо кейинчалик унда товуш алмашинуви содир бўлган: “öГРäт-” – “ўРГат-”. Умуман, “öг” ўзаги ҳақида узоқ тўхталиш мумкин ва кейинги мақолаларда унга яна мурожаат қиламиз.

 

Мазкур ўзакка алоқадор яна “öг-”, “öгмǝк” феъли ҳам бўлиб, у “мақтамоқ, улуғламоқ, алқамоқ” маъноларини билдирган. Бу феъл XIV асргача манбаларида кўп учрайди, шулардан бири – “Наҳж ул-фародис”дан: “Сахийни йад этиб дайим öгǝрлǝр” (“Сахийни ёд этиб доим мақтарлар”). Ёки “мақтов”, “мадҳ” каби маъноларда илгари мазкур ўзакдан ясалган “öгдү” сўзи ишлатилган: “Расул алǝйҳиссǝлáмның төрт йáры öгдүси” (“Расул алайҳиссаломнинг тўрт ёри мадҳи”. Қутб. “Хусрав ва Ширин”).

 

Шунингдек, қадимги туркийда “қўллаб-қувватламоқ, мақтамоқ, улуғламоқ” каби маъноларга эга – “öгтä-” (“öгдä-”) феъли ҳам бўлган ва “ўктам” сўзи мазкур феълга “-м” қўшимчасини қўшиб ясалган (öгдä+м – öгдäм – ўктам) ва бу сўз дастлаб “мақталган, улуғланган” каби маъноларни билдирган.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

15:07 / 30.07.2026 0 117
Ғурурдан баланд меҳр

Ҳикмат

16:07 / 23.07.2026 0 132
Энг қиммат ширинлик

Биласизми?

11:07 / 22.07.2026 0 143
Вафо ва вафот

Биласизми?

12:07 / 21.07.2026 0 140
Ҳадаҳа



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 17223
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 7129
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6891
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 6164
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5722
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5569
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 5232
Ўзбекистон тарихи

//