Вафо ва вафот


Сақлаш
11:07 / 22.07.2026 0 143

Қизиқ, “вафот” ва “вафо” сўзлари бир ўзакдан – “бажарди” маъносидаги арабча “вафā” (وَفَى) ёки “вафāъун” (وَفَاءٌ) феълидан ясалган экан. Демак, уларнинг маъноларида ҳам умумийлик бор. Араб тилида бошқа тиллардан фарқли феъл боблари деган ҳодиса бор, дейлик, мазкур феълнинг биринчи бобидаги шакли – “вафā” (وَفَى) бўлиб, “1. бажарди; 2. ваъдасини, онтини бажарди; 3. қарзини тўлади” каби маъноларни билдирса, иккинчи бобда бу феъл: “ваффā” (وَفَّى) шаклини олади ва “тўлиқ тўлаш, тўлиқ қониқтириш” каби маъноларни, яъни иш-ҳаракатнинг узил-кесил бажарилганлигини билдиради.

 

“Вафā”нинг учинчи бобдаги шакли луғатда: “вāфа” (وَافَى) деб кўрсатилган, яъни бу бобда феълнинг иккинчи ҳарфи чўзиқроқ талаффуз қилинади, маъноси ҳам биринчи бобдаги “бажарди”дан анча фарқли, яъни “келиш, эришиш, етиб келиш” каби маъноларни билдиради. Феълнинг учинчи ва ундан кейинги бобларидаги шакллари: иш-ҳаракатнинг тўлиқ тугалланиши, поёнига етиши, шунингдек, умрнинг ҳам тугаши каби маъноларга эга экан. Бешинчи боб шакли эса – “таваффа” (تَوَفَّى) ва маъноси: “1. Олиш, тўлиқ, узил-кесил олиш; 2. ўлиш”. Мисол: “тувуффиа ала раҳматуллаҳ” (تُوُفِّى الى رحمة الله) – “Аллоҳнинг раҳматига қовушди // Аллоҳнинг раҳмати ила ўлди”.

 

Тилимизда шу ўзакдан ясалган яна бир сўз бор – “истеъфо”, бу “вафā” (وَفَى) феълининг ўнинчи боби – “иставфа” (إِسْتَوْفَى) шаклидан ясалган. Истеъфо” сўзи ҳам иш-ҳаракатнинг тугаганлигини билдиради ва биз уни асосан ишдан бўшаш ёки бўшатилиш маъносида қўллаймиз. Хуллас, вафо (وَفَاءٌ) – ваъдага вафо қилиш, тўлиқ бажариш, сўз устида туриш, қасам, онтга амал қилиш, қарзни тўлиқ тўлаш. Бизда бу сўз кўпроқ севги билан ёнма-ён ишлатилади: севгига вафо қилиш, вафодор, бевафо.

 

– Вафот (وَفَاةٌ) – умрнинг тугаши, ўлим. Дейлик, вафо – киши иродаси, сайъ-ҳаракатига боғлиқ амал бўлса, вафот – Аллоҳнинг иродаси.

 

– Истеъфо – “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “ўз мансаб ёки хизматидан ўз ихтиёри билан воз кечиш, кетиш”, деб изоҳланибди.

 

Сўзимни бироз шоирона хулосалайдиган бўлсам, мазкур учлик ичида энг ёқимлиси ва бизнинг иродамизга боғлиқ бўлгани – вафо экан. Вафода мустаҳкам бўлсак, қолган иккиси ҳам шунга монанд бўлар.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

15:07 / 30.07.2026 0 117
Ғурурдан баланд меҳр

Ҳикмат

16:07 / 23.07.2026 0 132
Энг қиммат ширинлик

Биласизми?

14:07 / 22.07.2026 0 112
“Ўктам”нинг этимологияси

Биласизми?

12:07 / 21.07.2026 0 140
Ҳадаҳа



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 17223
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 7129
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6891
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 6164
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5722
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5569
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 5232
Ўзбекистон тарихи

//