Жамият
БМТнинг Аҳолишунослик бўлими 2100 йилгача мўлжалланган глобал демографик прогнозни тақдим этди. Унга кўра, 80 йил ичида минтақа аҳолиси деярли икки баравар кўпаяди. Энг тез ўсиш яқин ўн йилликда бўлади, яъни 2030 йилга бориб аҳоли сони 21,5 фоизга ошади. Кейинчалик ўсиш суръати доимий равишда пасайиб боради ва 2100 йилга келиб йиллик ўсиш атиги 2,8 фоизни ташкил қилади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон минтақанинг асосий демографик маркази бўлиб қолади. Масалан, мамлакатда 2020 йилда 33 миллион киши яшаган бўлса, 2100 йилга бориб умумий аҳоли сони 74,4 миллион кишига етади. Шундай қилиб, мамлакатнинг Марказий Осиё умумий аҳолисидаги улуши 43,9 фоиздан 49,6 фоизгача ортади.
Шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси энг тез суръатда 2040 йилгача, ҳар ўн йилликда 24 фоиздан кўпаяди. Ўсиш кейин ўн йилда 5–7 фоизгача секинлашади, асрнинг охирида эса 4,3 фоизни ташкил қилади.
Минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам аҳоли кўпайиши кутилмоқда, бироқ бу унчалик катта бўлмайди. Жумладан, 2100 йилга бориб аҳоли сони қуйидагича бўлиши мумкин:
▪️ Қозоғистон — 33,7 миллион киши (2020 йилга нисбатан +75,3%).
▪️ Тожикистон — 20,2 миллион киши (2 баравар ўсиш).
▪️ Қирғизистон — 11,7 миллион киши (2020 йилга нисбатан +72,4%).
▪️ Туркманистон — аниқ сон йўқ, аммо умумий ўсиш 53,2% бўлади.
80 йил ичида аҳоли сонининг икки баравар ошиши нафақат иқтисодий салоҳият, балки жиддий муаммолар ҳам демакдир. Ўзбекистонда 2024 йилда ҳар бир квадрат километрга 85,5 киши тўғри келган бўлса, 2040 йилга бориб аҳоли зичлиги 108,2 га, 2100 йилга бориб эса 174,8 га ошади. Бунда ички миграция ва урбанизация даражаси ҳал қилувчи роль ўйнайди. Мамлакат ҳудудлари бўйича нотекис ўсиш катта шаҳарларга улкан инфратузилма юкини юклаши аниқ. Улар миллионлаб янги аҳолини уй-жой, иш ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаши керак бўлади.
Ҳисоботда ёзилишича, аҳоли сонининг ўсиши билан бирга умр кўриш давомийлиги ҳам ошади. Ўзбекистон учун бу ижобий тенденциядир. Мисол учун, 2024 йилда ўртача кўрсаткич 72,5 ёш бўлган бўлса, 2100 йилга бориб 83 ёшга етиши мумкин. Аёллар ўртача 85 ёшгача, эркаклар эса 81 ёшгача яшаши кутилмоқда. Бу маълумотлар пенсия ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги узоқ муддатли ислоҳотлар учун асос бўлади.
Бироқ шу фонда демографик парадокс юзага келади. Ўзбекистонда умумий туғилиш коэффициенти бутун XXI аср давомида доимий равишда камайиб боради. 2024 йилда ҳар 1000 кишига 25,6 чақалоқ тўғри келган бўлса, 2100 йилда 11,9 чақалоққача пасаяди. Шу билан бирга, туғилишларнинг мутлақ сони ўзгариб туради. Бунинг сабаби ёш таркибининг ўзгаришидир.
Мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 2030 йилда 26,5 ёш бўлса, 2100 йилга бориб 39 ёшга етади. Аёллар биринчи фарзандини ўртача 27–29 ёшда туғади, лекин аҳоли таркибида потенциал оналарнинг ўзи камроқ бўлади.
Ҳисоботда айтилишича, мамлакатда кексайишнинг табиий оқибати – ўлим даражаси ҳам ортади. Ўзбекистонда умумий ўлим коэффициенти 2024 йилда ҳар 1000 кишига 6 тадан ўлим тўғри келган бўлса, 2100 йилда бу сон 8,5 гача кўтарилади. Мос равишда вафот этганларнинг мутлақ сони ҳам ортади, яъни йилига 219,4 минг кишидан 631,5 минг кишигача етади. Бу жараён соғлиқнинг ёмонлашуви билан эмас, балки фуқаролар сонининг умумий кўпайиши ва миллатнинг кексайиши билан боғлиқ.
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
78370
Жамият
57043
Жамият
56310
Жамият
51359
Жамият
//
Изоҳ йўқ