Туркиялик реп ижрочиси қўшиқ матни сабаб қўлга олинди

Сақлаш
12:10 / 15.10.2026 76 0

Туркиялик таниқли реп ижрочиси Lvbel C5 (ҳақиқий исми Сулаймон Бурак Бодур) хонанда Ася Ализаде билан биргаликда куйлаган “Каҳпе” таронаси матни сабабли Истанбулда қўлга олинди. 11-октябрда Туркия суди реперга нисбатан ғайриоддий қарор чиқарди.

 

Прокуратурада кўрсатма берган ижрочи ўзига қўйилган айбловларни тан олмади. У фуқаролардан тушган эътирозлардан сўнг қўшиқни барча рақамли платформалардан ўчириб ташлаганини билдирди. Таъкидланишича, қўшиқ матнида зўравонлик унсурлари акс этган.

 

“Мен қўшиқ матнларини тасаввуримга таяниб ёзаман. Бу сўзлардан ҳеч қандай ғаразли мақсад кўзланмаган. Ҳеч қандай зўравонлик ҳолати йўқ, булар шунчаки хаёлий мисралар эди”, деди ижрочи тергов жараёнида.

 

Шунингдек, Бодур қўшиқдаги эътирозларга сабаб бўлган бошқа мисралар у билан дуэт куйлаган Ася Ализадега тегишли эканини билдирган.

 

Прокуратура хонандани “жиноят содир этишга очиқдан-очиқ даъват қилиш” моддаси бўйича ҳибсга олишни сўраган эди. Суд эса ижрочининг назоратда туриши ҳақида қарор чиқарди. Унга суд назорати чоралари қаторида турк адабиёти бўйича таълимини давом эттириш шарти ҳам белгиланди. То турк тили ва адабиётини яхши билгунга қадар мамлакатдан чиқиш тақиқланди.

 

Ижтимоий тармоқларда турк адабиёти бўйича таълим олиш шарти қўйилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//