Германия айрим соҳа вакилларини ўқиш ва ишлаш учун таклиф қилмоқда

Сақлаш
13:33 / 13.10.2026 87 0

Миграция агентлиги Германия Федерал бандлик агентлиги билан ҳамкорликда 2027 йил февралда бошланадиган APAL (Ausbildung) дастурига қабул очилганини эълон қилди.

 

Дастур доирасида гулчилик ва боғбонлик йўналишлари бўйича уч йиллик дуал касб-ҳунар таълими таклиф этилмоқда. Таълимни муваффақиятли тамомлаганлар Германияда доимий ишлаш имкониятига эга бўлади.

 

Дастурда 18−25 ёшдаги, немис тилини камида B1 даражасида биладиган йигит-қизлар иштирок этиши мумкин. Номзодлар Goethe, ECL, telc, DSD, ÖСД ёки TestDaF сертификатларидан бирига эга бўлиши керак. Сертификат 2026 йил февралдан олдин олинган бўлмаслиги лозим.

 

Ўрта мактаб, коллеж, лицей ёки техникум битирувчилари дастурда қатнашиши мумкин. Олий маълумотли номзодлар қабул қилинмайди.

 

Таълим даврида иштирокчиларга Германиянинг қайси федерал ерида ўқишига қараб, ойлик стипендия тўланади. Унинг миқдори биринчи йилда 724−900 евро, иккинчи йилда 854−1000 евро, учинчи йилда эса 977−1100 еврони ташкил этади. Бу солиқлар ва бошқа мажбурий ушланмалардан олдинги — брутто суммалардир.

 

Лойиҳа иштирокчилари учун қуйидаги имтиёзлар ҳам назарда тутилган:

 

  • бепул касб-ҳунар таълими;

  • авиачипта ва виза билан боғлиқ харажатлар бўйича қўллаб-қувватлаш;

  • ойига тахминан 200−250 евро турар жой, биринчи ой бепул;

  • суғурта харажатларини қоплаш;

  • Германияда немис тилини B2 даражасигача ўрганиш курслари.

  •  

Ҳужжатлар 20-октабрга қадар қабул қилинади. Қўшимча маълумот олиш учун Миграция агентлигининг 1282 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

 

Дастур ҳақида батафсил маълумотни Германия Федерал бандлик агентлигининг сайтидан (гулчи, боғбон) олиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//