Айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш йўлга қўйилади

Сақлаш
09:50 / 08.10.2026 67 0

Айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини йўлга қўйиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев танишган таълим тизимини ривожлантириш бўйича тақдимотда айтиб ўтилди.

 

Таъкидланишича, мажлисда мактаб дарсликларини янгилаш, ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, педагогларга методик ёрдам кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

 

Шунингдек, касбий таълим бўйича ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, техникумлар дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва уларнинг моддий базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилди. Корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълимни кенгайтириш, халқаро дастурлар ва замонавий ўқув материалларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

 

Олий таълимда университетлар мустақиллигини кенгайтириш, бошқарув сифатини ва раҳбарларнинг натижа учун масъулиятини ошириш таклиф қилинди. Шу билан бирга, етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Илм-фан соҳасида илмий кластерларни ривожлантириш, университетлар, лабораториялар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда улар асосида янги маҳсулотлар ва корхоналар яратиш бўйича таклифлар ҳам тақдим этилди.

 

Президент таълимнинг боғчадан олийгоҳгача бўлган барча босқичлари ягона тизим сифатида ишлаши, айниқса мактаб ва университет ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқиш топширилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//