Жаҳон
Саудия Арабистонида нашр қилинадиган «Фикр» маданий журналининг 48-сонида «Абдулла Қодирий: араб оламида янграмаган Ўзбекистон овози» номли мақола чоп этилди.
Мақола муаллифи – Муҳаммадризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндори Саид Маҳмуд Саид Мубашир.
Хабарга кўра, материалда Қодирий ўзбек замонавий романчилигининг асосчиларидан бири, мураккаб тарихий даврда жамият дардлари ва муаммоларини ўз асарларида акс эттирган адиб сифатида тасвирланиб, унинг жадидлар ҳаракати ғоялари таъсирида шакллангани, бу ҳаракат таълимни ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни жорий этиш, матбуот, таржима ва театрни ривожлантиришга даъват этгани ҳақида сўз юритилган.
«Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романлари Абдулла Қодирийнинг ўзбек замонавий романчилиги тарихидаги юксак мавқеини мустаҳкамлаган асарлар сифатида қайд этилган.
Жумладан, «Меҳробдан чаён» оддий муҳаббат қиссаси сифатида эмас, балки Қўқон хонлигининг сўнгги давридаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётни акс эттирувчи муҳим бадиий асар сифатида талқин қилинган.
Асарда тарихий воқеалар, ижтимоий танқид ва бадиий хаёл уйғунлашгани, айнан шу жиҳат романнинг ҳам адабий, ҳам тарихий қийматини оширгани таъкидланган.
Шу билан бирга, мақолада Қодирийнинг «Катта қатағон» давридаги фожиали тақдири, ҳибсга олиниши ва 1938 йилда қатл этилиши, шунингдек, бу қатағон ўзбек адабиёти ва тафаккурининг кўплаб намояндаларига ҳам зарба бергани ёритилган.
Саид Мубаширнинг муҳим ғояларидан бири шуки, Абдулла Қодирийнинг аҳамияти фақат буюк романнавис бўлганида эмас, балки Марказий Осиёда эски дунёнинг емирилиши ва янги дунёнинг шаклланишига адабий гувоҳ бўлганидадир.
Маълумот учун, «Меҳробдан чаён» асарининг араб тилига қилинган таржимаси 2024 йилда Ар Риёдда нашр этилган ва 2025 йилда Ўзбекистонда ижодий таржима йўналишида Муҳаммадризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлган.
Мақола ўзбек адабиёти араб маданий муҳити учун ҳануз деярли номаълум эканини, Абдулла Қодирий асарлари эса араб китобхонига бу бой адабий оламни кашф этиш учун муҳим кириш нуқтаси бўла олишини таъкидлаш билан якунланган.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
78408
Жамият
57081
Жамият
56348
Жамият
51396
Жамият
//
Изоҳ йўқ