Жиззахда тош даврига оид янги маконлар аниқланди

Сақлаш
12:29 / 28.09.2026 124 0

Зомин туманининг бир қатор ҳудудларида тош даврига оид янги археологик объектлар топилди.

 

Дастлабки хулосаларга кўра, Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига, Пешағор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар қайд этилган.

 

 

Шунингдек, Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ҳамда Аржа қишлоғи ҳудудларида неолит даврига мансуб жойлар аниқланган.

 

Таъкидланишича, бир ҳудуд доирасида палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг аниқланиши Зомин воҳаси ва Туркистон тизмасининг ушбу қисмида қадимги жамоалар узоқ тарихий даврлар давомида яшаб, ҳудуддан мунтазам фойдаланганини кўрсатади.

 

 

Эндиликда янги топилмалар Туркистон тизмасида тош даври жамоаларининг тарқалиши, яшаш муҳити ва хўжалик фаолиятини ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Бундан ташқари, хабарда дала-қидирув ишлари давомида Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоғи, Равотсойнинг чап соҳилида ҳам янги қоятош суратлари мажмуаси аниқлангани айтилган.

 

 

Жумладан, етти дона сланец қоятош юзасида 30 га яқин петроглиф қайд этилган.

 

«Қоятош тасвирлари орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ҳамда камондан ўқ узаётган овчи тасвирлари мавжуд», дейилади хабарда.

 

Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур петроглифлар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврлар билан боғланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//