Дарахтларнинг кесилиши инсонлар ўлимини кўпайтиради(тадқиқот)

Сақлаш
17:01 / 22.09.2026 106 0

Northwestern University олимлари ўтказган янги тадқиқот шуни кўрсатдики, шаҳардаги дарахтларнинг камайиб бориши билан ўша ҳудудларда ўлим даражаси ортиб бормоқда. Тадқиқот натижалари GeoHealth журналида 2026 йил 5 августда чоп этилган.

 

Мақолада ёзилишича, олимлар 2011–2021 йиллар оралиғида (11 йил) Чикагонинг ҳар бир аҳоли пункти ҳудудидаги дарахтзорларнинг йиллик ўзгаришини сунъий йўлдош суратлари орқали кузатишган. Кейин шу маълумотларни Иллинойс ва Чикаго соғлиқни сақлаш департаментларидан олинган 220 000 дан ортиқ вафот этганлар ҳақидаги расмий ҳисоботлар билан солиштиришган.

 

Дарахтзорлар ва ўлим ўртасидаги алоқани аниқроқ кўрсатиш учун тадқиқотчилар статистик модель тузишган. Унда ёзги ҳарорат фарқи, ҳаво ифлосланиши, аҳоли даромади, аҳоли сони ва ирқий-этник сегрегация каби ҳудуд даражасидаги омиллар ҳисобга олинган. Бу усул дарахтзорлар ўзгаришининг соф таъсирини ҳудудлар орасидаги бошқа мавжуд фарқлардан ажратиб олиш имконини берган.

 

Ҳудуднинг бир вақтдаги дарахтлар билан қопланиш даражаси ўлим кўрсаткичи билан сезиларли боғлиқлик кўрсатмаган. Аммо йилдан-йилга дарахтларнинг кўпайиши умумий ўлим даражасини тахминан 10 фоизга камайтириши мумкинлиги ойдинлашган.

 

Бу ижобий таъсир қуйидаги касалликлар бўйича айниқса кучли бўлган:

Юрак-қон томир касалликлари — ~9% камайиш;

Руҳий саломатлик билан боғлиқ касалликлар — ~16% камайиш;

Суяк-мушак тизими касалликлари — ~9% камайиш;

Нафас олиш тизими касалликлари — ~11% камайиш.

 

Тадқиқот муаллифлари муҳим бир фарқни таъкидлайди: янги дарахт экиш ва дарахтзорларни кенгайтириш— бир хил нарса эмас. Ёш ниҳоллар кенг соябон ҳосил қилиши учун йиллар керак бўлса, катта ёшли, аллақачон шаклланган дарахтлар дарҳол катта соя ва салқинликни таъминлайди. Касаллик, бўрон ёки қурилиш туфайли бундай дарахтларнинг йўқ қилиниши бир зумда ўнлаб йиллик дарахтзор ўсишини йўққа чиқариши мумкин.

 

Тадқиқот ҳаммуаллифларидан бирининг сўзларига кўра, Чикаго шаҳри ҳам мавжуд дарахтзорни сақлаб қолиши, ҳам энг зарур ҳудудларда уни кенгайтириши керак. Бу дарахтларни кераксиз кесишдан ҳимоя қилиш, уларга мунтазам парвариш кўрсатиш ва кесилган дарахтлар ўрнига янгиларини ўтқазишни англатади.

 

Тадқиқотчиларнинг моделлаштириш орқали ҳисоблаб чиқишича, агар Чикаго ҳар йили дарахтзорларини тахминан 0.03 фоизга кенгайтирса (бу тахминан йилига 14 000 та дарахт экишга тенг), бу ўзгариш йилига тахминан 105 кишининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

 

Тадқиқотнинг якуний хулосаси шуки, дарахтлар нафақат эстетик унсур, балки жамоат саломатлиги инфратузилмасининг бир қисми сифатида қаралиши зарур. Улар стресс, ташвиш ва қон босимини камайтиради, ижтимоий ҳамжиҳатликни оширади, тупроқ эрозиясининг олдини олади ва биологик хилма-хилликни қўллаб-қувватлайди. Буларнинг барчаси инсон саломатлигига бевосита таъсир қилади.

 

Маълумот учун, тадқиқот Буффетт глобал алоқалар институти томонидан молиялаштирилган ва Northwestern University'нинг «Офатларни бартараф этиш» ишчи гуруҳи доирасида амалга оширилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//