Тадқиқот натижасида сичқонларда инсоний хусусиятлар кузатилди

Сақлаш
17:54 / 21.09.2026 103 0

Фото: Futura Sciences

 

Стенфорд университети олимлари генетик муҳандислик ёрдамида миясининг бир қисми йўқ сичқонларни яратишга муваффақ бўлишди. Бу маълумот Nature журналида чоп этилган янги тадқиқотда келтирилган.

 

Хабарга кўра, олимлар сичқонларнинг мия пўстлоғи шаклланмаслигига эришишган. Бундан ташқари, ушбу нейронларни қайта тиклаш қобилиятини ҳам блоклашган. Натижада мияда бўш жой пайдо бўлган ва айнан шу жойга инсон мия ҳужайралари жойлаштирилган.

 

Кўчириб ўтказилган инсон нейронлари нафақат илдиз отган, балки жадал кўпайиб, бир неча юзтадан бир неча миллионга етган ва сичқон мияси билан муваффақиятли боғланган. Шу тариқа сичқонларнинг мия ҳажмининг деярли ярми инсон ҳужайраларидан иборат бўлиб қолган. Қизиқарли томони, мазкур амалиётга қарамай, сичқонлар ташқи кўринишда одатдагидек ҳаракат қилиб, хатти-ҳаракатларида катта ўзгариш бўлмаган.

 

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Стенфорд университети психиатрия профессори Сержиу Pasкa NPR нашрига берган интервьюсида сўнгги йигирма йил давомида инсон мияси моделини танадан ташқарида яратишга уринишлар бўлганини ва бу тажриба инсон мияси функцияларининг бошқа жиҳатларини ўрганиш имконини беришини айтган.

 

Таъкидланишича, бу иш, аслида, браин органоидлар (органоид — лабораторияда ўстирилган, маълум орган тўқимасига ўхшаш кичик ҳужайралар тўплами) соҳасидаги катта ютуқ ҳисобланади. Тадқиқотчилар инсон тери ҳужайраларини қайта дастурлаштириб, улардан мия пўстлоғига хос нейронлар ҳосил қилишган.

 

Калифорния университетининг биоэтиги Жон Эванс New York Тимесга берган изоҳида мия пўстлоғи «инсонийликни белгиловчи қисм» эканини, чунки у юқори даражадаги фикрлаш ва тил қобилиятини бошқаришини таъкидлаган. Бироқ кўчириб ўтказилган инсон нейронлари ҳали тўлиқ етук бўлмай, ҳомиланинг учинчи триместри (ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойлик даври)га хос ҳолатда бўлган.

 

Сичқонлар одатдагидек ҳаракат қилишига қарамай, уларда инсоний хусусиятлар ҳам кузатилган. Масалан, туғилишдан кейин кислород етишмовчилигига дучор қилинган сичқончаларда мия шикастланиши белгилари топилган. Бу ғалати ҳолат, чунки оддий сичқон болаларида кислород етишмаслиги камдан-кам ҳолда мияга зарар етказади, инсонларда эса бу кўп учрайдиган ҳолат. Паска буни ушбу оғир касалликни ўрганиш учун идеал мисол деб атаган.

 

Шунингдек, сичқонларнинг инсон ҳужайраларидан иборат қисмида «fon Ekonomo neyronlari» (яъни фақат инсон, маймун, кит ва филлар каби юқори ижтимоий ҳайвонларда учрайдиган махсус, узун нейрон тури) аниқланган. Бу нейронлар фронтотемпораль деменция (миянинг пешона ва чакка қисмларига таъсир қилувчи камдан-кам деменция тури) касаллигида биринчи бўлиб нобуд бўладиган ҳужайралар ҳисобланади. Эндиликда айнан бу кашфиёт касалликни чуқурроқ ўрганишга ёрдам бериши мумкин.

 

Маълум бўлишича, лойиҳа жиддий ахлоқий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Дюк университети ҳуқуқ ва фалсафа профессори Нита Фараҳани олимларнинг тажрибани мия ҳужайралари олти ойликка етганда, яъни улар сичқон мияси билан қўшимча боғланишлар ҳосил қилишидан олдин тўхтатганига эътибор қаратди.

 

«Улар тадқиқотни онгнинг пайдо бўлиш белгиларидан олдин тўхтатишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин бу чегаранинг ўзи ҳам савол туғдиради. Ҳайвон онгга эга бўлиш салоҳиятига эга бўлса ёки шунга яқинлашса, тадқиқотни тўхтатиш керакми? Унда ҳайвонларда биз тан олишимиз керак бўлган бошқача манфаатлар ёки ҳуқуқлар пайдо бўладими?» деган Фараҳани.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//