Жамият
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси жойланди.
Унда ёзилишича, 2027 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун инобатга олинадиган охирги меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга ошириб борилган ҳолда йигирма йилликдаги иш ҳақи даврига етказилади.
Бунда пенсия тайинлашда ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, ушбу санадан ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7 йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилган ҳолда 2034-йилда 15 йилга етказилади.
Мазкур жараёнда кам иш стажига эга шахсларнинг умумий пенсия ёшидан 5 йил ўтгач ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланади.
Ҳужжатда келтирилишича, агар фуқаро юқори маош олаётган бўлса ва пенсияга кечроқ чиқса, ҳисоблаш учун олинадиган максимал маош чегараси оширилади (12 баравардан 15 бараваргача). Бу нафақага кечроқ чиққанларга юқорироқ пенсия ваъда қилади.
Бундан ташқари, жамғариб бориладиган пенсия тизими кучайтирилади. Жумладан:
▪️ Ўртача ойлик иш ҳақиси пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаролар ўз ихтиёрига кўра пенсия ҳисобварағига ойлигининг 5 фоизини ўтказса, давлат унга қўшимча 50 фоизгача маблағ қўшиб беради (рағбатлантириш учун);
▪️ Ойликнинг пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан юқори бўлган қисмидан 1 фоизи миқдоридаги маблағ ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига тўлаб берилади ва ушбу миқдор 2033 йилдан 2 фоиз ҳамда 2040 йилдан 3 фоизга етказилади;
▪️ Фуқароларга жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларни инвестиция ва молиявий воситаларга жойлаштиришда иштирок этиш имконияти берилади;
▪️ Инвестиция ва молиявий воситаларга жойлаштиришдан олинадиган йиллик даромад фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларига қўшиб борилади;
2030 йил 1 январдан бошлаб эса фуқаролар оғир касалликка чалинганда даволанишда ҳамда ипотека кредитига бошланғич тўлов қилишда жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Фармонга кўра, янги йилдан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими АТ Халқ банкидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилади.
Фармонда ёзилишича, аҳолини расмий меҳнат фаолиятига жалб қилиш орқали ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва кексаликда камбағалликдан ҳимоя қилиш мақсадида 2027 йил 1 январдан қуйидагилар амалга оширилади:
▪️ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг келгусида пенсия таъминоти ҳамда давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланишини кафолатлаш мақсадида ижтимоий солиқни қатъий белгиланган тартибда тўлаш тизими жорий этилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларга ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
▪️ ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10 фоиз қисми Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилиб, ўрнатилган тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан тўлаб берилади;
▪️ 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этилади;
▪️ кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда оила аъзоларининг мақомини белгилашда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклардан расмий даромад талаб этилмайди.
Фармонда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилган:
▪️ 2027 йил 1 январдан бошлаб умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш;
▪️ 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039-йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш.
Пенсия ёшини ошириш даврида пенсияолди ёшидаги фуқароларга қуйидагилар кафолатланади:
▪️ пенсияолди ёшини важ қилган ҳолда ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўйилмайди;
▪️ ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга 2 йил аввал муддатдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
▪️ ерости ишларида, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда меҳнат тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркакларга 50-55 ёш ҳамда аёлларга 45-50 ёшдан қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
▪️ пенсия олувчиларга татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш имтиёзлари сақлаб қолинади;
▪️ эркакларга 60 ёшдан ва аёлларга 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқи берилади.
Маданият
Жамият
Илм-фан
Илм-фан
Жаҳон
Жамият
78255
Жамият
56976
Жамият
56234
Жамият
51282
Жамият
//
Изоҳ йўқ