Жамият
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова 11 сентябрдаги Сенат мажлисида Ўзбекистонда Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартириш киритишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳужжат Президент администрациясига киритилган. Қонун асосида фақатгина иккита узрли сабаб билан никоҳ ёшига етмаган ҳолда оила қуришга рухсат берилади. Яъни, ҳужжат билан фақатгина ҳомиладорлик ва бола туғилган ҳолларда никоҳга киришишни хоҳловчилар илтимосига кўра, туман ёки шаҳар ҳокимининг никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириш мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Мажлисда Дилноза Каттахонова Сенат ҳудудларда узрли сабаблар баҳонасида эрта никоҳга йўл қўйилаётгани ҳақида ҳукуматга тавсия берганини эслатди.
Янги тартиб билан фақатгина юқорида айтилган икки ҳолатда никоҳ ёшини тушириш мумкин бўлади. “Adliya +” ва “Myadliya.uz” платформалари орқали никоҳга онлайн ариза беришда 18 ёшга тўлмаган шахсга автоматик чеклов ўрнатилган. Фақатгина ҳоким қарори киритилгандан кейингина 18 ёшга тўлмаганлар никоҳга ариза топшириши керак бўлади, деди Бош вазир ўринбосари.
Дилноза Каттахонова сўзи давомида амалдаги қонунчиликда эрта никоҳ қурганлар, уларнинг ота-оналари ва никоҳ ўқиган диний соҳа вакилларига жазо чоралари белгилангани, янги қонун лойиҳасида эрта никоҳ сабабчиларига нисбатан жазо чораларини кучайтириш назарда тутилаётганини айтди.
“Биринчи марта эрта никоҳ қуришни тарғиб қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима қўллаш амалиёти йўлга қўйилмоқда”, деди қўмита раиси.
Мажлисда жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича хотин-қизлар фаоллари хабарлари асосида 348 та эрта никоҳнинг олди олингани айтилди.
Маълумот учун, амалдаги Оила кодексининг 15-моддасида бир неча узрли ҳолларда никоҳ ёшини бир йилгача қисқартириш мумкинлиги белгиланган.
“Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин”, дейилади моддада.
Эндиликда мазкур модданинг “вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация)” дейилган қисми кодексдан олиб ташланиши кутилмоқда.
Маданият
Жамият
Илм-фан
Илм-фан
Жаҳон
Жамият
78255
Жамият
56976
Жамият
56234
Жамият
51282
Жамият
//
Изоҳ йўқ