Жамият
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш-қўшимчалар киритиш кўзда тутилган қонун маъқулланди.
Мажлисда 2016–2025-йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости туннели аниқлангани, улар орқали катта миқдордаги товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни мамлакатга яширин олиб киришга уринишлар кузатилгани таъкидланди. Бу каби ҳолатлар давлат чегараси дахлсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва миллий манфаатларга жиддий таҳдид солиши қайд этилди.
Фарғона ва Андижон вилоятларида аниқланган туннеллар орқали 30 миллиард сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар, 137 турдаги товарлар, 3,7 миллион АҚШ доллари ҳамда 5 килограммдан ортиқ олтин ёмбилари мамлакатга ноқонуний равишда олиб кирилган.
Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар энди оддий контрабанда эмас, балки уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг хавфли кўринишидир. Бундай туннеллар орқали Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддалари, қурол-яроғ, портловчи моддалар, заҳарли кимёвий воситалар ва муомаласи тақиқланган бошқа ашёлар яширин олиб кирилиши, шунингдек, жиноят содир этган шахслар мамлакатдан қочиб кетиши ёки чет элдан ноқонуний равишда шахслар кириб келишига имконият яратиб беради. Бу эса бевосита давлат хавфсизлигига таҳдид ҳисобланади.
Шу туфайли Бош прокуратура томонидан Жиноят ва Жиноий-процессуал кодексларига Ўзбекистоннинг давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Қонун бешта моддадан иборат бўлиб, Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний туннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ана шундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
“Оддий қилиб айтганда, агар шахс чегарадан қонунга хилоф равишда ўтиш ёки товарларни яширин олиб ўтишда махсус қурилган туннелдан фойдаланса, у оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки хавфлироқ усулда жиноят содир этган ҳисобланади. Шунинг учун унга нисбатан қонун ҳам қаттиқроқ жавобгарлик чораларини қўллаш имкониятини беради”, деди сенатор.
Бунгача қонунчиликда айнан туннель қурганликнинг ўзи учун алоҳида жавобгарлик мавжуд эмас эди. Энди эса, фақат туннелдан фойдаланган шахс эмас, балки уни қурган, қурилишига кўмаклашган, маблағ ажратган ёки бу ишни ташкил қилган шахслар ҳам қонун олдида жавоб беради.
Қонунда инсонпарварлик тамойили ҳам сақлаб қолинмоқда. Хусусан, биринчи марта шундай қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний туннель ёки бошқа иншоот қурилгани ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол ёрдам берса ҳамда унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби мавжуд бўлмаса, у жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги ҳам белгиланмоқда.
Қутбиддин Бурхоновнинг сўзларига кўра, бу норма орқали давлат фақат жазолашни эмас, балки жиноятларни эртароқ аниқлаш ва уларнинг олдини олишни ҳам мақсад қилган. Чунки айрим ҳолларда жиноят ҳақида ўз вақтида берилган биргина хабар катта хавфнинг олдини олиш имкониятини беради.
Қонун билан Жиноий-процессуал кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилиб, давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний иншоотлар ёки туннеллар қуриш, улардан фойдаланиш ёки бундай фаолиятни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Мазкур турдаги жиноятлар давлат чегараси ва миллий хавфсизлик билан бевосита боғлиқ бўлгани учун, уларни тергов қилиш ваколатини айнан шу соҳада махсус ваколат ва тажрибага эга бўлган Давлат хавфсизлик хизмати органларига берилмоқда.
Сиёсат
Жамият
Маданият
Илм-фан
Сиёсат
Илм-фан
78271
Жамият
56981
Жамият
56239
Жамият
51289
Жамият
//
Изоҳ йўқ