Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳридаги тарихий уйни сақлаб қолиш бўйича Бош прокуратурага мурожаат юборди

Сақлаш
13:08 / 09.09.2026 63 0

Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри Бобур кўчасидаги 7-сонли уйни моддий маданий мерос объекти сифатида сақлаб қолиш масаласида Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

 

Мурожаатда агентлик Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2018 йил 30-октабрдаги 1550-сонли қарори қонунчилик талабларига, жумладан, маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка қай даражада мувофиқ эканига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган. Ушбу қарор билан уй жойлашган ер участкаси турар ва нотурар биноларни бузиш ҳамда кўп қаватли турар жой қуриш учун Универсал Паcкинг Мастерс компаниясига ажратилган.

 

Кейинчалик қурилиш ҳуқуқи Жемчуг Ҳоусе компаниясига ўтказилган. Аҳолининг аксар қисми бошқа жойга кўчирилган. Яқинда компания суд орқали уйда қолган сўнгги мулкдорни ҳам кўчиришни режалаштираётгани хабар қилинганди.

 

Ҳоким қарори 1936 йилда қурилган бино моддий маданий мерос объекти мақомига эга бўлмаган пайтда қабул қилинган. Бино 2007 йил августда бошқа ҳоким – Абдуқаҳҳор Тўхтаев томонидан моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг миллий рўйхатидан чиқарилган. Ўшанда жами 303 та бино рўйхатдан чиқарилган эди.

 

2021 йил бошида Тошкент туманлараро маъмурий суди Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 7-сонли уйни миллий рўйхатга қайта киритди.

 

Агар ҳокимнинг 2018 йил 30-октабрдаги 1550-сонли қарорини қабул қилишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, агентлик Бош прокуратурадан ушбу қарорни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўришни сўраган.

 

«Биз бу вазиятда барча ҳолатларга: бузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан тортиб, объектнинг бугунги мақомигача – холис ҳуқуқий баҳо берилиши принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг вазифамиз – ўтмишда қабул қилинган маъмурий қарорлар бугун маданий мерос объектининг йўқотилишига асос бўлиб қолишига йўл қўймаслик. Айнан шунинг учун агентлик Бош прокуратурага мурожаат қилди ва қонунда назарда тутилган чоралар кўрилишига умид қилмоқда», – дейди агентлик директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.

 

Мурожаатда, шунингдек, объектни сақлаб қолиш, уни бузиш, шикастлаш ёки унинг тарихий-маданий қимматига бошқа тарзда зарар етказишга йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўриш масаласи ҳам қўйилган.

 

«Барча ҳуқуқий масалалар ҳал этилгунига қадар объект давлат муҳофазасида бўлади ва унинг ҳолати доимий назорат қилиб борилади

 

Агентлик маданий мерос объектлари билан боғлиқ масалалар фақат қонун доирасида, уларнинг тарихий-маданий қиммати ҳамда келажак авлодлар учун сақлаб қолиш зарурати инобатга олинган ҳолда ҳал қилиниши керак, деган тамойилга амал қилади», – дея таъкидлаган агентлик.

 

Жорий йилда 7-сонли уйга унинг давлат муҳофазасида эканини билдирувчи лавҳа ўрнатилди. Бунга қадар, кўп йиллар давом этган баҳслар сабабли аҳолининг ўзи бино деворига «Маданий мерос объекти остидаги ер сотилмайди» деган ёзувларни жойлаштирган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

12:40 / 05.10.2026 0 18
Xotirani kuchaytirishning 10 usuli

//