Энди лицензияла бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Сақлаш
14:13 / 08.09.2026 75 0

Энди Ўзбекистонда лицензиялаш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

 

Қарор билан тасдиқланган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, хабардор қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳақида ваколатли органларга махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар беради.

 

Ушбу хабарда қуйидагилар кўрсатилади:

 

  • хабардор қилувчи фуқаронинг паспорт ёки ID картаси маълумотлари;

  • хабардор қилувчи юридик шахснинг номи ва СТИР;

  • хабардор қилувчининг телефон рақами;

  • хабардор қилувчининг банк картаси (ҳисобварағи);

  • ҳуқуқбузарлик тури;

  • ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳудуд;

  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган фото ёки видеоёзувлар (агар бўлса);

  • ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида тушунтириш.

     

Бундан ортиқ маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Юқоридаги маълумотлар ҳақиқийлиги тасдиқланмаса ёки бу ҳуқуқбузарлик ҳақида аввал хабар берилган бўлса, ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабар кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда тегишли асосларни кўрсатган ҳолда, ваколатли орган томонидан хабарни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида 3 иш кунида қарор қабул қилинади ва бу ҳақда хабардор қилувчига махсус электрон тизим орқали ёки унинг телефон рақамига  S хабарнома шаклида хабар юборилади.

 

Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:  

 

  • содир этилган ҳуқуқбузарлик;

  • ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

  • ҳуқуқбузарлик содир этилган санаси ва вақти.

     

Хабардор қилувчи томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани юзасидан берилган хабарлар ваколатли орган томонидан 10 иш куни давомида кўриб чиқилади.

 

Хабардор қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ўз тасдиғини топган ҳамда берилган хабарга асосан ваколатли орган ёки суднинг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори асосида айбдор шахсдан жарима ундирилган тақдирда, хабардор қилувчи ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти шаклида рағбатлантирилади. Бу пул мукофотини олиш ихтиёрий бўлиб, хабардор қилувчининг банк картасига (ҳисобварағига) ўтказиб берилади.

 

Ҳуқуқбузардан ундирилган жарималар ҳисобидан хабардор қилувчига пул мукофоти тўланганидан сўнг қолган маблағ қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.

 

Ушбу қарор 2026 йил 8 декабрдан бошлаб кучга киради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

12:40 / 05.10.2026 0 18
Xotirani kuchaytirishning 10 usuli

//