Илм-фан
Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ҳудудида илгари номаълум бўлган ва дастлабки маълумотларга кўра бронза даврига мансуб қабристон аниқланди.
Хабарга кўра, дафн иншоотларининг тузилиши алоҳида қизиқиш уйғотади. Ёдгорликда тошдан қурилган яшиксимон қабрлар (19 та қабр) қайд этилган бўлиб, уларда ғужанак ҳолда дафн этилган жасадлар аниқланган. Дафн этилганлар билан бирга турли хил дафн анжомлари, жумладан, бронза буюмлар ва мунчоқлар ҳам топилган.
.jpg)
Хоразм Маъмун академияси археологик экспедицияси дала тадқиқотлари давомида очилган мазкур мажмуа Хоразмнинг қадимги тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки дафн ёдгорликлари минтақанинг қадимги аҳолиси маданияти, дафн маросимлари, ижтимоий тасаввурлари ва турли ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги алоқалар ҳақида муҳим маълумотлар беради.
Дафн маросими ва топилмаларнинг айрим турларини дастлабки таҳлил қилиш натижалари Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзаси ҳудудларида аниқланган дафн иншоотлари билан муайян ўхшашликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Бундай параллелликлар илмий жиҳатдан алоҳида қизиқиш уйғотади ва бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ҳамда ўхшаш анъаналар мавжуд бўлганидан далолат бериши мумкин. Шу билан бирга, ёдгорликнинг хронологияси ва маданий мансублиги ҳақидаги якуний хулосалар археологик материалларни комплекс ўрганишдан сўнг чиқарилади.
.jpg)
Таъкидланишича, айни вақтда академия мутахассислари экспедиция давомида қўлга киритилган материалларни дастлабки қайта ишлаш ва ҳужжатлаштириш ишларини олиб боришмоқда. Келгусида дафн иншоотларини, антропологик материалларни ва дафн анжомларини батафсил ўрганиш, шунингдек, зарур лаборатория тадқиқотларини амалга ошириш режалаштирилган. Олинган натижалар ёдгорликнинг санасини аниқлаштириш ҳамда уни Хоразм ва унга туташ ҳудудлардаги бронза даври археологик маданиятлари тизимидаги ўрнини белгилаш имконини беради.
Жамият
Иқтисод
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
78409
Жамият
57082
Жамият
56349
Жамият
51399
Жамият
//
Изоҳ йўқ