Ўзбекистонда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабалар сони 16 мингга яқинлашди – Ҳиндистон ТИВ вакили

Сақлаш
15:50 / 02.09.2026 79 0

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўқиётган ҳиндистонлик талабалар сони 16 мингга яқинлашди. Улар асосан, тиббиёт йўналишларида таҳсил оляпти. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ғарбий йўналиш бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.


Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Модининг Тошкентдаги музокаралари якунида томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
 

Хусусан, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар, илмий лойиҳалар ҳамда икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида келишилди.

 

Сиби Жоржнинг қўшимча қилишича, Нарендра Моди Ўзбекистон томонига GIFT City ҳақида сўзлаб берган. Бу Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги махсус молиявий-технологик марказ бўлиб, мамлакат у ерга хорижий университетлар кампусларини жалб этишга интилмоқда.

 

«Эҳтимол, Ўзбекистон делегацияси бу масалани батафсилроқ ўрганиш учун Ҳиндистонга ташриф буюрар», – деган Ҳиндистон ТИВ вакили.


Тошкентда эса етакчи хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасаларининг филиаллари, ўқув кампуслари ва талабалар турар жойларини ўз ичига олган Халқаро университетлар шаҳарчасини барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Қатардаги Эдуcатион Cитй, Дубайдаги Халқаро академик шаҳарча ҳамда Инчхондаги Глобал кампус тажрибасини ўрганиш таклиф этилган.


Сиби Жоржнинг сўзларига кўра, таълим соҳасидаги алоқаларнинг кенгайиши янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши мумкин.

 

Ташриф чоғида Нарендра Моди, шунингдек, Тошкентда вафот этган Ҳиндистоннинг собиқ Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри вафотига 60 йил тўлиши муносабати билан унинг хотирасига ўзбекистонлик талабаларнинг ҳинд тилини ўрганиши учун унинг номидаги 100 та стипендия ажратилишини эълон қилди.


Бундан ташқари, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгашининг (ИCCР) санскрит кафедрасини очиш режалаштирилмоқда.


Ҳиндистон томони таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайишини икки мамлакатнинг стратегик дастурлари – «Ўзбекистон – 2030» ҳамда Ҳиндистоннинг 2047 йилга бориб ривожланган давлатга айланиш режалари билан боғлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//