Пойтахтдаги 12 та туманда йирик, интерактив ва замонавий кутубхоналар қурилади

Сақлаш
09:15 / 21.08.2026 104 0

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ЎзА ахборот агентлигига берган интервьюсида пойтахтдаги 12 та туманнинг ҳар бирида йирик, интерактив ва замонавий кутубхона қурилиши, уларга аллақачон жойлар белгилаб қўйилганини маълум қилди.

 

Унга кўра, марказий лойиҳа тарихан китоб савдосининг маркази бўлган, халқ орасида Мовий гумбазлар деб аталувчи ҳудудда амалга оширилади. Энди уни мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантириш режа қилинган. Қайд этилишича, жорий йилнинг июлида мажмуанинг тарихий қиёфасини тўлиқ тиклаш эълон қилинган бўлиб, мазкур лойиҳа китобхонлар ва жамоатчилик муҳокамаси билан амалга оширилади.

 

Ушбу режа президентнинг 2026 йил 29 июлдаги қарорида белгиланган бўлиб, ҳужжатда Яккасарой тумани Шароф Рашидов шоҳкўчасида жойлашган «Мовий гумбазлар» хиёбони ҳудудида «Китоб кўчаси»ни 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш тартибида ташкил этиш белгиланган. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга келтирган ҳолда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда очиқ майдонда турли хил тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Китоб ва китобхонлик эса шаҳар муҳитининг таркибий қисми сифатида қаралган.

 

«Буни инсоннинг одатий йўли орқали тушунтирсам, одам уйидан чиқади, ўз маҳалласида китобхонлик бурчагини кўради. Бундай бурчаклар эндиликда пойтахтдаги барча – 585 та маҳаллада босқичма-босқич ташкил этилади. Туман марказига борса, замонавий кутубхонага дуч келади», деди ҳоким.

 

Унинг таъкидлашича, мақсад – шунчаки китоб сақланадиган бино қуриш эмас, йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган ва ўзининг илмий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантира оладиган жамоат маконини яратиш. Ҳатто савдо мажмуасига кирганда ҳам, инсонлар китобдан узоқлашмаслигини, янги қурилаётган йирик савдо марказларида майдонига мос китоб дўкон очиши мажбурий талаб сифатида белгиланган.

 

У шунингдек, энг илғор мамлакатларда кутубхоналар шаҳарнинг энг севимли масканларидан бири бўлишини, ривожланишда янги босқичга чиқмоқчи эканмиз, пойтахтда ҳам кутубхоналар энг кўримли ва шинам масканларга айланиши шартлигини таъкидлади.

 

Инфратузилманинг ўзи етарли эмас, албатта – рағбат ҳам керак. Президентимиз бошлаб берган анъананинг давоми сифатида шаҳар миқёсида «Энг яхши китобхон» танловини жорий этамиз, дейди шаҳар ҳокими.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//