Айрим мактабларда лотин ёзувидаги замонавий бадиий адабиётлар етишмайди – Мониторинг таҳлили

Сақлаш
12:43 / 24.08.2026 82 0

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда «Юксалиш» ҳаракати ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари кутубхоналарининг жорий ҳолати, бадиий китоб фонди ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари тақдим этилди.

 

Мониторинг 250 та умумтаълим мактабини қамраб олган бўлиб, ўрганишлар шаҳар ва туман марказлари билан бирга олис қишлоқ ҳудудларида ҳам олиб борилган.

 

Маълум бўлишича, айрим ҳудудларда мактаб кутубхоналарини ривожлантиришга қаратилган самарали тажрибалар бор. Масалан, ўрганилган 29 та мактабда ҳар бир ўқувчига тўғри келадиган бадиий адабиётлар сони халқаро тавсияларда қайд этилган кўрсаткичдан юқори. Бироқ қолган 221 тасида, яъни ўрганилган мактабларнинг 88,4 фоизида ҳар бир ўқувчига тўғри келадиган китоблар сони халқаро тавсияларда белгиланган кўрсаткичдан паст. Баъзи мактабларда бадиий адабиётлар сони бир ўқувчига атиги 0,5–1 нусхадан тўғри келаётган бўлса, баъзи мактаб кутубхоналарининг жами китоб фонди 500 нусхага ҳам етмайди.

 

Ҳудудлар кесимида ҳам сезиларли фарқлар мавжуд. Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг айрим мактабларида бир ўқувчига 0,5 та, Самарқанд вилоятидаги айрим мактабларда 0,6 та, Тошкент шаҳрининг айрим мактабларида бўлса 0,7–0,8 та бадиий адабиёт тўғри келмоқда.

 

Шунингдек, айрим мактабларда лотин ёзувидаги замонавий бадиий адабиётлар етишмайди. Бу эса бугунги кунда лотин графикаси асосида таълим олаётган ўқувчилар учун мавжуд китоб фондидан самарали фойдаланишни қийинлаштирмоқда.

 

Мониторинг китоб фондларини янгилаш масаласида ҳам тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

 

Ўрганилган 62 та мактабда, яъни 25 фоизида китоб фондининг 30 фоиздан 75 фоизгача қисми эскирган. Яна 34 та мактабда мавжуд китобларнинг 5 фоиздан 30 фоизгача қисми фойдаланишга яроқсиз ҳолатда сақланаётгани аниқланган.

 

Айрим ҳудудлардаги мактабларда китоб фондининг эскириш даражаси 50–75 фоизгача етган.

 

Мониторинг давомида давлат дастурларида кўзда тутилган адабиётлар билан таъминлаш масаласи ҳам ўрганилди. Натижаларга кўра, 207 та мактабда ўзбек адабиётининг рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган асарлари мавжуд эмаслиги қайд этилган.

 

Шунингдек, 2025 йилда нашр этилган «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» 50 жилдлик тўплами 64 та мактаб кутубхонасида мавжуд эмаслиги аниқланган.

 

Бундан ташқари, 250 та мактабнинг 90 тасида, яъни 36 фоизида алоҳида ўқув зали мавжуд эмас. Шундан 30 та мактабда ўқув зали умуман ташкил этилмаган, 60 та мактабда эса синфхона, китоб омбори ёки кутубхонанинг бир қисми ўқув зали сифатида мослаштирилган.

 

Айрим ҳолатларда кутубхона ва ўқув залларидан китоб сақлаш омбори сифатида фойдаланилаётгани, мебель ва китоб жавонлари эскиргани, хоналарнинг ёритилиши талаб даражасида эмаслиги ҳам кузатилган.

 

Яна бир муаммо – 82 та мактабда, яъни 32,8 фоизида кутубхоналарда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун етарли шароит яратилмаган. Айрим кутубхоналарда компьютер ёки интернет мавжуд эмас, айримларида мавжуд техника эскирган, китоблар ҳисоби ва каталоглар эса ҳануз қоғоз шаклида юритилмоқда.

 

Баъзи мактаб кутубхоналарида компьютер мавжуд бўлса-да, у интернет тармоғига уланмаган ёки кутубхона эҳтиёжидан бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Айрим ҳудудларда эса кутубхоначилар иш жараёнида шахсий ноутбукларидан фойдаланишга мажбур бўлаётгани қайд этилган.

 

Шу қаторда, 112 та мактабда, яъни 44,8 фоизида кутубхоначилик фаолиятини бошқа мутахассислик эгалари олиб бораётгани маълум бўлган. Улар орасида бошланғич синф ўқитувчилари, технология ва фан ўқитувчилари, иқтисодчилар, бухгалтерлар, психологлар ва бошқа соҳа вакиллари бор.

 

Айрим мактабларда эса кутубхоначилар иш вақтининг катта қисмини ижара дарсликларини қабул қилиш, саралаш, тарқатиш ва ҳисобини юритиш каби уларнинг асосий вазифаларидан ташқари ишларга сарфлаётгани ойдинлашган.

 

Жамоатчилик мониторинги натижаларидан келиб чиқиб, эндиликда мактаб кутубхоналарини ривожлантириш бўйича қатор амалий таклиф ва тавсиялар илгари сурилмоқда. Хусусан, булар:

▪️ барча мактаб кутубхоналарининг китоб фондини тўлиқ инвентаризатсиядан ўтказиш;

▪️ фондларни болаларнинг ёши ва психологик хусусиятларини ҳисобга олган замонавий бадиий ва болалар адабиётлари билан мунтазам бойитиш;

▪️ лотин ёзувидаги янги нашрлар улушини ошириш кабилар.

 

Янги бадиий адабиётлар харид қилиш ва замонавий кутубхона инфратузилмасини яратишга маҳаллий бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағларни йўналтириш механизмини такомиллаштириш, «Ташаббусли бюджет» дастурида мактаб кутубхоналарини модернизатсия қилиш ва янги китоблар харид қилиш учун алоҳида лойиҳа йўналишини жорий этиш ҳам таклиф қилинди.

 

Эскирган ва фойдаланишга яроқсиз китобларни ҳисобдан чиқариш тартибини соддалаштириш, мактаб кутубхоналари ва ўқув заллари учун замонавий талабларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

 

Кутубхоналарни босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш, «Ақлли кутубхона» экотизимига ўтиш, ягона электрон каталог, ID-карталар, электрон китоблар ва рақамли ўқув ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш кераклиги айтилди.

 

Кутубхона соҳаси бўйича махсус маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун қисқа муддатли қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ҳамда кутубхоначиларни уларнинг лавозим вазифаларига кирмайдиган ортиқча техник ва маъмурий ишларга жалб қилишни чеклаш зарурлиги билдирилди.

 

Муҳокама якунида мониторинг натижалари асосида ишлаб чиқилган тавсиялар тегишли ташкилотларга тақдим этилиши белгиланди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//