«Ташаббусли бюджет»га овоз тўплаш жараёнида фирибгарлик ҳолатлари кузатилмоқда

Сақлаш
10:53 / 24.08.2026 80 0

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Telegram ботлари орқали «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этиш ҳолатлари кенг тарқалиб, турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, ваъда қилинган маблағлар берилмаётгани бўйича фуқаролар томонидан вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

 

Мазкур ҳолатда учинчи шахслар лойиҳаларга овоз тўплаш мақсадида пул маблағлари ёки моддий қийматликлар ваъда қилган ҳолда фуқаролардан овоз тўплаб, кейинчалик мукофотларни бермаяпти.

 

Вазирлик ўз хабарида, амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов талаб этилмаслиги билан бир қаторда ҳеч қандай моддий рағбатлантиришлар ҳам назарда тутилмаганини эслатиб ўтди.

 

«Мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беринг. Шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга тақдим этманг. Фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг», дейилади хабарда.

 

Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш фақатгина «Очиқ бюджет» ахборот портали, порталнинг Android ва iOS тизимларида ишловчи мобил иловалари ҳамда Телеграмдаги расмий бот орқали амалга оширилади.

 

Овоз бериш жараёни 31 август куни соат 23:59 га қадар давом этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//