«Ўзбекфильм»нинг 1 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ва 22,9 млн евро кредити борлиги маълум қилинди

Сақлаш
12:00 / 21.08.2026 80 0

«Ўзбекфильм»нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти, 1 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ва шунингдек, ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шакллангани маълум қилинди. Бу ва қатор муаммолар ҳақида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов «Ўзбекфильм»ни асраш — энг муҳим вазифа номли пости остида хабар берди.

 

Жаҳонгир Аҳмедов юқоридаги молиявий муаммолар ҳали ҳаммаси эмаслигини билдириб, барчасини бирма-бир санаб ўтиришни лозим топмаганини қайд этиб, ҳозир ҳал қилиниши керак бўлган энг муҳим масала – «Ўзбекфильм»ни асраш ва уни гаровдан халос қилиш эканини таъкидлаган.

 

Унга кўра, студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари 22,9 миллион евро миқдоридаги кредит учун гаровга қўйилган. Солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, киностудия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи ҳам бор.

 

Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган. Қайд этилишича, киностудия амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолгани туфайли бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб қололмайди. Студияда бизнес модели йўқ ва у бозор механизмига тўлиқ ўтмаган.

 

Аҳмедов бу рақамлар ортида бир асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турганини таъкидлаган.

 

««Ўзбекфильм»да не-не буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва кино мутахассислари ўз йўлини бошлаган. Халқимиз бугун ҳам севиб томоша қиладиган кўплаб фильмлар шу ерда яратилган», деб ёзади Кинематография агентлиги директори .

 

Аҳмедов бу вазифа – студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас, уни тубдан ислоҳ қилиш кераклигини, молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, кучли ижодий жамоаларни бирлаштирадиган, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган, ўз маҳсулоти билан бозорга чиқадиган ҳақиқий миллий кино компанияси барпо этиш заруратини қайд этган.

 

«Ўзбекфильм» – оддий киностудия эмас. У – ўзбек киноси тарихи. Ва энди у ўзбек киноси келажагининг ҳам таянчи бўлиши керак, дея хабарга якун ясалади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//