Пойтахт ҳокимлиги дизайн-код жорий этишда айрим хатоларга йўл қўйилганини тан олди

Сақлаш
11:17 / 21.08.2026 66 0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт дизайн-кодини жорий этиш борасидаги ёндашув билдирилган фикрлар асосида қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Ҳокимлик шунингдек, тадбиркорлар манфаатлари устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

 

Қайд этилишича, билдирилган конструктив, жумладан, танқидий фикр-мулоҳазалардан сўнг шаҳар кўчалари қиёфасидаги ўзгаришларни ёритиш ва тадбиркорларга дизайн-код талабларини тушунтиришга доир ёндашув қайта кўриб чиқилган. Бунда асосий эътибор очиқ мулоқотга, маълумотларни тушунарли тарзда етказишга ва юзага келадиган масалаларни индивидуал тартибда кўриб чиқишга қаратилган.

 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 11 майидан 26 июлига қадар дизайн-кодни жорий этиш ишлари пойтахтнинг 56 та кўчасидаги 3 228 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган. Ўзгаришлар бевосита таъсир кўрсатган тадбиркорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда сўровнома ўтказди.

 

Тескари алоқа натижалари айрим ҳолларда талаблар, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажариладиган ишлар кетма-кетлиги ўз вақтида ва етарлича тушунарли тарзда изоҳланмаганини кўрсатган. Ҳокимлик бу эътирозларни ўринли деб топиб, келгуси ишларда инобатга олишини маълум қилган.

 

Ҳозирга қадар 509 нафар тадбиркор ўз биноси фасадини янгилаб, яна 2 627 нафари бу борадаги ишларни якунламоқда. Қолган масалалар туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда индивидуал тарзда кўриб чиқилиш қайд этилган.

 

«Вазифамиз – шунчаки фасадларни ягона талабларга мослаштириш эмас, балки бу жараённи тадбиркорлар учун тушунарли ва адолатли ташкил этишдир. Дизайн-код бизнес учун асоссиз қийинчиликлар яратмасдан, пойтахтимиз қиёфасини яхшилаши лозим», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//