Урганч–Хива пулли йўлида йўл ҳақи қанча бўлиши маълум қилинди

Сақлаш
17:45 / 20.08.2026 83 0

Урганч–Хива пулли йўлида енгил автомобиллар учун йўл ҳақи 25 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

 

Маълумот берилишича, енгил автомобиль (М1) учун Хивадан Урганчгача ва орқага тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Узунлиги 28 км бўлган қисқа йўналиш – “Туркманли” маҳалласидан Хивагача бўлган йўл мавжуд. Унинг нархи 20 минг сўм.

 

Оғирлиги 3,5 тоннагача бўлган енгил юк автомобиллари (N1), 8 нафардан ортиқ йўловчига мўлжалланган автобуслар (М2/М3) ва оғирлиги 3,5−12 тонна бўлган ўрта юк автомобиллари (N2) учун тўлиқ йўналиш нархи 40 минг сўм, қисқа йўналиш эса 25 минг сўм этиб белгиланган.

 

Йўл ҳақи автомобилларни тўхтатмасдан электрон шаклда ундирилади. Транспорт оқими ва тўлов тизими сунъий интеллект асосидаги рақамли ечимлар орқали бошқарилади.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобиль йўли – Урганчдан Хивага олиб борувчи трасса бўйича йўл ҳақи тўлаш тизими ҳозирда синов режимида ишламоқда ва 25 августдан тўлиқ ишга тушади. Мобил илова Google Play ва App Store’да мавжуд бўлади.

 

Сайт орқали йўл ҳолати, тирбандликлар, тахминий ҳаракатланиш вақти ҳамда об-ҳаво шароитлари ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин бўлади. Сайтда электрон ҳамён мавжуд бўлиб, уни DEVHUB компанияси ишлаб чиққан VIA учинчи томон хизмати орқали ёки банк картасини улаш орқали тўлдириш мумкин. Йўл ҳақини қўлда тўлаш ёки ҳар бир қатновдан сўнг маблағни балансдан автоматик ечиб олиш функциясини ёқиш мумкин.

 

Шунингдек, сайтга давлат рақами, тоифаси, ишлаб чиқарувчиси, русуми ва ранги кўрсатилган ҳолда транспорт воситасини қўшиш мумкин.

 

Йўл белгиларига кўра, пулли трассада максимал тезлик 150 км соат (қайрилишларда эса 130 км соат), минимал тезлик эса 40 км соат этиб белгиланган.

 

Йўлда пиёдалар, мопедлар, от аравалар ҳамда тиркамали транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган. Шунингдек, қайрилиб олиш ва тўхташ ҳам тақиқланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//