Доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар вақтинча бошпана билан таъминланади

Сақлаш
11:34 / 20.08.2026 65 0

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинча бошпана ва ижтимоий хизматлар билан таъминлашнинг ягона тартиби белгиланди.

 

Энди бундай шахслар вақтинча бошпана ва ижтимоий мослашув марказларига жойлаштирилади. Марказларга фуқароларнинг ўзи мурожаат қилиши, маҳалла, ички ишлар органлари ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан аниқланган шахслар тўғрисида маълумот тақдим этилиши мумкин.

 

Марказларда шахсларга вақтинча бошпана ва маиший шароит яратиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур ҳолларда даволанишга йўналтириш, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни расмийлаштиришга кўмаклашиш кўзда тутилган.

 

Шунингдек, паспорт ёки ИД-карта каби ҳужжатларни тиклаш, қариндошларини аниқлаш, ишга жойлашиш ва айрим ҳолларда уй-жой масаласини ҳал этишга кўмак бериш ҳам назарда тутилади.

 

Шахслар марказга жойлаштирилгач, уларнинг маълумотлари тегишли ахборот тизимларига киритилади. Ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан шахснинг ҳолати ўрганилиб, зарур ёрдам чораларини ўз ичига олган индивидуал ижтимоий мослашув режаси ишлаб чиқилади.

 

Қарорда марказда қолиш муддатлари ҳам белгиланган. Дастлаб шахс 20 кунгача муддатга жойлаштирилиши мумкин. Заруратга қараб, қонунчиликда белгиланган тартибда унинг марказда қолиш муддати узайтирилади.

 

Шунингдек, шахсларни ижтимоий мослаштириш жараёнини мониторинг қилиш, амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни шакллантириш ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини белгилаш механизмлари жорий этилади.

 

Мазкур тартиб муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни аниқлашдан бошлаб, уларни вақтинча жойлаштириш, зарур ижтимоий ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда мустақил ҳаётга қайтишига кўмаклашиш жараёнларини ягона тизим асосида ташкил этишга қаратилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//