Мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича минтақавий марказ ташкил этилади

Сақлаш
09:25 / 20.08.2026 63 0

Тошкент шаҳрида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги қарорида белгилаб берилган.

 

Қайд этилишича, марказ Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси 64-уй манзилида жойлашади. У юридик шахс мақомига эга бўлмаган Мактабгача таълимни ривожлантириш институти таркибидаги марказ сифатида фаолият юритади.

 

Марказнинг асосий вазифаларидан бири мактабгача таълим соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўлади. Шунингдек, ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг мактабгача таълим дастурлари ва усуллари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, болаларни эрта ривожлантиришга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда илғор тажрибаларни ўрганиш кўзда тутилган.

 

Марказ 2025 йил 30 октябрь–13 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Тошкент шаҳрида мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда келгусида ЮНЕСКО шафелигидаги II тоифали институт мақомини бериш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида ташкил этилмоқда.

 

Марказ мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларни қайта тайёрлашда янги ёндашувлар бўйича таклифлар ишлаб чиқади, халқаро тренинг, семинар ва конференциялар ташкил этади.

 

Унинг фаолияти учун 16 та бошқарув штат бирлиги ажратилади, уни мувофиқлаштириш учун Бошқарув кенгаши ташкил этилади, марказга эса Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

 

Марказ фаолияти билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда республика бюджетининг биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиси сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2027 йилдан эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//